Нега Исроил Ливанга ҳам зарба бермоқда?
Эрон, Исроил ва АҚШ ўртасида бошланган уруш қисқа вақт ичида бутун минтақани қамраб олган катта фожиага айланди. Бу тўқнашув қўшни давлатларга ҳам таъсир қилди. Лекин энг оғир зарбалардан бири Ливанга тўғри келмоқда.
Жаҳон
16.03.2026, 13:43
Улашиш:

Бугун Ливан осмони қора тутунга тўлган. Бейрут кўчалари портлашлардан титраб турибди. Шаҳар қаттиқ авиация зарбалари остида қолган.
Нега Исроил ўзининг шимолий қўшнисига зарба бермоқда? Қандай қилиб Ливан Эрон ва АҚШ ўртасидаги тўқнашувнинг асосий майдонларидан бирига айланди?
Келинг, ҳақиқатда нима бўлаётганини биргаликда таҳлил қилайлик.
Ливан зарбалар остида
Ливан — Исроилнинг шимолий қўшниси ва «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг асосий базаларидан бири ҳисобланади. Бу қуролланган гуруҳ Эроннинг минтақадаги прокси кучларидан бири сифатида кўрилади. Шу сабабли Ливан ҳужумлар марказига айланди.
Авиация зарбалари Бейрут пойтахти ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларига берилмоқда. Натижада юзлаб одамлар ҳалок бўлган, қарийб етти юз минг киши уйларини тарк этишга мажбур бўлиб, қочқинга айланган.
Исроил зарбалари Ливан пойтахти ва унинг атрофидаги кўплаб маҳаллаларни харобага айлантирди. Айрим жойларда бир кечанинг ўзида бутун кварталлар бўшаб қолган.
Оилалар фақат энг зарур буюмларини олиб, уйларини тарк этишга мажбур бўлмоқда. Кўпчилик мактаб бинолари ва жамоат биноларида вақтинчалик паноҳ топган.
Одамлар эса бир саволни қайта-қайта бермоқда: бу даҳшат қачон тугайди?
Бир аёл бу воқеаларни шундай эслайди:
«Биз ухлаётгандик. Эрталаб тахминан соат беш ярим эди. Мен эрим ёнида ётардим, ўғлим эса ишдан кейин ҳали ухламаганди. Бир пайтда тасвирлаб бўлмайдиган овоз эшитилди… ва сўз билан айтилмайдиган қўрқув юракни эзди.
Бас, етар! Бу ҳақиқий даҳшат. Қачон тугайди? Биз энди чидай олмаймиз… ҳақиқатан ҳам кучимиз етмайди».
Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» тўқнашуви
Нима учун бунинг бари содир бўлаётганини тушуниш учун бир номни айтиш кифоя — «Ҳизбуллоҳ».
Бу фақат қуролланган гуруҳ эмас. У бир вақтнинг ўзида сиёсий партия ва ҳарбий куч ҳам ҳисобланади. Унинг ташкил топиши 1980-йилларда Эроннинг фаол қўллаб-қувватлаши орқали амалга ошган.
Йиллар давомида «Ҳизбуллоҳ» Ғарбий Осиёдаги энг кучли қуролланган ташкилотлардан бирига айланди ва Эроннинг «қаршилик ўқи» деб аталган минтақавий альянсининг бир қисми бўлиб қолди.
Исроил учун «Ҳизбуллоҳ» доимо жиддий таҳдид бўлиб келган, айниқса шимолий чегарасида. Шу сабабли Исроил бу гуруҳни заифлаштиришга доимо интилиб келади.
Ғазодаги уруш даврида ҳам икки томон чегарада бир неча бор тўқнашган. 2024 йил 27 сентябрда Исроил кучли авиация зарбалари бериб, гуруҳ раҳбари Ҳасан Насроллони йўқ қилган.
Шунингдек, айрим махфий операциялар ҳам ўтказилган. Масалан, оммавий ахборот воситаларида «пейджер бомбалар» деб аталган операциялар ҳақида хабарлар тарқалган. Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг инфратузилмаси ва ҳарбий объектларини нишонга олиб, унинг имкониятларини чеклашга ҳаракат қилган.
Бир пайтда «Ҳизбуллоҳ» жиддий зарар кўргандек кўринди. Бироқ ташкилот бутунлай йўқолиб кетмади ва кейинчалик Исроилга қарши янги ҳарбий операция бошланганини эълон қилди.
«Ҳизбуллоҳ» ва Исроил ўртасидаги навбатдаги кескин тўқнашув ўтган ҳафта бошланди. Бу воқеа Эроннинг олий раҳбари ўлдирилгани ҳақидаги хабарлардан кейин содир бўлди.
Жавоб сифатида «Ҳизбуллоҳ» урушга киришини эълон қилди. Гуруҳ шимолий Исроилга ракета ва дронлар йўллаб, Хайфа яқинидаги ҳарбий объектларга ҳужум қилди.
Исроил буни «қизил чизиқдан ўтиш» деб баҳолади ва дарҳол жавоб қайтарди. Бу жавоб бутун Ливан бўйлаб авиация зарбалари, қўшинларни мамлакат жанубига суриш ва Бейрутнинг жанубий туманларини бомбардимон қилиш орқали амалга оширилди.
Бу ҳудуд «Ҳизбуллоҳ»нинг асосий таянч нуқталаридан бири ҳисобланади.
2026 йил 2 мартдан бошланган янги тўқнашувлар давомида Ливанда ҳалок бўлганлар сони 600 кишидан ошгани хабар қилинмоқда.
Бир киши бу даҳшатли воқеаларни шундай эслайди:
«Мен хонадан хонага югуриб, хотиним ва болаларимни йиғдим, уларни девор ортига яширдим. Шу пайтда иккинчи ракета урди».
Яна бир киши эса шундай дейди:
«Биз ухлаётгандик, портлаш овозини эшитдик. Дарҳол ҳаракатландик, лекин машиналаримизнинг тўртдан уч қисми вайрон бўлган эди. Биз яраланган болаларни, қарияларни ва ҳалок бўлганларни олиб чиқдик».
Ливан давлати ва инқироз
Вазиятни янада оғирлаштираётган омиллардан бири — Ливан ҳукумати ўзи бу урушни истамаган.
Расмийлар «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳарбий ҳаракатлари ноқонуний эканини таъкидлаб, гуруҳ мамлакатни давлат розилигисиз минтақавий тўқнашувга тортиб кирганини билдирган.
Ливан президенти Жозеф Аун ҳатто радикал таклиф билан чиққан: тўлиқ оташкесим эълон қилиш, «Ҳизбуллоҳ»ни қуролсизлантириш ва Исроил билан тўғридан-тўғри музокаралар бошлаш.
Бироқ асосий муаммо шундаки, Ливан ҳукумати «Ҳизбуллоҳ»ни тўлиқ назорат қила олмайди.
Албатта, мамлакатда Ливан армияси мавжуд ва халқ уни ҳурмат қилади. Лекин армиянинг имкониятлари чекланган. Мамлакатда иқтисодий инқироз давом этмоқда, маблағ етишмайди, қурол-яроғ ҳам етарли эмас.
«Ҳизбуллоҳ» эса жангларда чиниққан куч ҳисобланади. Унинг жангчилари Сурияда, Ироқда ва Ливан жанубидаги тўқнашувларда катта тажриба орттирган.
Таҳлилчилар огоҳлантиришича, агар Ливан армияси гуруҳга тўғридан-тўғри қарши чиқса, бу мамлакатда янги фуқаролар урушига олиб келиши мумкин.
Ливан бундай фожиани аллақачон бошдан кечирган. Мамлакатда 15 йил давом этган шафқатсиз фуқаролар уруши юз берган ва у бутун давлатни ҳалокат ёқасига олиб келган.
Шу сабабли бугун Ливанда ҳеч ким яна шундай фожианинг такрорланишини истамайди.
Хулоса
Бугун Ливан жуда мураккаб ва хавфли вазиятда қолган.
Бир тараф «Ҳизбуллоҳ»ни қуролсизлантиришни талаб қилмоқда. Бошқалар эса уни Исроилга қарши курашда зарур куч деб ҳисоблайди.
Аммо ҳар қандай кескин қадам мамлакатни янада чуқур инқирозга ва ҳатто парчаланишга олиб келиши мумкин.
Исроилнинг мақсади эса аниқ — «Ҳизбуллоҳ»ни йўқ қилиш ёки уни қуролсизлантириш.
Бироқ тарих бир муҳим ҳақиқатни кўрсатади: ҳарбий босим ва хаос кўпинча янги радикал кучларнинг пайдо бўлишига олиб келади.
Айнан шундай ҳолат 1982 йилда ҳам кузатилган. Ўшанда Исроил Ливанга кириб борган ва мақсад Ясир Арафат бошқарган Фаластин Озодлик Ташкилотини йўқ қилиш бўлган.
Бироқ бу операция натижасида янги куч — «Ҳизбуллоҳ» пайдо бўлган.
Бугунги тўқнашувлар эса келажакда қандай янги кучлар ёки янги зиддиятларни туғдиришини ҳозирча ҳеч ким аниқ айта олмайди.
Муаллиф: Азиз СОЛИЕВ
мавзуга оид янгиликлар

Исроил урушни тугатиш шартларини маълум қилди
Жаҳон
17.03.2026, 10:01

Исроил фосфорли қурол ишлатгани маълум бўлди
Жаҳон
10.03.2026, 23:39

Араб давлатлари Эронга қарши урушга кирадими?
Жаҳон
05.03.2026, 17:25

Али Хоминаий ҳалок бўлди: Эронда мотам, расмий Теҳрон қасос ҳақида огоҳлантирди
Жаҳон
01.03.2026, 08:32

Исроил Ғазога зарба берди, Трамп оташкесим бекор бўлмаганини маълум қилди
Жаҳон
29.10.2025, 11:13

Ғазо сектори марказида Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида икки шифокор ҳалок бўлди
Жаҳон
13.05.2024, 10:05
машҳур янгиликлар

Тошкентда эски ва яроқсиз транспорт воситалари уйма-уй рўйхатдан чиқарилмоқда
Ўзбекистон
20.02.2026, 12:15

Педагогларга уй-жой олиш учун ипотека субсидияси берилади
Иқтисодиёт
21.02.2026, 11:32

БАА дипломати “Эпштейн файллари”да тилга олинди
Жаҳон
25.02.2026, 11:56

«Умра» зиёратига вақтинчалик чеклов эълон қилинди
Маданий
21.02.2026, 11:01

Эрон уруш ҳолатида – унинг иттифоқчилари нега жим?
Жаҳон
06.03.2026, 14:09

Тошкент ва Наманган осмонида номаълум ёрқин жисм кузатилди
Фан-технология
20.02.2026, 12:06
сўнгги янгиликлар

Туркияда ўзбекистонлик аёл 4-қаватдан тушиб кетди
Ўзбекистон
17.03.2026, 11:01

Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросими 17 март куни бўлиб ўтади
Ўзбекистон
17.03.2026, 10:18

Исроил урушни тугатиш шартларини маълум қилди
Жаҳон
17.03.2026, 10:01

Ўзбекистон Эронга гуманитар ёрдам жўнатди
Ўзбекистон
17.03.2026, 09:57

Сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича этика қоидалари тасдиқланди
Фан-технология
16.03.2026, 10:43

“Нормандияда бир йил” – Девид Хокнининг 70 метрлик асари тақдим этилди
Маданий
16.03.2026, 07:48

Хитой фалаж беморлар учун мия имплантларини сотувга чиқармоқда
Жаҳон
15.03.2026, 09:52

АҚШ Эрон раҳбарлари ҳақидаги маълумот учун мукофот эълон қилди
Жаҳон
14.03.2026, 15:11

Дунё иқтисодиётининг 49 фоизига Осиё эгалик қилади
Иқтисодиёт
14.03.2026, 13:46

Урушнинг бадалини ким тўлайди?
Жаҳон
14.03.2026, 12:26

Энди Непални репер бошқариши мумкин: Балендра Шоҳ сайловда энг кўп овоз тўплади
Жаҳон
14.03.2026, 09:45
машҳур янгиликлар

Тошкентда эски ва яроқсиз транспорт воситалари уйма-уй рўйхатдан чиқарилмоқда
Ўзбекистон
20.02.2026, 12:15

Педагогларга уй-жой олиш учун ипотека субсидияси берилади
Иқтисодиёт
21.02.2026, 11:32

БАА дипломати “Эпштейн файллари”да тилга олинди
Жаҳон
25.02.2026, 11:56

«Умра» зиёратига вақтинчалик чеклов эълон қилинди
Маданий
21.02.2026, 11:01

Эрон уруш ҳолатида – унинг иттифоқчилари нега жим?
Жаҳон
06.03.2026, 14:09

Тошкент ва Наманган осмонида номаълум ёрқин жисм кузатилди
Фан-технология
20.02.2026, 12:06
