Насия қулай харидми ёки ортиқча қарз?
Насия савдоси Ўзбекистонда тез суръатларда ривожланмоқда. Бироқ маҳсулотни ойма-ой тўлаш ҳар доим ҳам арзон ёки фойдали танлов дегани эмас.
Иқтисодиёт
24.10.2026, 10:08
Улашиш:
Paradigma.uz ташкиллаштирган навбатдаги подкастда молиявий саводхонлик бўйича блогер Жалолиддин Ибодов ва 14 йиллик банк тажрибасига эга Шерзод Саид Алиев насия савдосининг афзалликлари, яширин харажатлари, кредитдан фарқи ва янги тартибга солиш талаблари ҳақида маълумот ва тавсиялар берди.
Насия бозори нега тез ўсмоқда?
Шерзод Саид Алиев келтирган маълумотларга кўра, 2025 йил 1 январь ҳолатида Ўзбекистондаги насия бозори қарийб 8 триллион сўмни ташкил этган. Марказий банк маълумотларига таяниб, у 2026 йил 1 август ҳолатига банклар томонидан жисмоний шахсларга ажратилган микроқарзлар қолдиғи 51 триллион сўмга етганини ҳам қайд этди. Шунингдек, прогнозга кўра, насия бозори 2027 йилда қарийб 20 триллион сўмга етиши мумкин.
Насия бозори ўсишининг асосий сабаби – қулайлик. Банк кредити учун ҳужжатлар топшириш, скоринг ва текширувлардан ўтиш талаб қилинади. Насия савдосида эса харидор дўконнинг ўзида, баъзан телефон рақами ёки бошқа зарур маълумотларни тақдим этиб, маҳсулотни тезда расмийлаштириши мумкин.
Бу ерда эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим масала – унинг шартлари, харидорнинг тўлов қобилияти ва хариднинг ҳақиқий эҳтиёжга мослигидир.
Ойлик тўлов эмас, жами харажат муҳим
Насия савдосида харидорнинг эътибори кўпинча ойлик тўловга қаратилади. Масалан, 10 миллион сўмлик телефон 10 ой давомида ойига 1,5 миллион сўмдан тўлаш шарти билан таклиф қилинса, харидор ойига қанча тўлай олишини ўйлайди. Бироқ ўн ойлик тўловлар жами 15 миллион сўмни ташкил этади.
Мутахассисларнинг фикрича, харидорга фақат жозибадор ойлик тўловни кўрсатиш умумий харажатдан чалғитади. Шу сабабли маҳсулотни насияга олишдан олдин учта асосий саволга жавоб топиш керак: жами қанча тўланади, нақдга олса қанча ва қўшимча тўловлар борми?
«0 фоизли насия» таклифини ҳам шу йўл билан текшириш мумкин. Агар телефон насияга 12 миллион сўм, нақдга эса 10 миллион сўм бўлса, амалда улар орасида 2 миллион сўмлик фарқ мавжуд. Шунинг учун «0 фоиз» деган ёзувнинг ўзи хариднинг қўшимча харажатсиз эканини англатмайди.
Устама ва кредит фоизи бир хил тушунча эмас
Суҳбатда тушунтирилишича, насия устамаси маҳсулот нархига олдиндан қўшилиши мумкин. Кредит фоизи эса асосий қарзнинг қолган суммасига ҳисобланади. Шу сабабли 30 фоизлик устама бир йил давомида 30 фоизлик кредит ставкаси билан айнан бир хил харажатни англатмайди.
Қисқа муддатли устамаларни ҳам йиллик ҳисобда таққослаш зарур. Масалан, уч ой учун 10 фоизлик устама йил давомида ҳар уч ойда такрорланса, оддий ҳисобда 40 фоизга тенглашади.
Насия бозорида янги талаблар
Суҳбатда 2026 йил 14 августда қабул қилинган, 294-сонли президент қарори ҳам муҳокама қилинди. Шерзод Саид Алиевнинг тушунтиришича, қарор насия бозорини тартибга солиш ва аҳолининг қарз юкини назорат қилишга қаратилган.
Қарорда насия суммаси учун 250 базавий ҳисоблаш миқдори, шунингдек, бир йилдан ошмайдиган муддат белгиланган. Бир йилдан узоқ муддатли молиялаштириш эса тижорат банклари кредитлари орқали амалга оширилиши кўзда тутилган.
Энг аҳамиятлиси эса, энди насия маҳсулотининг умумий нархини очиқ кўрсатиш шарт бўлади. Масалан, телефон нақдга 12 миллион сўм турса, бир йилга насияга олинганда жами 15 миллион сўмга тушиши ва ойлик тўлови қанча бўлиши харидорга аниқ кўрсатилиши керак.
Бундан ташқари, насияга сотилаётган товар бўйича устама, пеня ва бошқа қўшимча тўловларнинг жами маҳсулот нархининг 50 фоизидан ошмаслиги белгиланган. Демак, 10 миллион сўмлик товар учун умумий тўлов 15 миллион сўмдан ошмаслиги керак.
Қарорга кўра, насия савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар Марказий банкда оператор сифатида рўйхатдан ўтиши лозим.
Суҳбатда уй-жой савдосига оид фарқ ҳам тушунтирилди: қурувчи ўзи қурган уйини бевосита бўлиб тўлаш шарти билан сотиши мумкин, аммо насия оператори қурувчидан уй сотиб олиб, кейин уни ўз номидан харидорга насияга сотиши тақиқланади.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан бошлаб насия қарзлари ҳақидаги маълумотларни кредит тарихида акс эттириш мажбурий бўлади.
Қарз юкини қандай назорат қилиш керак?
Суҳбатда кредит ва қарзлар бўйича ойлик тўловларни даромаднинг 40 фоизи атрофида сақлаш мақбуллиги айтилди. 50 фоиздан ошадиган юклама эса жиддий хавф сифатида баҳоланади. Чунки инсоннинг кундалик яшаши, соғлиғи ва кутилмаган харажатлари учун ҳам маблағ қолиши керак.
Кредит тарихида барча насия мажбуриятлари акс этмаган ҳолатларда хавф янада ортади. Масалан, дейлик, ойига 5 миллион сўм даромад оладиган шахснинг 2,5 миллион сўмлик кредит тўлови бор. Агар унинг яна 1 миллион сўмлик насия тўлови мавжуд бўлса-ю, бу маълумот кредит тарихида кўринмаса, банк унинг тўлов имкониятини нотўғри баҳолайди.
Харид қилишдан олдин нимани текшириш керак?
Харидорларга шартномани тўлиқ ўқиш, устама, пеня, комиссия ва муддатидан олдин тўлаш шартларига эътибор бериш қатъий тавсия этилади.
Шартномага имзо қўйиш ёки онлайн равишда «розиман» тугмасини босиш – унда акс этган барча мажбуриятларни қабул қилишни англатади.
Шунингдек, маҳсулот ҳақиқатан зарурми ёки шунчаки истакми, деган саволнинг аҳамияти катта. Масалан, мавжуд телефон кундалик вазифаларни бажараётган бўлса, янги моделни узоқ муддатга насияга олиш ўзини оқламаслиги мумкин. Аксинча, телефон ёки ноутбук даромад келтирадиган иш – контент яратиш, монтаж ёки SMM учун керак бўлса, хариднинг фойдаси бошқача баҳоланади. Албатта, кутилаётган даромад тўловларни қоплай оладими-йўқми, шу ҳам ҳисобга олиниши лозим.
Яна бир муҳим жиҳат – молиявий хавфсизлик ёстиғи. Суҳбатда олти ойлик харажатларни қоплашга етадиган жамғарма мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Бундай захира бўлмаса, ишни йўқотиш ёки касаллик каби кутилмаган вазиятларда қарзларни тўлаш қийинлашади.
Суҳбатнинг асосий хулосаси шуки, насия ҳам, кредит ҳам ўз-ўзидан яхши ёки ёмон эмас. Муҳими, қарор қабул қилишдан олдин жами харажатни ҳисоблаш, нақд нарх билан солиштириш, шартномани ўқиш ва ойлик тўловларни даромад билан таққослашдир.
Насия совға эмас – у келажакдаги даромад ҳисобидан тўланиши шарт бўлган молиявий мажбуриятдир.
«Paradigma Experts» Paradigma Media’нинг тажрибали мутахассислар билан ҳамкорликдаги рукни. Унда ҳар бир йўналишни ўз соҳасида ишлаётган эксперт олиб боради, мавзулар эса назарий эмас, кундалик ҳаётда учрайдиган аниқ вазиятлар асосида танланади. Рукн тўрт йўналишни қамраб олади:
1) Оила ва болалар саломатлиги;
2) Молиявий саводхонлик;
3) Геосиёсат ва тахлил;
4) Жамият ва инсон ҳуқуқлари.
«Молиявий саводхонлик» йўналиши экспертимиз Жалолиддин Ибодов бошчилигида давом этади. Кейинги сонларда кредит, солиқ, банк хизматлари ва шахсий молия бўйича амалий мавзулар муҳокама қилинади. Барча сонлар Paradigma’нинг YouTube каналида «Paradigma Experts: Moliyaviy savodxonlik» плейлистида жамланади. Сизни қизиқтирган саволларни видео остидаги изоҳларда қолдиринг: улар кейинги сонлар мавзусини белгилашда инобатга олиниши мумкин.
Рус тилидаги аудитория учун эса «Оила ва болалар саломатлиги» йўналиши доирасида «Здоровый подкаст» чиқа бошлади. Уни ортодонт шифокор Дилфуза Каримова олиб боради, меҳмонлар эса ўз соҳасининг етакчи мутахассислари — тажрибали шифокорлар. Подкаст Paradigma’нинг рус тилидаги @paradigma_na_russkom YouTube каналида ўзбекча субтитрлар билан эълон қилинмоқда.
мавзуга оид янгиликлар

Кредит рекламаси ва шартномаларида огоҳлантириш мажбурий бўлди
Иқтисодиёт
03.11.2026, 10:30

Ўзбекистонда қарздорларнинг 61 фоизи кредитни ўз вақтида тўлолмаяпти — МБ
Иқтисодиёт
23.07.2026, 10:57

Марказий банк асосий ставкани 14 фоизда қолдирди
Иқтисодиёт
05.11.2026, 10:23

Банклар энди картангиздаги охирги тийингача ечиб ололмайди
Иқтисодиёт
10.10.2026, 10:48

Душанба кунида ҳам қатор хорижий валюталар тушади
Иқтисодиёт
12.09.2026, 12:19

Ўзбекистон энг кўп олтин сотиб олган давлатлар учлигига кирди
Иқтисодиёт
09.09.2026, 16:30
машҳур янгиликлар

Ўзбек алифбосидаги тўрт ҳарф ўзгарди
Таълим
21.10.2026, 14:48

Хитой футболининг қулаши
Спорт
04.11.2026, 14:44

Ўзбекистонда эрта никоҳ ва диний никоҳ маросими учун жарималар оширилди
Ўзбекистон
15.10.2026, 16:35

Ўзбекистонда онлайн харидорларнинг 70 фоизи ишлатилган товар сотиб олган
Ўзбекистон
04.11.2026, 11:45

Ўзбекистонда кимлар дахлсизлик ва иммунитетга эга?
Ўзбекистон
17.10.2026, 14:01

Украинада Starlink фаолияти чекланди
Жаҳон
15.10.2026, 11:18
сўнгги янгиликлар

АҚШда 2026 йилда депортация ва ҳибсга олишлар сони рекордга етди
Жаҳон
13.11.2026, 14:50

Тошкентда автомобилларни эвакуация қилиш тартиби ўзгардими?
Ўзбекистон
13.11.2026, 12:32

Ўзбекистонда илк бор жорий этилган сунъий музлик – “Ice Stupa” қандай технология?
Ўзбекистон
13.11.2026, 12:12

Ҳормуздаги ҳужумлар нефть қазиб олиш ҳажмига таъсир этдими?
Иқтисодиёт
13.11.2026, 09:04

«Ғазоликларнинг аҳволи оғир»: Люис Ҳемилтон Исроилга мурожаат қилди
Жаҳон
12.11.2026, 16:42

Толибон эркак шифокорларнинг аёлларни даволашини чекламоқда
Жаҳон
12.11.2026, 15:46

Ғазода ҳарорат совимоқда, гуманитар ёрдам эса киролмаяпти
Жаҳон
12.11.2026, 12:36

«Demokrat.uz» раҳбари ва блогерга суд ҳукми ўқилди
Ўзбекистон
12.11.2026, 12:27

Янги Тошкентда ҳокимлик очилади: шаҳарда қайси идоралар иш бошлайди?
Ўзбекистон
12.11.2026, 11:08

Аэропортдаги телефонлар можароси: Сохта IMEI рақамлари
Ўзбекистон
12.11.2026, 10:51

Феруза Норматовага нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Ўзбекистон
12.11.2026, 10:35

Феруза Норматовага нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Ўзбекистон
12.11.2026, 10:35

Қозоғистонга алоқадор хакерлар Тожикистон ва Ўзбекистон давлат тизимларига ҳужум уюштирди
Жаҳон
12.11.2026, 10:18

Қозоғистонда «Кулпаш» ва «Айтматов» фильмлари намойиши қолдирилди
Маданий
11.11.2026, 15:53

Сурхондарёда 5,3 килограмм опий савдоси олди олинди
Ўзбекистон
11.11.2026, 15:04

Россияда мигрантлар содир этган жиноятлар 40 фоизга камайди
Жаҳон
11.11.2026, 12:17

GTL лойиҳаси кутилган натижани бердими?
Ўзбекистон
11.11.2026, 12:06

Windows 12 қачон чиқади?
Фан-технология
11.11.2026, 12:00

Эронда янги ерости «ракета шаҳри» очилди
Жаҳон
11.11.2026, 11:36

ЕИ илк бор Украинада ҳарбий иштирокини йўлга қўяди
Жаҳон
11.11.2026, 10:09
машҳур янгиликлар

Ўзбек алифбосидаги тўрт ҳарф ўзгарди
Таълим
21.10.2026, 14:48

Хитой футболининг қулаши
Спорт
04.11.2026, 14:44

Ўзбекистонда эрта никоҳ ва диний никоҳ маросими учун жарималар оширилди
Ўзбекистон
15.10.2026, 16:35

Ўзбекистонда онлайн харидорларнинг 70 фоизи ишлатилган товар сотиб олган
Ўзбекистон
04.11.2026, 11:45

Ўзбекистонда кимлар дахлсизлик ва иммунитетга эга?
Ўзбекистон
17.10.2026, 14:01

Украинада Starlink фаолияти чекланди
Жаҳон
15.10.2026, 11:18
