Хитой футболининг қулаши

Mиллиардлар нега самара бермади? 

Спорт

04.11.2026, 14:44

Улашиш:

Guangzhou Evergrande  футболчисининг мухлислар билан хайрлашуви

Бир вақтлар Европанинг машҳур футболчиларини катта маошлар эвазига ўз сафига чорлаган Хитой клублари бугун молиявий муаммолар ва коррупция можаролари билан юзма-юз. Осиё Чемпионлар лигасида икки марта ғолиб чиққан «Guangzhou Evergrande» тарқатиб юборилди, миллий терма жамоа эса 2026-йилги жаҳон чемпионатига чиқа олмади. Хўш, Хитой футболини дунёнинг етакчи тизимларидан бирига айлантириш учун бошланган улкан лойиҳа нега кутилган натижани бермади?

2010 йилларда Хитой футболи дунё эътиборини ўзига тортди. Йирик компаниялар клубларга катта маблағ тикди, Европанинг таниқли футболчилари ва машҳур мураббийлари мамлакатга келди. Ҳукумат эса Хитойни келажакда жаҳон футболининг етакчи марказларидан бирига айлантиришни мақсад қилди. Аммо орадан бир неча йил ўтиб, бу орзунинг пойдевори қанчалик заиф экани кўрина бошлади. Йирик компанияларнинг қарз инқирози, клубларнинг ҳомийларга қарамлиги, коррупция ва ёшлар футболидаги тизимли муаммолар катта лойиҳаларнинг барқарор бўла олмаганини кўрсатди. 

 Хитой футболининг катта орзуси 

2010 йилларнинг бошларида Хитой иқтисодиёти жадал ривожланаётган, йирик компаниялар катта даромад қилаётган эди. Мамлакат раҳбарияти Хитойни нафақат иқтисодий, балки спорт соҳасида ҳам глобал кучга айлантиришни истарди. Бу режада футбол алоҳида ўрин эгаллади. Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг футболга бўлган қизиқиши мамлакатдаги ислоҳотларга сиёсий туртки берди. 2015-йилда ҳукумат футболни ривожлантириш бўйича кенг кўламли дастур эълон қилди. Унда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш, профессионал клублар тизимини такомиллаштириш, инфратузилмани кенгайтириш ҳамда миллий терма жамоани халқаро даражага олиб чиқиш вазифалари белгиланди. 

 Узоқ муддатли режалар орасида Хитойнинг жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши ва келажакда ушбу мусобақада ғолиб чиқиш даражасига етиши ҳам бор эди. 2015-йил март ойида тасдиқланган дастурга кўра, 2020-йилга қадар футболга ихтисослашган бошланғич ва ўрта мактаблар сонини 20 мингга, 2025-йилга келиб эса 50 мингга етказиш режалаштирилган эди. 

 Бу оддий спорт лойиҳаси эмасди. Хитой футбол орқали халқаро нуфузини ошириш, катта спорт бозорини шакллантириш ва миллионлаб ёшларни футболга жалб қилишни кўзлаган эди. Кўп ўтмай, бу сиёсат профессионал футбол бозорида ҳам ўз аксини топди. Хитой клублари трансферларга катта маблағ сарфлай бошлади. 
Бразилиялик Оскар  «Chelsea»дан «Shanghai SIPG»га, Карлос Тевес эса «Boca Juniors»дан «Shanghai Shenhua»га ўтди. Халк, Эзекиел Лавесси, Хавер Маскерано ва Алекс Тейшейра каби таниқли футболчилар ҳам Хитой чемпионатида тўп сурди. 2017-йилда «Shanghai SIPG» «Chelsea»дан Оскарни тахминан 60 миллион фунт эвазига сотиб олди. 

Карлос Тевеснинг «Shanghai Shenhua»даги маоши ҳам катта шов-шувга сабаб бўлди. Аргентиналик ҳужумчи ҳафтасига қарийб 615 минг фунт ишлаб топиши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шу тариқа, Хитой Суперлигаси қисқа вақт ичида жаҳон футбол бозорининг энг эътиборли нуқталаридан бирига айланди. Аммо бу ўсиш ортида муҳим савол бор эди: Хитой футболи мустақил ва барқарор тизим яратаётганмиди ёки йирик компанияларнинг катта маблағларига таянаётганмиди? 

 «Guangzhou Evergrande»: юксалиш ва қулаш 

Хитой футболининг юксалиши ва кейинги инқирозини тушуниш учун «Guangzhou Evergrande» тарихига тўхталиш керак. 2010-йилда клубни кўчмас мулк соҳасида фаолият юритувчи China Evergrande Group сотиб олди. Компания раҳбари Ҳуи Ка-ян катта маблағ сарфлаб, Хитойда тенгсиз жамоа яратишни мақсад қилди. Натижалар ҳам узоқ куттирмади: «Guangzhou Evergrande» 2011–2019 йиллар оралиғида саккиз марта мамлакат чемпионига айланди. 2013 ва 2015-йилларда Осиё Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди. 


Жамоани турли даврларда жаҳон футболида катта обрўга эга мураббийлар — италиялик Марчелло Липпи, бразилиялик Луиз Фелипе Сколари ва Фабио Каннаваро бошқарди. Клуб клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам қатнашди. 2015-йилги мусобақада ярим финалгача етиб бориб, «Barcelona»га 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Якунда тўртинчи ўринни эгаллади. Бундан ташқари, клуб «Real Madrid» билан ёшлар футболини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйди. Замонавий инфратузилмага эга йирик футбол академияси ташкил этилди. Ҳатто 100 минг томошабинга мўлжалланган стадион қуриш лойиҳаси ҳам илгари сурилди. Ташқаридан қараганда, Хитой футболининг келажаги порлоқ кўринарди.

Аммо муваффақиятнинг жиддий заиф томони бор эди: «Guangzhou Evergrande» асосан мустақил даромадлари ҳисобига эмас, уни молиялаштираётган компаниянинг маблағлари эвазига ривожланаётган эди. Компания кучли бўлган пайтда клуб ҳам кучли эди. Компания молиявий муаммоларга дуч келгач, футбол лойиҳасининг пойдевори ҳам заифлашди.

Evergrande компаниясининг қарз инқирози 

Клуб қулашининг асосий сабабларидан бири футбол майдонидан ташқарида — Хитойнинг кўчмас мулк секторида юз берди. China Evergrande Group йиллар давомида йирик қурилиш лойиҳаларини амалга ошириб, катта миқдорда қарз олди. Компания кўчмас мулк бозорининг узлуксиз ўсишига таяниб, янги лойиҳаларни молиялаштиришда давом этди. Аммо бундай модел узоқ вақт ишлай олмади. 2020-йилда Хитой ҳукумати кўчмас мулк компанияларининг қарз олиш имкониятларини чеклашга қаратилган талабларни кучайтирди. Уй-жой бозоридаги ўсиш секинлашди, қурилиш лойиҳалари ва молиявий мажбуриятлар билан боғлиқ муаммолар ортди. 

2021 йилга келиб Evergrande қарз мажбуриятларини бажара олмай қолган дунёдаги энг йирик кўчмас мулк компанияларидан бирига айланди. Унинг жами мажбуриятлари 300 миллиард доллардан ошгани халқаро матбуотда кенг ёритилди. Компаниянинг молиявий муаммолари футбол лойиҳасига ҳам бевосита таъсир қилди. Футболчилар маоши, трансферлар, мураббийлар штаби ва инфратузилмани сақлаш учун маблағ топиш қийинлашди. Юлдуз футболчилар ва мураббийлар жамоани тарк эта бошлади. 2022 йил якунида «Guangzhou Evergrande» Хитой Суперлигасидан тушиб кетди. Бир вақтлар Осиёни забт этган жамоа қуйи дивизионда ўйнашга мажбур бўлди. Кейинги йилларда ҳам клубнинг молиявий муаммолари ҳал этилмади.

2025 йил 6 январда «Guangzhou» клуби оғир тарихий қарзларини тўлай олмагани ва янги мавсум учун профессионал лигага қўйилмагани сабаб фаолиятини расман тугатишини эълон қилди. Шу тариқа, саккиз карра мамлакат чемпиони ва Осиё Чемпионлар лигасининг икки карра ғолиби профессионал футбол саҳнасидан чиқиб кетди. 

  Муаммо фақат битта клубда эмасди 

Хитой футболидаги инқироз «Guangzhou Evergrande» билан чекланиб қолмади. 2020-йилда Хитой Суперлигаси чемпионлигини қўлга киритган «Jiangsu Suning» ҳам бунга мисол бўла олади. Жамоа финалда «Guangzhou Evergrande»ни мағлуб этиб, мамлакатнинг энг кучли клуби эканини исботлаган эди. Аммо чемпионликдан атиги уч ой ўтиб, 2021 йил февралида клуб фаолиятини тўхтатишини эълон қилди. Бунга клуб эгаси Suning Group компаниясининг молиявий муаммолари сабаб бўлди. Компания асосий бизнес йўналишларига эътибор қаратиш учун футбол лойиҳасини молиялаштиришни тўхтатди. Натижада амалдаги мамлакат чемпиони профессионал футбол саҳнасидан йўқолди. 

Яна бир мисол — «Hebei FC». Бир вақтлар катта маблағ сарфлаган клуб таркибига Эзекиел Лавесси, Хавер Маскерано ва Гервинё каби таниқли футболчиларни жалб қилган эди. Бироқ молиявий муаммолар сабаб футболчиларнинг маошлари ва бошқа харажатларни қоплаш имконияти камайди. Натижада жамоа профессионал футбол тизимидан чиқиб кетди. Бу ҳолатлар Хитой профессионал футболидаги тизимли муаммони очиб берди: кўплаб клубларнинг тақдири уларни молиялаштираётган компанияларнинг иқтисодий аҳволига боғланиб қолган эди. Бош компания молиявий қийинчиликка учраса, клуб ҳам маблағсиз қоларди. Мустақил даромад манбаларига эга бўлмаган жамоалар учун бундай зарбадан кейин тикланиш жуда қийин эди. 

Қиммат трансферларга чекловлар

 Хитой футболидаги улкан харажатлар ҳукумат эътиборидан четда қолмади. 2017 йилдан бошлаб мамлакат футбол раҳбарлари клубларнинг «мантиқсиз харажатлари»ни чеклашга киришди. Қиммат трансферлар учун қўшимча молиявий талаблар жорий этилди. Бунинг сабаби шуки, клублар маҳаллий футболни ривожлантиришдан кўра, хорижлик футболчиларни катта маблағ эвазига сотиб олишга кўпроқ эътибор қаратаётган эди. 2020 йил декабрида Xitoy futbol assotsiatsiyasi янада қатъий молиявий чекловларни эълон қилди. Ўша даврдаги қоидаларга кўра, Хитой Суперлигасида хорижлик футболчиларнинг йиллик маоши солиқдан олдин 3 миллион евро, маҳаллий футболчиларники эса 5 миллион юан билан чекланиши белгиланди.

Клубларнинг умумий харажатларига ҳам лимитлар киритилди. Бу қарорлар молиявий пуфакни жиловлаш ва клубларни иқтисодий жиҳатдан барқарорлаштиришга қаратилган эди. Бироқ бунинг бошқа томони ҳам бор эди: катта маошлар эвазига Хитойга келган футболчилар учун чемпионатнинг жозибаси пасайди. Хорижлик юлдузларнинг бир қисми кетди, янги йирик трансферлар сони камайди. 

Пандемия инқирозни тезлаштирди 

COVID-19 пандемияси Хитой футболининг мавжуд муаммоларини янада кучайтирди. Чемпионат тақвими ўзгарди, ўйинларни ташкил қилиш қийинлашди, айрим учрашувлар томошабинларсиз ўтказилди. Бундай шароитда клубларнинг чипта савдоси, ҳомийлик ва бошқа тижорий манбалардан даромад олиш имкониятлари қисқарди. Айниқса, фаолияти ҳомий компаниялар маблағига боғлиқ бўлган жамоалар бундан қаттиқ зарар кўрди. Асосий муаммо пандемиянинг ўзида эмасди. У мавжуд иқтисодий моделнинг қанчалик заиф эканини кўрсатиб берди. Агар клуб ўз стадиони, мухлислари, тижорий ҳамкорлиги ва академияси орқали етарли даромад олмаса, ҳомий компаниянинг молиявий муаммолари унинг фаолиятини ҳам хавф остига қўяди. Хитой футболида айнан шундай ҳолат кузатилди.

Миллиардлар нега кучли терма жамоа яратолмади? 

Хитой футболининг энг катта парадоксларидан бири шундаки, мамлакат профессионал клубларни ривожлантириш учун катта маблағ сарфлаган бўлса-да, миллий терма жамоа кутилган даражага кўтарилмади. Хитой 2002-йилги жаҳон чемпионатида иштирок этган. Бу мамлакат тарихидаги ҳозиргача ягона мундиал ҳисобланади. Ўшанда терма жамоа гуруҳ босқичидаги учала учрашувда ҳам мағлуб бўлиб, бирорта гол ура олмаган. Кейинги йилларда футболни ривожлантириш учун катта дастурлар амалга оширилди. 

Бироқ 2026-йилги жаҳон чемпионати саралашида ҳам Хитой терма жамоаси муваффақиятсизликка учради. Жамоа Осиё минтақаси учинчи босқичидаги гуруҳида етарли натижа кўрсата олмади ва мусобақа билан муддатидан олдин хайрлашди. 

2024 йил сентабр ойида Японияга қарши учрашувда қайд этилган 0:7 ҳисобидаги мағлубият ҳам Хитой футболидаги муаммоларни яна бир бор кўрсатди. Бу мамлакатнинг жаҳон чемпионати саралашидаги энг йирик мағлубиятларидан бири бўлди. 2025 йил март ойида BBC Sport эълон қилган таҳлилий материалда Хитой терма жамоасининг FIFA рейтингида 90-ўринда экани қайд этилган эди. Бу 2015-йилда бошланган ислоҳотлар ва йирик инвеститсияларга қарамай, терма жамоа халқаро миқёсда сезиларли даражада кучаймаганини кўрсатарди. 

Хўш, муаммо нимада эди?

 Хорижлик юлдузларни сотиб олиш маҳаллий футболчилар савиясини автоматик равишда оширмайди. Кучли терма жамоа яратиш учун фақат профессионал клубларга маблағ ажратиш етарли эмас. Болалар футболи, мактаблар, мураббийлар тайёрлаш тизими ва мунтазам мусобақалар бир-бири билан боғлиқ ҳолда ишлаши керак. Футболчининг шаклланиши узоқ йиллар талаб қиладиган жараён. Катта маблағ сарфлаб, бир неча мавсум ичида халқаро даражадаги футболчилар етиштириб бўлмайди.

Академиялар нега кутилган натижани бермади? 

Хитой футболининг ривожланишига тўсқинлик қилган омиллардан бири ёшлар тайёрлаш тизимидаги муаммолар бўлди. Мамлакатда йирик футбол академиялари ташкил этилди, замонавий майдонлар қурилди, хорижлик мураббийлар таклиф қилинди. Бироқ инфратузилманинг ривожланиши ҳар доим ҳам сифатли футболчилар етишиб чиқишига олиб келмади. 

Масалан, «Guangzhou Evergrande» академияси Хитойдаги энг йирик футбол лойиҳаларидан бири эди. Бу ерда минглаб ёш футболчилар шуғулланиши ва замонавий шароитларда таълим олиши кўзда тутилган. Аммо катта академия қуриш билан кучли футбол мактабини яратиш бир хил нарса эмас. 2022-йилда илмий журналда чоп этилган.

Тадқиқот муаллифлари спорт ва таълим тизимлари ўртасидаги келишмовчиликлар, турли ташкилотларнинг вазифалари аниқ чегараланмагани ҳамда болалар футболида иштирок этишдан кўра юқори натижага эришишга ортиқча урғу берилиши ривожланишга тўсқинлик қилганини таъкидлайди. Хитойда кўплаб болалар ёшлигида спорт билан шуғулланса-да, ўрта мактаб даврида ўқиш ва имтиҳонларга тайёргарлик устуворликка айланади. 

Натижада мунтазам футбол ўйнаш ва профессионал даражага чиқиш учун зарур вақт қисқаради. Яна бир муҳим масала — ота-оналарнинг муносабати. Профессионал футболдаги коррупция ва турли можаролар спортнинг жамиятдаги обрўсига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли айрим ота-оналар фарзандининг келажагини футбол билан боғлашга иккиланади. Демак, муаммо фақат академиялар сонида эмас. Боланинг мактабдан профессионал клубгача бўлган йўлини таъминлайдиган, мураббийлик сифати, рақобат ва футбол маданиятини бирлаштирадиган тизим зарур эди. 

Коррупция: футболга бўлган ишончга зарба 

Хитой футболидаги инқироз ҳақида гап кетганда, коррупция ва ўйин натижаларини келишиш билан боғлиқ можароларни ҳам четлаб ўтиб бўлмайди. Сўнгги йилларда мамлакат футбол бошқарувида кенг кўламли текширувлар ўтказилди. Бир қатор юқори лавозимли амалдорлар, мураббийлар ва футболчилар коррупцияда айбланди. Энг шов-шувли ишлардан бири Хитой миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Ли Тэ билан боғлиқ бўлди. 

Аввал Англиянинг «Everton» клубида тўп сурган Ли Тэ 2019-йилда Хитой миллий терма жамоасига вақтинчалик бош мураббий сифатида олиб келинди. Кейинчалик бош мураббий этиб тайинланган мутахассис 2021-йилгача жамоани бошқарди. 2024 йил декабр ойида у порахўрлик ва футбол учрашувлари натижаларига ноқонуний таъсир кўрсатиш билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. 2026 йил 29 январда Хитой футбол ассотсиатсияси Ли Тэ ва яна 72 нафар шахсни футболдаги барча фаолиятдан умрбод четлатди. Бу қарор уларнинг футбол соҳасида ишлаши ёки бошқа фаолият билан шуғулланишини тақиқлайди. 

Бу Хитой футболидаги ягона коррупция иши эмасди. 2024 йил март ойида Хитой футбол ассотсиатсиясининг собиқ раҳбари Чен Хуйюан 81 миллион юандан ортиқ пора олишда айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 2024 йил сентабрида эса Хитой футбол ассотсиатсияси 38 нафар футболчи ва беш нафар клуб расмийсини келишилган ўйинлар ва қимор билан боғлиқ қоидабузарликлар сабаб футболдан умрбод четлатди. Расмий текширувларда 120 та учрашувда натижаларни келишиш ҳолатлари аниқлангани, ушбу жараёнга 41 та клуб алоқадор бўлгани ҳақида маълумот берилди. 

 2026 йилда ҳам жазолар давом этди

 2026 йил 29 январда Хитой футболида коррупция, келишилган ўйинлар ва ноқонуний қимор билан боғлиқ текширувлар якунлари бўйича янги жазолар эълон қилинди. Хитой футбол ассотсиатсияси ва мамлакатнинг тегишли идоралари суд томонидан жиноят содир этган деб топилган 73 нафар футбол соҳаси вакилини футболдаги барча фаолиятдан умрбод четлатди. Бундан ташқари, 13 та профессионал клубга 2026-йилги мавсум учун очко чегирмалари ва молиявий жарималар белгиланди. Хитой футбол ассотсиатсиясининг расмий баёнотига кўра, «Tianjin Jinmen Tigers» ва «Shanghai Shenhua» клублари 10 очкодан маҳрум қилинди. Амалдаги мамлакат чемпиони «Shanghai Port» эса беш очко йўқотди.

Бу жазолар Хитой футболидаги муаммолар фақат молиявий инқироз билан чекланмаганини кўрсатди. Ўйин натижаларига ноқонуний таъсир кўрсатиш, қимор ва порахўрлик каби ҳолатлар спорт мусобақаларининг адолатига ҳам путур етказди. 

Хитой футболи бутунлай барбод бўлдими?

 Хитой футболининг сўнгги ўн йилликдаги тарихига қараб, мамлакатдаги барча лойиҳалар муваффақиятсиз бўлди, деган хулосага келиш тўғри эмас. Ҳукумат дастурлари натижасида инфратузилма кенгайди, янги майдонлар қурилди, ёшлар футболига эътибор ошди. Мамлакатда футболни оммалаштириш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. 2025-йилда BBC Sport билан суҳбатлашган Хитой футболи бўйича мутахассислар ҳам ёшлар футболида айрим ижобий ўзгаришлар борлигини қайд этган. Бироқ бу натижалар профессионал футбол ва миллий терма жамоанинг кутилган даражага чиқиши учун етарли бўлмади. Хитой тажрибасининг асосий сабоғи шуки, футболни фақат пул билан ривожлантириб бўлмайди. 

Машҳур футболчиларни сотиб олиш, таниқли мураббийларни олиб келиш ва замонавий стадионлар қуриш орқали қисқа вақт ичида катта шов-шув яратиш мумкин. Аммо буларнинг ҳеч бири ўз-ўзидан кучли футбол тизимини шакллантирмайди. Бунинг учун маҳаллий футболчиларни болаликдан тўғри тайёрлаш, сифатли мураббийлар етиштириш, клубларнинг мустақил иқтисодий моделини яратиш, футбол бошқарувида шаффофликни таъминлаш ва мухлислар ишончини қозониш зарур. Хитой футболи бир вақтлар дунёни катта трансферлар билан ҳайратга қолдирди. 

Аммо бу жараёнда энг муҳим масала — футболнинг ўзини ривожлантириш иккинчи даражага тушиб қолди. Натижада йирик маблағ сарфланган лойиҳалар иқтисодий инқироз, коррупция ва самарасиз бошқарув олдида заиф бўлиб чиқди. Хитойнинг футбол орзуси ҳали бутунлай тугагани йўқ. Аммо мамлакат энди аввалги хатоларни такрорламасдан, янги тизим қуриши керак.

Чунки кучли футбол учун катта маблағнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун йиллар давомида шаклланадиган футбол мактаби, тажрибали мураббийлар ва шаффоф бошқарув зарур.


                                                                                                              Раманзон Абдурашид

мавзуга оид янгиликлар

Чемпионлар лигасида ўзбек клублари учун неча миллион доллар тикилган?

«Пахтакор», «Нефтчи» ва «Насаф» клублари 2026/2027 йилги мавсумда Осиё клублар мусобақаларида юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. 

Спорт

16.09.2026, 12:07

ЖЧ чипта ва формалари бўйича саволлар очиқ қолмоқда: ЎФА ва вазирлик нима деди?

Ижтимоий тармоқларда АҚШда ўтказилган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинлари учун ажратилган чипталар ва расмий формалар тақсимоти ҳақида турли хабарлар тарқалгани ортидан Paradigma.uz Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциациясига расмий ахборот сўровлари юборган эди. Ташкилотлар бир қатор саволларга жавоб берди, аммо айрим муҳим масалалар очиқлигича қолмоқда.

Спорт

21.07.2026, 16:22

Трамп Жаҳон чемпионати финалида ҳам диққат марказида бўлди

Трамп ва Инфантино Жаҳон чемпионати кубогини топшириш маросими учун майдонга кириб келганда, томошабинлар уларни норозилик ҳайқириқлари билан кутиб олди.

Спорт

20.07.2026, 11:13

Норвегия Ғазо учун футбол чипталари даромадини хайрия қилди

Ижтимоий тармоқларда Норвегия терма жамоаси 2026 йилги FIFA Жаҳон чемпионатидан олган барча мукофот пулини Ғазога хайрия қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. 

Жаҳон

14.07.2026, 11:24

Энди Жаҳон чемпионатида 64 та жамоа иштирок этадими?

FIFA президенти Жанни Инфантино 64 жамоалик формат муҳокама қилинишини маълум қилди.

Спорт

13.07.2026, 16:12

Европа парламенти депутатлари FIFA раҳбариятига нисбатан текширув ўтказишни талаб қилди

Депутатлар фикрича, турнир давомида қизил карточка бўйича қоидани ўзгартириш қарори Трампнинг Инфантино билан телефон мулоқотидан сўнг қабул қилинган. 

Спорт

09.07.2026, 16:07

АРХИВ

САНАГА ЎТИШ

Барча архивни кўрсатиш →

сўнгги янгиликлар

Экстремистик ташкилотларда иштирок этганлик учун 10 йилгача қамоқ жазоси белгиланди

Янги қонунда нималар назарда тутилган?

Ўзбекистон

04.11.2026, 15:27

Бундан буён “камбағал оила қолмади” деган ҳисобот ўтмайди – Президент

Бухоро вилоятида 40 мингга яқин киши ишсиз, яна 270 минг нафар аҳолининг даромади ўртача кўрсаткичдан паст. 

Ўзбекистон

04.11.2026, 14:16

Дунё бўйлаб 28 йил

Британиялик Карл Бушби дунё бўйлаб саёҳатини қандай якунлади?

Маданий

04.11.2026, 11:59

Ўзбекистонда онлайн харидорларнинг 70 фоизи ишлатилган товар сотиб олган

Онлайн савдода нималарга эътибор қилиш лозим?

Ўзбекистон

04.11.2026, 11:45

24 давлат вакиллари Самарқандда нимани муҳокама қилади?

Самарқандда ШҲТ плюс хавфсизлик бўйича экспертлар мулоқоти ўтказилади

Ўзбекистон

04.11.2026, 11:07

Тошкент метросида аёллар учун алоҳида вагонлар жорий этилиши мумкин

Жамоат транспортида хавфсизлик масаласи кун тартибида.

Ўзбекистон

04.11.2026, 10:32

Лукашенко Украинадаги уруш тугашини кутмоқда

Беларусь президенти Александр Лукашенко Украинадаги уруш яқин ойларда тугашига ишонч билдирмоқда. Унинг айтишича, агар Россия-Украина уруши тез орада тугамаса "учинчи жаҳон уруши" бошланиши мумкин.

Жаҳон

03.11.2026, 17:28

Ҳиндистон 500 миллион кишини камбағалликдан чиқарди

Жаҳон банкининг янги ҳисоботига кўра, 2011–2023 йилларда Ҳиндистонда қарийб 500 миллион киши камбағалликдан чиққан. 

Жаҳон

03.11.2026, 17:09

4 ноябрь куни Ўзбекистонда об-ҳаво қандай бўлади?

Айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши, тоғли жойларда эса қор кузатилиши мумкин.

Ўзбекистон

03.11.2026, 15:09

Энди телефонга исталганча реклама юбориб бўлмайди

Абонент розилиги, қўнғироқ вақти ва реклама тарқатувчи ташкилотларга нисбатан янги талаблар амал қилади.

Ўзбекистон

03.11.2026, 11:43

Illyustrativ tasvir

Кредит рекламаси ва шартномаларида огоҳлантириш мажбурий бўлди

Янги талаб тафсилотлари билан танишинг.

Иқтисодиёт

03.11.2026, 10:30

АҚШда исломофобия кучаймоқда

АҚШда оралиқ сайловлар арафасида мусулмонларга нисбатан салбий муносабат ва сиёсий босим кучайгани айтилмоқда.

Жаҳон

03.11.2026, 10:22

Уиткофф: АҚШ, Россия ва Украина вакиллари Абу-Дабида учрашади

Қарийб тўққиз ойлик танаффусдан сўнг Вашингтон, Москва ва Киев музокарачилари уруш масаласини муҳокама қилиш учун Абу-Дабида бир стол атрофига йиғилади.

Сиёсат

03.11.2026, 10:17

Исроил кучлари Ал-Жазира мухбирини ҳибсга олди

Исроил ҳарбийлари босиб олинган Ғарбий соҳилдаги Дура шаҳрида журналист Мунтасир Нассорнинг уйига рейд ўтказиб, уни ҳибсга олди.

Жаҳон

03.11.2026, 10:00

Россия Украинанинг гуманитар ёрдам марказига зарба берди

Запорожье вилоятида жойлашган Комишуваха қишлоғида гуманитар ёрдам тарқатиладиган марказ ва унга яқин бошпанага ҳаво зарбалари берилди. Ҳужум оқибатида камида 26 киши ҳалок бўлган.

Жаҳон

03.11.2026, 09:49

Германияда Z авлод намойишлари: ёшлар ҳукуматдан нимани талаб қилмоқда?

Германиянинг 34 та шаҳрида ўн минглаб ёшлар иштирокида намойишлар ўтказилди. Франкфуртда ғалаёнлар тартибсизлик ва талончиликларга айланиб кетди.

Жаҳон

02.11.2026, 16:55

Ўзбекистонда туғилишлар сони камайди

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда 638 628 та тирик туғилиш қайд этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 26 мингтага кам.

Ўзбекистон

02.11.2026, 13:03

Illyustrativ tasvir

Ҳиндистонда йигит AI ёрдамида ўзини ўғирлатди

Уни ўғирлаб кетишмаган, гаровда ҳам ушлаб туришмаган.  Aслида нима бўлган?

Жаҳон

02.11.2026, 11:04

Ўзбекистонликларнинг ичимлик сувдан қарзи 430 миллиард сўмдан ошди

Айрим ҳудудларда сув нархи ошди, келаси йилдан эса тарифларни белгилаш тартиби ҳам ўзгаради.

Иқтисодиёт

31.10.2026, 13:00

АРХИВ

САНАГА ЎТИШ

Барча архивни кўрсатиш →