Кредит учун очилган фирма: жавобгарлик кимнинг зиммасида?
Кредит олиш илинжида фирма очиш ёки ЭРИ калитини воситачига ишониб топшириш йиллар давом этадиган молиявий ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин. Воситачи пулни олиб кетади, жавобгарлик эса сизнинг зиммангизда қолади.
Иқтисодиёт
24.10.2026, 19:02
Улашиш:
Paradigma Experts бу Paradigma.uz тахририяти ташкил этган навбатдаги лойхада собиқ банк мутахассиси, ҳозирда молиявий саводхонлик бўйича блог юритаётган эксперт Жалолиддин Ибодов профессионал бухгалтер ва солиқ маслаҳатчиси Отабек Эргашев билан номинал директорлик, кредит учун очилган фирмалар ва улардан келиб чиқадиган хавфларни муҳокама қилди.
Кредит ортидан 9,5 миллиард сўмлик хавф
Отабек Эргашев келтирган мисоллардан бирида фирма 20 миллиард сўм кредит олган. Маблағ айланма учун ажратилган бўлса-да, бошқа корхонага ўтказилиб, у ерда нақдлаштирилган. Кейинчалик операцияни ҳужжатлар билан асослаш учун гўёки товар етказиб берилгани расмийлаштирилган. Бухгалтерияда товар мавжуд, аммо амалда омборда йўқ.
Текширув вақтида товар топилмаса, корхона қўшимча солиқ мажбуриятларига дуч келиши мумкин. Кредитнинг учинчи шахслар томонидан қайтарилгани ҳам алоҳида солиқ хавфини юзага келтирган. Эксперт ҳисоб-китобига кўра, мазкур ҳолатда умумий солиқ хавфи 9,5 миллиард сўмга яқинлашган.
Бу мисол кредит учун очилган фирма кейинчалик фаолиятсиз қолса ҳам, унинг мажбуриятлари йўқолмаслигини кўрсатади.
ЭРИ калитини бегоналарга бериш қандай хавф туғдиради?
Электрон рақамли имзо калити (ЭРИ)ни таниш ёки воситачига Telegram орқали юбориш корхона эгасини жиддий хавф остида қолдириши мумкин. Чунки ЭРИ солиқ ҳисоботлари, электрон ҳисобварақ-фактуралар, божхона ва статистика тизимларида турли операцияларни амалга ошириш учун ишлатилади.
Эргашевнинг айтишича, бир неча йил фаолият юритмаган фирма эгаси ЭРИ калитини бухгалтерга берганидан сўнг, бир ой ичида корхона номидан 2 миллиард сўмлик айланма амалга оширилган ва солиқ ҳисобланган. Фирма эгаси бу операциялардан бехабар бўлганини билдирса-да, бу ҳолат унинг зиммасидаги мажбуриятларни автоматик равишда бекор қилмаган.
Шу сабабли эксперт ЭРИ калитларини бегоналарга бермаслик, уларнинг сақланиши ва ишлатилишини назорат қилишни тавсия қилади.
Номинал директор ҳам жавобгарликдан қочолмаслиги мумкин
МЧЖ таъсисчиси корхона қарзлари учун ҳар қандай вазиятда фақат устав фонди доирасида жавоб беради, деган қараш баъзан нотўғри талқин қилинади. Эксперт тушунтиришича, табиий банкротлик билан қасддан уюштирилган банкротлик ўртасида фарқ бор.
Жиноят иши доирасида қасддан банкротлик аниқланса, қонунчиликдаги шартларга қараб таъсисчилар ва директорларнинг шахсий жавобгарлиги масаласи ҳам кўтарилиши мумкин. Масалан, 10 миллион сўмлик устав фондига эга фирма 10 миллиард сўм кредит олган бўлса, жавобгарлик ҳар қандай ҳолатда ҳам 10 миллион сўм билан чекланади, деб бўлмайди.
Директор корхона фаолиятини юритиш, ҳисоботларни ўз вақтида топшириш ва операцияларни тўғри расмийлаштириш билан боғлиқ мажбуриятларга эга. «Мен билмагандим» ёки «Менга бошқача тушунтиришган» деган важлар эса жавобгарликдан озод қилмайди.
Халқ орасида «шолғом директор» деб аталадиган номинал раҳбарлар кўпинча воситачиларнинг ваъдаларга ишонади. Бироқ муаммо юзага келганда, воситачи четга чиқади, жавобгарлик эса ҳужжатларга имзо қўйган шахснинг зиммасида қолади. Амалиётда ҳужжатларда номи кўринмаган, лекин схемада қатнашган шахслар ҳам терговга чақирилган ҳолатлар кузатилган.
«Ухлаб ётган фирма» ҳам ҳисобот топшириши керак
Кредит олгач, корхонани фаолиятсиз қолдириш барча мажбуриятлардан қутулиш дегани эмас. Кредит қарзи ва фоизлари ҳисобда акс этиши, корхонанинг солиқ ҳамда бошқа ҳисобот мажбуриятлари эса унинг фаолияти ва қўлланиладиган тартибларга қараб давом этиши мумкин.
Эргашевнинг тушунтиришича, айланмадан олинадиган солиқ ва иш ҳақи бўйича ҳисоботлар ҳар ой, статистика ҳисоботлари эса корхона ҳажми ва тегишли талабларга қараб топширилади.
Солиқ идорасидан келган хатларга эътиборсиз қараш ҳам хавфли. Солиқ кабинетига юборилган хат ўқилган-ўқилмаганидан қатъи назар, уч кундан кейин етказилган ҳисобланади. Баъзан камерал текширув талабномасига жавоб бермаслик банк ҳисобварақларининг блокланишига ёки тўлиқ солиқ аудити бошланишига олиб келади.
Нақд пул, қарз ва валюта операцияларидаги хавфлар
Эксперт бир нечта муҳим солиқ ҳисоб-китобларини келтирди. Уларнинг қўлланиши муайян вазият, ҳужжатлар ва қонунчилик талабларига боғлиқ.
Нақд ечилган ва қайтарилмаган маблағ. Эргашев Солиқ кодексининг 377-моддасига таянган ҳолда, бундай пул жисмоний шахснинг бошқа даромади сифатида талқин қилиниши мумкинлигини айтди. Унинг ҳисобига кўра, 1 миллиард сўм учун 120 миллион сўм даромад солиғи ва текширувда аниқланган тақдирда қўшимча 20 фоиз жарима хавфи мавжуд.
Директорга берилган қарз. Қарзни ёзма шартнома билан расмийлаштириш жуда муҳим. 21 августдан қарз шартномаларини солиқ органларида электрон рўйхатдан ўтказиш мажбурий бўлган. Рўйхатдан ўтмаган қарз операцияси текширувда даромад сифатида баҳоланиши мумкин.
Ҳужжатда бор, омборда йўқ. Бундай ҳолатда товар сотилган деб талқин қилиниши ва эксперт ҳисобига кўра, 12 фоиз ҚҚС, 15 фоиз фойда солиғи ҳамда 20 фоиз жарима қўлланиши мумкин.
Кредитни учинчи шахс қайтариши. Бундай тўлов корхона даромади сифатида талқин қилиниши, Солиқ кодексининг 299-моддаси доирасида 15 фоиз фойда солиғи ёки 4 фоиз айланма солиғи хавфи юзага келиши мумкин.
Импорт учун ўтказилган, аммо товари келмаган валюта. Эргашев тушунтиришича, 180 кундан кейин муддати ўтган дебиторлик қарзи билан боғлиқ жавобгарлик юзага келиши эҳтимоли мавжуд. У жарималар босқичма-босқич 5, 10 ва 35 фоизни, жами ўтказилган сумманинг 50 фоизини ташкил этишини таъкидлайди. Экспертнинг айтишича, президент қарорларига мувофиқ, 2026 йил охиригача бундай жарималар қўлланмаяпти, кейинчалик эса назорат кучайиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, касса аппаратини ўрнатмаслик, солиқ тизимига уламаслик ёки чек бермаслик учун 5 миллиондан 20 миллион сўмгача жарималар белгиланганини ҳам қайд этди.
Воситачи пулини олади, мажбурият эса фирма эгасида қолади
Кредит олиб берувчи воситачилар одатда хизмат учун кредит суммасининг 5–10 фоизи миқдорида комиссия олади. Улар фирма очиш ва кредит олиш жараёнида ёрдам бергач, бошқа мижозга ўтади. Кейинчалик юзага келадиган солиқ, банк ёки ҳуқуқий муаммолар эса ҳужжатларда кўрсатилган директор ва таъсисчиларнинг зиммасида қолиши мумкин.
Шунинг учун воситачининг «ҳаммасини ўзимиз ҳал қиламиз» деган ваъдаси етарли кафолат эмас. Кредит шартномаси, ЭРИ калити ва пул ҳаракати учун ким жавоб беришини олдиндан билиш зарур.
Муаммони камайтириш учун нима қилиш керак?
Эргашев номига фирма очилган ёки кредит расмийлаштирилган шахсларга қуйидаги чораларни тавсия қилади:
- Номингиздаги фирмаларни аниқланг. Давлат электрон хизматлари орқали таъсисчи ёки директор сифатида кўрсатилган корхоналарни текширинг.
- ЭРИ калитларини назоратга олинг. Бошқаларга берилган калитларни бекор қилиш ёки нофаол ҳолатга келтириш, зарур бўлса, янги калит олиш чораларини кўринг.
- Банк кўчирмаларини олинг. Барча ҳисобварақлардаги кирим-чиқимларни, нақд ечилган ва бошқа шахсларга ўтказилган пулларни аниқланг.
- Пул ҳаракатларини ҳужжатлаштиринг. Маблағлар бўйича мавжуд ҳужжатларни тикланг, қарз муносабатларини қонуний расмийлаштиринг ва имкониятга қараб маблағни корхона ҳисобига қайтаринг.
- Кредитни корхона ҳисобидан тўланг. Баъзи ҳолларда учинчи шахсларнинг тўловлари қўшимча солиқ саволларини келтириб чиқаради.
- Мажбуриятлар ёпилгач, корхонани тугатинг. Экспертнинг айтишича, ихтиёрий тугатиш камида уч ой, мураккаб ҳолатларда эса олти ойдан бир йилгача давом этади.
- Ҳамкорларни текширинг. Йирик пул ўтказмаларидан олдин контрагентнинг ишлаб чиқариш базаси, хомашёси ва аввалги битимларини ўрганинг.
- Солиқ кабинетини мунтазам текширинг. Келган талабномаларга белгиланган муддатларда жавоб беринг.
Тайёр фирма сотиб олиш ҳам хавф туғдириши мумкин. Экспертнинг таъкидлашича, солиқ даъво муддати уч йил бўлгани сабабли аввалги даврлардаги операцияларни ҳам синчиклаб текшириш керак.
Кредитнинг ўзи эмас, ундан фойдаланиш тартиби муҳим
Реал импорт учун валюта кредити олиш ва хорижий ҳамкорга тўлов ўтказиш одатий бизнес амалиётидир. Йиллик даромади 10 миллиард сўмгача бўлган кичик бизнес субъектлари учун 3 йиллик солиқ текширувлари мораторийси эълон қилинган, бироқ жиноят ишлари бундан мустасно. Солиқ хавфлари автоматлаштирилган тизимлар орқали ҳам таҳлил қилинади.
Корхона фаолиятидаги номутаносибликлар — масалан, бир хонали квартирада рўйхатдан ўтган фирма омборида 200 миллион сўмлик товар мавжудлиги ёки 15 миллиард сўмлик савдо қилувчи корхонада икки ходимга атиги 2 миллион сўмдан иш ҳақи ҳисобланиши — қўшимча саволлар туғдириши мумкин.
Асосий хулоса шуки, фирма фақат кредит олиш воситаси эмас. У ҳисоботлари, қарзлари ва ҳуқуқий мажбуриятларига эга мустақил субъектдир. ЭРИ калитини бегоналарга бериш, кредит пулини ҳужжатларсиз нақдлаштириш ёки воситачининг ваъдаларга кўр-кўрона ишониш солиқ ва жиноий жавобгарлик хавфини оширади.
Эслатма: мақоладаги қонун моддалари, ставкалар, жарималар ва бошқа ҳуқуқий изоҳлар подкаст иштирокчисининг баёнига асосланган. Уларнинг амалдаги қонунчиликка мувофиқлигини алоҳида текшириш, муайян вазият бўйича эса малакали бухгалтер ёки ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашиш лозим.
«Paradigma Experts» Paradigma Media’нинг тажрибали мутахассислар билан ҳамкорликдаги рукни. Унда ҳар бир йўналишни ўз соҳасида ишлаётган эксперт олиб боради, мавзулар эса назарий эмас, кундалик ҳаётда учрайдиган аниқ вазиятлар асосида танланади. Рукн тўрт йўналишни қамраб олади:
1) Оила ва болалар саломатлиги;
2) Молиявий саводхонлик;
3) Геосиёсат ва тахлил;
4) Жамият ва инсон ҳуқуқлари.
«Молиявий саводхонлик» йўналиши экспертимиз Жалолиддин Ибодов бошчилигида давом этади. Кейинги сонларда кредит, солиқ, банк хизматлари ва шахсий молия бўйича амалий мавзулар муҳокама қилинади. Барча сонлар Paradigma’нинг YouTube каналида «Paradigma Experts: Moliyaviy savodxonlik» плейлистида жамланади. Сизни қизиқтирган саволларни видео остидаги изоҳларда қолдиринг: улар кейинги сонлар мавзусини белгилашда инобатга олиниши мумкин.
Рус тилидаги аудитория учун эса «Оила ва болалар саломатлиги» йўналиши доирасида «Здоровый подкаст» чиқа бошлади. Уни ортодонт шифокор Дилфуза Каримова олиб боради, меҳмонлар эса ўз соҳасининг етакчи мутахассислари — тажрибали шифокорлар. Подкаст Paradigma’нинг рус тилидаги @paradigma_na_russkom YouTube каналида ўзбекча субтитрлар билан эълон қилинмоқда.
мавзуга оид янгиликлар

Ўзбекистонда кимлар дахлсизлик ва иммунитетга эга?
Ўзбекистон
17.10.2026, 14:01

«Диний экстремизм» атамаси қонунчиликдан чиқарилади – Сенат
Ўзбекистон
13.08.2026, 15:49

Ўзбекистонда коррупция энг кўп қайси соҳаларда учрайди?
Ўзбекистон
10.08.2026, 14:03
машҳур янгиликлар

Ўзбек алифбосидаги тўрт ҳарф ўзгарди
Таълим
21.10.2026, 14:48

Хитой футболининг қулаши
Спорт
04.11.2026, 14:44

Ўзбекистонда онлайн харидорларнинг 70 фоизи ишлатилган товар сотиб олган
Ўзбекистон
04.11.2026, 11:45

Ўзбекистонда кимлар дахлсизлик ва иммунитетга эга?
Ўзбекистон
17.10.2026, 14:01

Ҳиндистонда йигит AI ёрдамида ўзини ўғирлатди
Жаҳон
02.11.2026, 11:04

Таиланд ўзбекистонликлар учун визасиз режимни қайтарадими?
Ўзбекистон
28.10.2026, 12:16
сўнгги янгиликлар

Яманда қамал сабаб касалликлар тарқалмоқда
Жаҳон
14.11.2026, 14:21

Женсен Хуанг Nvidia’дан кетди: компанияни энди ким бошқаради?
Жаҳон
14.11.2026, 13:19

Уч буюк давлат раҳбари Хитойда учрашади
Жаҳон
14.11.2026, 10:05

АҚШда 2026 йилда депортация ва ҳибсга олишлар сони рекордга етди
Жаҳон
13.11.2026, 14:50

Тошкентда автомобилларни эвакуация қилиш тартиби ўзгардими?
Ўзбекистон
13.11.2026, 12:32

Ўзбекистонда илк бор жорий этилган сунъий музлик – “Ice Stupa” қандай технология?
Ўзбекистон
13.11.2026, 12:12

Ҳормуздаги ҳужумлар нефть қазиб олиш ҳажмига таъсир этдими?
Иқтисодиёт
13.11.2026, 09:04

«Ғазоликларнинг аҳволи оғир»: Люис Ҳемилтон Исроилга мурожаат қилди
Жаҳон
12.11.2026, 16:42

Толибон эркак шифокорларнинг аёлларни даволашини чекламоқда
Жаҳон
12.11.2026, 15:46

Ғазода ҳарорат совимоқда, гуманитар ёрдам эса киролмаяпти
Жаҳон
12.11.2026, 12:36

«Demokrat.uz» раҳбари ва блогерга суд ҳукми ўқилди
Ўзбекистон
12.11.2026, 12:27

Янги Тошкентда ҳокимлик очилади: шаҳарда қайси идоралар иш бошлайди?
Ўзбекистон
12.11.2026, 11:08

Аэропортдаги телефонлар можароси: Сохта IMEI рақамлари
Ўзбекистон
12.11.2026, 10:51

Феруза Норматовага нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Ўзбекистон
12.11.2026, 10:35

Феруза Норматовага нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Ўзбекистон
12.11.2026, 10:35

Қозоғистонга алоқадор хакерлар Тожикистон ва Ўзбекистон давлат тизимларига ҳужум уюштирди
Жаҳон
12.11.2026, 10:18

Қозоғистонда «Кулпаш» ва «Айтматов» фильмлари намойиши қолдирилди
Маданий
11.11.2026, 15:53

Сурхондарёда 5,3 килограмм опий савдоси олди олинди
Ўзбекистон
11.11.2026, 15:04

Россияда мигрантлар содир этган жиноятлар 40 фоизга камайди
Жаҳон
11.11.2026, 12:17

GTL лойиҳаси кутилган натижани бердими?
Ўзбекистон
11.11.2026, 12:06
машҳур янгиликлар

Ўзбек алифбосидаги тўрт ҳарф ўзгарди
Таълим
21.10.2026, 14:48

Хитой футболининг қулаши
Спорт
04.11.2026, 14:44

Ўзбекистонда онлайн харидорларнинг 70 фоизи ишлатилган товар сотиб олган
Ўзбекистон
04.11.2026, 11:45

Ўзбекистонда кимлар дахлсизлик ва иммунитетга эга?
Ўзбекистон
17.10.2026, 14:01

Ҳиндистонда йигит AI ёрдамида ўзини ўғирлатди
Жаҳон
02.11.2026, 11:04

Таиланд ўзбекистонликлар учун визасиз режимни қайтарадими?
Ўзбекистон
28.10.2026, 12:16
