updated: 06.11.2026, 14:58

Хитой футболининг қулаши

Mиллиардлар нега самара бермади? 

Guangzhou Evergrande  футболчисининг мухлислар билан хайрлашуви

Бир вақтлар Европанинг машҳур футболчиларини катта маошлар эвазига ўз сафига чорлаган Хитой клублари бугун молиявий муаммолар ва коррупция можаролари билан юзма-юз. Осиё Чемпионлар лигасида икки марта ғолиб чиққан «Guangzhou Evergrande» тарқатиб юборилди, миллий терма жамоа эса 2026-йилги жаҳон чемпионатига чиқа олмади. Хўш, Хитой футболини дунёнинг етакчи тизимларидан бирига айлантириш учун бошланган улкан лойиҳа нега кутилган натижани бермади?

2010 йилларда Хитой футболи дунё эътиборини ўзига тортди. Йирик компаниялар клубларга катта маблағ тикди, Европанинг таниқли футболчилари ва машҳур мураббийлари мамлакатга келди. Ҳукумат эса Хитойни келажакда жаҳон футболининг етакчи марказларидан бирига айлантиришни мақсад қилди. Аммо орадан бир неча йил ўтиб, бу орзунинг пойдевори қанчалик заиф экани кўрина бошлади. Йирик компанияларнинг қарз инқирози, клубларнинг ҳомийларга қарамлиги, коррупция ва ёшлар футболидаги тизимли муаммолар катта лойиҳаларнинг барқарор бўла олмаганини кўрсатди. 

 Хитой футболининг катта орзуси 

2010 йилларнинг бошларида Хитой иқтисодиёти жадал ривожланаётган, йирик компаниялар катта даромад қилаётган эди. Мамлакат раҳбарияти Хитойни нафақат иқтисодий, балки спорт соҳасида ҳам глобал кучга айлантиришни истарди. Бу режада футбол алоҳида ўрин эгаллади. Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг футболга бўлган қизиқиши мамлакатдаги ислоҳотларга сиёсий туртки берди. 2015 йилда ҳукумат футболни ривожлантириш бўйича кенг кўламли дастур эълон қилди. Унда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш, профессионал клублар тизимини такомиллаштириш, инфратузилмани кенгайтириш ҳамда миллий терма жамоани халқаро даражага олиб чиқиш вазифалари белгиланди. 

 Узоқ муддатли режалар орасида Хитойнинг жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши ва келажакда ушбу мусобақада ғолиб чиқиш даражасига етиши ҳам бор эди. 2015 йил март ойида тасдиқланган дастурга кўра, 2020 йилга қадар футболга ихтисослашган бошланғич ва ўрта мактаблар сонини 20 мингга, 2025 йилга келиб эса 50 мингга етказиш режалаштирилган эди. 

 Бу оддий спорт лойиҳаси эмасди. Хитой футбол орқали халқаро нуфузини ошириш, катта спорт бозорини шакллантириш ва миллионлаб ёшларни футболга жалб қилишни кўзлаган эди. Кўп ўтмай, бу сиёсат профессионал футбол бозорида ҳам ўз аксини топди. Хитой клублари трансферларга катта маблағ сарфлай бошлади. 

Бразилиялик Оскар  «Chelsea»дан «Shanghai SIPG»га, Карлос Тевес эса «Boca Juniors»дан «Shanghai Shenhua»га ўтди. Халк, Эзекиел Лавесси, Хавер Маскерано ва Алекс Тейшейра каби таниқли футболчилар ҳам Хитой чемпионатида тўп сурди. 2017 йилда «Shanghai SIPG» «Chelsea»дан Оскарни тахминан 60 миллион фунт эвазига сотиб олди. 

Карлос Тевеснинг «Shanghai Shenhua»даги маоши ҳам катта шов-шувга сабаб бўлди. Аргентиналик ҳужумчи ҳафтасига қарийб 615 минг фунт ишлаб топиши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шу тариқа, Хитой Суперлигаси қисқа вақт ичида жаҳон футбол бозорининг энг эътиборли нуқталаридан бирига айланди. Аммо бу ўсиш ортида муҳим савол бор эди: Хитой футболи мустақил ва барқарор тизим яратаётганмиди ёки йирик компанияларнинг катта маблағларига таянаётганмиди? 

 «Guangzhou Evergrande»: юксалиш ва қулаш 

Хитой футболининг юксалиши ва кейинги инқирозини тушуниш учун «Guangzhou Evergrande» тарихига тўхталиш керак. 2010 йилда клубни кўчмас мулк соҳасида фаолият юритувчи China Evergrande Group сотиб олди. Компания раҳбари Ҳуи Ка-ян катта маблағ сарфлаб, Хитойда тенгсиз жамоа яратишни мақсад қилди. Натижалар ҳам узоқ куттирмади: «Guangzhou Evergrande» 2011–2019 йиллар оралиғида саккиз марта мамлакат чемпионига айланди. 2013 ва 2015 йилларда Осиё Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди. 


Жамоани турли даврларда жаҳон футболида катта обрўга эга мураббийлар — италиялик Марчелло Липпи, бразилиялик Луиз Фелипе Сколари ва Фабио Каннаваро бошқарди. Жамоа клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам қатнашди. 2015 йилги мусобақада ярим финалгача етиб бориб, «Barcelona»га 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Якунда тўртинчи ўринни эгаллади. Бундан ташқари, клуб «Real Madrid» билан ёшлар футболини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйди. Замонавий инфратузилмага эга йирик футбол академияси ташкил этилди. Ҳатто 100 минг томошабинга мўлжалланган стадион қуриш лойиҳаси ҳам илгари сурилди. Ташқаридан қараганда, Хитой футболининг келажаги порлоқ кўринарди.

Аммо муваффақиятнинг жиддий заиф томони бор эди: «Guangzhou Evergrande» асосан мустақил даромадлари ҳисобига эмас, уни молиялаштираётган компаниянинг маблағлари эвазига ривожланаётган эди. Компания кучли бўлган пайтда клуб ҳам кучли эди. Компания молиявий муаммоларга дуч келгач, футбол лойиҳасининг пойдевори ҳам заифлашди.

Evergrande компаниясининг қарз инқирози 

Клуб қулашининг асосий сабабларидан бири футбол майдонидан ташқарида — Хитойнинг кўчмас мулк секторида юз берди. China Evergrande Group йиллар давомида йирик қурилиш лойиҳаларини амалга ошириб, катта миқдорда қарз олди. Компания кўчмас мулк бозорининг узлуксиз ўсишига таяниб, янги лойиҳаларни молиялаштиришда давом этди. Аммо бундай модел узоқ вақт ишлай олмади. 2020 йилда Хитой ҳукумати кўчмас мулк компанияларининг қарз олиш имкониятларини чеклашга қаратилган талабларни кучайтирди. Уй-жой бозоридаги ўсиш секинлашди, қурилиш лойиҳалари ва молиявий мажбуриятлар билан боғлиқ муаммолар ортди. 

2021 йилга келиб Evergrande қарз мажбуриятларини бажара олмай қолган дунёдаги энг йирик кўчмас мулк компанияларидан бирига айланди. Унинг жами мажбуриятлари 300 миллиард доллардан ошгани халқаро матбуотда кенг ёритилди. Компаниянинг молиявий муаммолари футбол лойиҳасига ҳам бевосита таъсир қилди. Футболчилар маоши, трансферлар, мураббийлар штаби ва инфратузилмани сақлаш учун маблағ топиш қийинлашди. Юлдуз футболчилар ва мураббийлар жамоани тарк эта бошлади. 2022 йил якунида «Guangzhou Evergrande» Хитой Суперлигасидан тушиб кетди. Бир вақтлар Осиёни забт этган жамоа қуйи дивизионда ўйнашга мажбур бўлди. Кейинги йилларда ҳам клубнинг молиявий муаммолари ҳал этилмади.

2025 йил 6 январда «Guangzhou» клуби оғир тарихий қарзларини тўлай олмагани ва янги мавсум учун профессионал лигага қўйилмагани сабаб фаолиятини расман тугатишини эълон қилди. Шу тариқа, саккиз карра мамлакат чемпиони ва Осиё Чемпионлар лигасининг икки карра ғолиби профессионал футбол саҳнасидан чиқиб кетди. 

  Муаммо фақат битта клубда эмасди 

Хитой футболидаги инқироз «Guangzhou Evergrande» билан чекланиб қолмади. 2020 йилда Хитой Суперлигаси чемпионлигини қўлга киритган «Jiangsu Suning» ҳам бунга мисол бўла олади. Жамоа финалда «Guangzhou Evergrande»ни мағлуб этиб, мамлакатнинг энг кучли клуби эканини исботлаган эди. Аммо чемпионликдан атиги уч ой ўтиб, 2021 йил февралида клуб фаолиятини тўхтатишини эълон қилди. Бунга клуб эгаси Suning Group компаниясининг молиявий муаммолари сабаб бўлди. Компания асосий бизнес йўналишларига эътибор қаратиш учун футбол лойиҳасини молиялаштиришни тўхтатди. Натижада амалдаги мамлакат чемпиони профессионал футбол саҳнасидан йўқолди. 

Яна бир мисол — «Hebei FC». Бир вақтлар катта маблағ сарфлаган клуб таркибига Эзекиел Лавесси, Хавер Маскерано ва Гервинё каби таниқли футболчиларни жалб қилган эди. Бироқ молиявий муаммолар сабаб футболчиларнинг маошлари ва бошқа харажатларни қоплаш имконияти камайди. Натижада жамоа профессионал футбол тизимидан чиқиб кетди. Бу ҳолатлар Хитой профессионал футболидаги тизимли муаммони очиб берди: кўплаб клубларнинг тақдири уларни молиялаштираётган компанияларнинг иқтисодий аҳволига боғланиб қолган эди. Бош компания молиявий қийинчиликка учраса, клуб ҳам маблағсиз қоларди. Мустақил даромад манбаларига эга бўлмаган жамоалар учун бундай зарбадан кейин тикланиш жуда қийин эди. 

Қиммат трансферларга чекловлар

 Хитой футболидаги улкан харажатлар ҳукумат эътиборидан четда қолмади. 2017 йилдан бошлаб мамлакат футбол раҳбарлари клубларнинг «мантиқсиз харажатлари»ни чеклашга киришди. Қиммат трансферлар учун қўшимча молиявий талаблар жорий этилди. Бунинг сабаби шуки, клублар маҳаллий футболни ривожлантиришдан кўра, хорижлик футболчиларни катта маблағ эвазига сотиб олишга кўпроқ эътибор қаратаётган эди. 2020 йил декабрида Хитой футбол ассоциацияси янада қатъий молиявий чекловларни эълон қилди. Ўша даврдаги қоидаларга кўра, Хитой Суперлигасида хорижлик футболчиларнинг йиллик маоши солиқдан олдин 3 миллион евро, маҳаллий футболчиларники эса 5 миллион юан билан чекланиши белгиланди.

Клубларнинг умумий харажатларига ҳам лимитлар киритилди. Бу қарорлар молиявий пуфакни жиловлаш ва клубларни иқтисодий жиҳатдан барқарорлаштиришга қаратилган эди. Бироқ бунинг бошқа томони ҳам бор эди: катта маошлар эвазига Хитойга келган футболчилар учун чемпионатнинг жозибаси пасайди. Хорижлик юлдузларнинг бир қисми кетди, янги йирик трансферлар сони камайди. 

Пандемия инқирозни тезлаштирди 

COVID-19 пандемияси Хитой футболининг мавжуд муаммоларини янада кучайтирди. Чемпионат тақвими ўзгарди, ўйинларни ташкил қилиш қийинлашди, айрим учрашувлар томошабинларсиз ўтказилди. Бундай шароитда клубларнинг чипта савдоси, ҳомийлик ва бошқа тижорий манбалардан даромад олиш имкониятлари қисқарди. Айниқса, фаолияти ҳомий компаниялар маблағига боғлиқ бўлган жамоалар бундан қаттиқ зарар кўрди. Асосий муаммо пандемиянинг ўзида эмасди. У мавжуд иқтисодий моделнинг қанчалик заиф эканини кўрсатиб берди. Агар клуб ўз стадиони, мухлислари, тижорий ҳамкорлиги ва академияси орқали етарли даромад олмаса, ҳомий компаниянинг молиявий муаммолари унинг фаолиятини ҳам хавф остига қўяди. Хитой футболида айнан шундай ҳолат кузатилди.

Миллиардлар нега кучли терма жамоа яратолмади? 

Хитой футболининг энг катта парадоксларидан бири шундаки, мамлакат профессионал клубларни ривожлантириш учун катта маблағ сарфлаган бўлса-да, миллий терма жамоа кутилган даражага кўтарилмади. Хитой 2002 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этган. Бу мамлакат тарихидаги ҳозиргача ягона мундиал ҳисобланади. Ўшанда терма жамоа гуруҳ босқичидаги учала учрашувда ҳам мағлуб бўлиб, бирорта гол ура олмаган. Кейинги йилларда футболни ривожлантириш учун катта дастурлар амалга оширилди. 

Бироқ 2026 йилги жаҳон чемпионати саралашида ҳам Хитой терма жамоаси муваффақиятсизликка учради. Жамоа Осиё минтақаси учинчи босқичидаги гуруҳида етарли натижа кўрсата олмади ва мусобақа билан муддатидан олдин хайрлашди. 

2024 йил сентабр ойида Японияга қарши учрашувда қайд этилган 0:7 ҳисобидаги мағлубият ҳам Хитой футболидаги муаммоларни яна бир бор кўрсатди. Бу мамлакатнинг жаҳон чемпионати саралашидаги энг йирик мағлубиятларидан бири бўлди. 2025 йил март ойида BBC Sport эълон қилган таҳлилий материалда Хитой терма жамоасининг FIFA рейтингида 90-ўринда экани қайд этилган эди. Бу 2015 йилда бошланган ислоҳотлар ва йирик инвестицияларга қарамай, терма жамоа халқаро миқёсда сезиларли даражада кучаймаганини кўрсатарди. 

Хўш, муаммо нимада эди?

 Хорижлик юлдузларни сотиб олиш маҳаллий футболчилар савиясини автоматик равишда оширмайди. Кучли терма жамоа яратиш учун фақат профессионал клубларга маблағ ажратиш етарли эмас. Болалар футболи, мактаблар, мураббийлар тайёрлаш тизими ва мунтазам мусобақалар бир-бири билан боғлиқ ҳолда ишлаши керак. Футболчининг шаклланиши узоқ йиллар талаб қиладиган жараён. Катта маблағ сарфлаб, бир неча мавсум ичида халқаро даражадаги футболчилар етиштириб бўлмайди.

Академиялар нега кутилган натижани бермади? 

Хитой футболининг ривожланишига тўсқинлик қилган омиллардан бири ёшлар тайёрлаш тизимидаги муаммолар бўлди. Мамлакатда йирик футбол академиялари ташкил этилди, замонавий майдонлар қурилди, хорижлик мураббийлар таклиф қилинди. Бироқ инфратузилманинг ривожланиши ҳар доим ҳам сифатли футболчилар етишиб чиқишига олиб келмади. 

Масалан, «Guangzhou Evergrande» академияси Хитойдаги энг йирик футбол лойиҳаларидан бири эди. Бу ерда минглаб ёш футболчилар шуғулланиши ва замонавий шароитларда таълим олиши кўзда тутилган. Аммо катта академия қуриш билан кучли футбол мактабини яратиш бир хил нарса эмас.

Тадқиқот муаллифларига кўра, спорт ва таълим тизимлари ўртасидаги узвий боғлиқликнинг етарли эмаслиги, ташкилотлар вазифаларининг аниқ белгиланмагани ҳамда болалар футболида натижага ортиқча урғу берилиши ривожланишга тўсқинлик қилган. Хитойда кўплаб болалар ёшлигида спорт билан шуғулланса-да, ўрта мактаб даврида ўқиш ва имтиҳонларга тайёргарлик устуворликка айланади. 

Натижада мунтазам футбол ўйнаш ва профессионал даражага чиқиш учун зарур вақт қисқаради. Яна бир муҳим масала — ота-оналарнинг муносабати. Профессионал футболдаги коррупция ва турли можаролар спортнинг жамиятдаги обрўсига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли айрим ота-оналар фарзандининг келажагини футбол билан боғлашга иккиланади. Демак, муаммо фақат академиялар сонида эмас. Боланинг мактабдан профессионал клубгача бўлган йўлини таъминлайдиган, мураббийлик сифати, рақобат ва футбол маданиятини бирлаштирадиган тизим зарур эди. 

Коррупция: футболга бўлган ишончга зарба 

Хитой футболидаги инқироз ҳақида гап кетганда, коррупция ва ўйин натижаларини келишиш билан боғлиқ можароларни ҳам четлаб ўтиб бўлмайди. Сўнгги йилларда мамлакат футбол бошқарувида кенг кўламли текширувлар ўтказилди. Бир қатор юқори лавозимли амалдорлар, мураббийлар ва футболчилар коррупцияда айбланди. Энг шов-шувли ишлардан бири Хитой миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Ли Тэ билан боғлиқ бўлди. 

Аввал Англиянинг «Everton» клубида тўп сурган Ли Тэ 2019 йилда Хитой миллий терма жамоасига вақтинчалик бош мураббий сифатида олиб келинди. Кейинчалик бош мураббий этиб тайинланган мутахассис 2021 йилгача жамоани бошқарди. 2024 йил декабр ойида у порахўрлик ва футбол учрашувлари натижаларига ноқонуний таъсир кўрсатиш билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. 

Бу Хитой футболидаги ягона коррупция иши эмасди. 2024 йил март ойида Хитой футбол ассотсиатсиясининг собиқ раҳбари Чен Хуйюан 81 миллион юандан ортиқ пора олишда айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 2024 йил сентабрида эса Хитой футбол ассотсиатсияси 38 нафар футболчи ва беш нафар клуб расмийсини келишилган ўйинлар ва қимор билан боғлиқ қоидабузарликлар сабаб футболдан умрбод четлатди. Расмий текширувларда 120 та учрашувда натижаларни келишиш ҳолатлари аниқлангани, ушбу жараёнга 41 та клуб алоқадор бўлгани ҳақида маълумот берилди. 

 2026 йилда ҳам жазолар давом этди

 2026 йил 29 январда Хитой футболида коррупция, келишилган ўйинлар ва ноқонуний қимор билан боғлиқ текширувлар якунлари бўйича янги жазолар эълон қилинди. Хитой футбол ассоциацияси ва мамлакатнинг тегишли идоралари суд томонидан жиноят содир этган деб топилган 73 нафар футбол соҳаси вакилини футболдаги барча фаолиятдан умрбод четлатди. Бундан ташқари, 13 та профессионал клубга 2026-йилги мавсум учун очко чегирмалари ва молиявий жарималар белгиланди. Хитой футбол ассотсиатсиясининг расмий баёнотига кўра, «Tianjin Jinmen Tigers» ва «Shanghai Shenhua» клублари 10 очкодан маҳрум қилинди. Амалдаги мамлакат чемпиони «Shanghai Port» эса беш очко йўқотди.

Бу жазолар Хитой футболидаги муаммолар фақат молиявий инқироз билан чекланмаганини кўрсатди. Ўйин натижаларига ноқонуний таъсир кўрсатиш, қимор ва порахўрлик каби ҳолатлар спорт мусобақаларининг адолатига ҳам путур етказди. 

Хитой футболи бутунлай барбод бўлдими?

 Хитой футболининг сўнгги ўн йилликдаги тарихига қараб, мамлакатдаги барча лойиҳалар муваффақиятсиз бўлди, деган хулосага келиш тўғри эмас. Ҳукумат дастурлари натижасида инфратузилма кенгайди, янги майдонлар қурилди, ёшлар футболига эътибор ошди. Мамлакатда футболни оммалаштириш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. 2025 йилда BBC Sport билан суҳбатлашган Хитой футболи бўйича мутахассислар ҳам ёшлар футболида айрим ижобий ўзгаришлар борлигини қайд этган. Бироқ бу натижалар профессионал футбол ва миллий терма жамоанинг кутилган даражага чиқиши учун етарли бўлмади. Хитой тажрибасининг асосий сабоғи шуки, футболни фақат пул билан ривожлантириб бўлмайди. 

Машҳур футболчиларни сотиб олиш, таниқли мураббийларни олиб келиш ва замонавий стадионлар қуриш орқали қисқа вақт ичида катта шов-шув яратиш мумкин. Аммо буларнинг ҳеч бири ўз-ўзидан кучли футбол тизимини шакллантирмайди. Бунинг учун маҳаллий футболчиларни болаликдан тўғри тайёрлаш, сифатли мураббийлар етиштириш, клубларнинг мустақил иқтисодий моделини яратиш, футбол бошқарувида шаффофликни таъминлаш ва мухлислар ишончини қозониш зарур. Хитой футболи бир вақтлар дунёни катта трансферлар билан ҳайратга қолдирди. 

Аммо бу жараёнда энг муҳим масала — футболнинг ўзини ривожлантириш иккинчи даражага тушиб қолди. Натижада йирик маблағ сарфланган лойиҳалар иқтисодий инқироз, коррупция ва самарасиз бошқарув олдида заиф бўлиб чиқди. Хитойнинг футбол орзуси ҳали бутунлай тугагани йўқ. Аммо мамлакат энди аввалги хатоларни такрорламасдан, янги тизим қуриши керак.

Чунки кучли футбол учун катта маблағнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун йиллар давомида шаклланадиган футбол мактаби, тажрибали мураббийлар ва шаффоф бошқарув зарур.


                                                                                                              Рамазон Абдурашид

мавзуга оид янгиликлар

22 ёшли қиз эркаклар футбол кулубига мураббий бўлди

Зейнеп Местан Туркиянинг Turgutluspor клубига бош мураббий этиб тайинланди. У клубнинг катталар таркибидаги эркаклар жамоасини бошқарган биринчи аёл мураббий бўлди.

Спорт

11.09.2026, 15:51

Лионел Месси Аргентина терма жамоасидаги фаолиятини якунлади

Лионел Месси Аргентина терма жамоасидаги 21 йиллик фаолиятини якунлади. 39 ёшли футболчи бу қарорини 2026 йил 31 август куни маълум қилди. Унинг миллий жамоадаги сўнгги учрашуви 2026 йилги Жаҳон чемпионати финалида Испанияга қарши бўлди. 

Спорт

02.09.2026, 12:25

Европа парламенти депутатлари FIFA раҳбариятига нисбатан текширув ўтказишни талаб қилди

Депутатлар фикрича, турнир давомида қизил карточка бўйича қоидани ўзгартириш қарори Трампнинг Инфантино билан телефон мулоқотидан сўнг қабул қилинган. 

Спорт

09.07.2026, 16:07

Уч буюк давлат раҳбари Хитойда учрашади

АҚШ, Хитой ва Россия раҳбарлари тарихда илк бор уч томонлама учрашув ўтказиши кутилмоқда. Уч давлат раҳбари Эрондаги уруш ва ядровий қуролларни назорат қилиш масалаларини муҳокама қилади.

Жаҳон

14.11.2026, 10:05

Ўзбекистон – Россия учрашувини қайси ҳакамлар бошқаради?

12 ноябр куни Ўзбекистон ва Россия миллий терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган ўртоқлик учрашувига ҳакамлар тайинланди. 

Спорт

10.11.2026, 11:09

Хитойда етим йигитнинг тўйига минглаб нотаниш одамлар келди

Хитойлик 24 ёшли йигит тўйига меҳмон топиш учун ноодатий йўл тутди. Унинг ижтимоий тармоқдаги мурожаати қисқа вақт ичида кутилмаган натижа берди.

Жаҳон

31.10.2026, 12:13

АРХИВ

САНАГА ЎТИШ

Барча архивни кўрсатиш →

сўнгги янгиликлар

Ўзбекистонда Коксаки вируси билан боғлиқ вазият қандай?

Санэпидқўмита мамлакатда энтеровирусли инфекциялар, жумладан Коксаки вируси билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор ва назорат остида эканини маълум қилди.

Ўзбекистон

25.11.2026, 16:32

Tyson Fury

Тайсонда шизофрения аниқланди

Боксчи бу ҳақда ҳаёти ва спортдаги фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи Netflix ҳужжатли фильмида сўзлаб берди.

Спорт

25.11.2026, 11:52

Гўшт

Ўзбекистонда гўшт импорти: энг кўп гўшт қайси давлатдан келади?

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида мамлакат 12 та давлатдан 132 минг тонна мол гўшти импорт қилди. Харидлар учун 597,7 миллион доллар сарфланган.

Ўзбекистон

25.11.2026, 10:41

Imtihondagi firibgarlik uçun $371 ming mukofot

Имтиҳонда фириб қилганлар 10 йилгача тест топшириш ҳуқуқидан маҳрум этилади

Жанубий Кореяда университетга кириш имтиҳонларида назорат кучайтирилади. Фирибгарлик ҳолатлари ҳақида хабар берганлик учун қарийб 371 000 АҚШ долларигача мукофот пули таклиф қилмоқда.

Таълим

25.11.2026, 10:19

Синдоров ва Гукеш ўйини

Синдаров биринчи мусобақада қанча ютди?

Жавоҳир Синдоров Жаҳон тожи учун шахмат мусобақасида Ҳиндистон вакили Гукеш Доммаражу билан дуранг ўйнади. Ушбу натижа учун ўз ҳисобига 168 минг доллар мукофот пули қўшди.

Спорт

25.11.2026, 09:40

Ўзбекистон Президенти Иорданияда

Аммон шаҳридаги «Ал-Ҳусайния» саройида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироат Мирзиёевани Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн ҳамда Малика Рания ал-Абдулла расмий кутиб олди.

Сиёсат

24.11.2026, 16:32

Малайзия рохинжа қочқинларини Мьянмага қайтарадими?

Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим 6,5 мингдан ортиқ Мьянма фуқаросини декабрь ойида мамлакатга қайтариш режасини эълон қилди. 

Жаҳон

24.11.2026, 15:58

Tojikiston Xalqaro jinoyat sudidan chiqmoqda

Тожикистон Халқаро жиноят судидан чиқмоқда

Душанбе халқаро қидирувдаги президент – Владимир Путин ташрифидан сўнг, ХЖСдан чиқиш қарорини эълон қилди. Европа Иттифоқи Тожикистонни бу ниятидан қайтишга чақирмоқда.

Сиёсат

24.11.2026, 15:41

Женсен Хуанг Nvidia раҳбари лавозимига қайтди: акциялар 31 фоиздан ошди

Nvidia директорлар кенгаши компания асосчиси Женсен Хуангни бош директор лавозимига қайта тайинлади. АҚШ президенти Дональд Трампнинг уни лавозимга қайтариш ҳақидаги чақириқларидан кейин қабул қилинган қарор компания акциялари кескин қимматлашишига сабаб бўлди.

Жаҳон

24.11.2026, 12:53

Ипотека субсидиясига ариза қабул қилиш 25 ноябрда бошланади

Ўзбекистонда ипотека кредити бўйича субсидия олиш учун аризалар 25 ноябрь куни соат 10:00 дан қабул қилинади. Номзодлар ижтимоий мезонлар асосида камида 30 балл тўплаши ва банкнинг кредит тарихи бўйича талабларига жавоб бериши керак.

Ўзбекистон

24.11.2026, 10:42

Nasiyaning tört ming yillik yöli

Лой тахтачалардан замонавий BNPL тизимигача: насиянинг 4 минг йиллик тарихи

Бугун бир неча тугмани босиб, товарни насияга олиш мумкин. Аммо «бугун ол, кейин тўла» тамойили интернет-дўконлардан анча олдин пайдо бўлган. Унинг тарихи қадимги Месопотамияга бориб тақалади.

Фан-технология

24.11.2026, 09:35

Ўзбекистон пул бирлиги

Янги алифбо: амалдаги банкнот ва тангалар алмашадими?

Марказий банк янги ўзбек алифбосига ўтиш муносабати билан амалдаги пулларни алмаштириш шарт эмаслигини маълум қилди.

Иқтисодиёт

23.11.2026, 16:08

Ғишкўприк чегара пости

«Ғишткўприк» чегара-божхона пости 25 ноябрь куни очилади

Халқ орасида «Черняевка» номи билан ҳам танилган «Ғишткўприк» чегара-божхона пости реконструкция ишлари муносабати билан 2025 йил 5 февраль куни ёпилган эди.

Ўзбекистон

23.11.2026, 15:04

Саят Илёсов

Ўзбекистонлик боксчи Қозоғистон фуқаролигини олди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев боксчи Саят Илёсовга фуқаролик бериш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Спорт

23.11.2026, 10:38

Жавоҳир Синдоров жаҳон чемпионатида

Жавоҳир Синдаров жаҳон чемпионатини оқ донада бошлайди

Женевада шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвони учун ўтказиладиган Жавоҳир Синдаров ва амалдаги чемпион Гукеш Доммаражу ўртасидаги баҳс учун қуръа ташланди.

Спорт

23.11.2026, 09:35

Italiyaning Milan shahridagi San Siro (Giuseppe Meazza) stadioni yuqoridan olingan tasvir.

Сан Сиро: бир асрлик тарих ва Милан футболининг янги уйи

Сан Сиро ўрнида нима қурилади? Милан шаҳридаги Сан Сиро стадионининг қарийб бир асрлик тарихи янги босқичга юз тутмоқда. 

Спорт

20.11.2026, 16:11

Toshkent metropoliteni

Тошкент метросида тирбандликни камайтириш учун нима ўзгаради?

2026 йил сентябрь–октябрь ойларида метро хизматларидан 61,7 миллион киши фойдаланди. Йўловчилар кўпайиши муносабати билан вагонлар сонини ошириш ва янги поездлар харид қилиш режалаштирилмоқда. 

Ўзбекистон

20.11.2026, 14:41

Anthropic акциялари 34% ошди

Трамп билан можарога қарамай, Anthropic акциялари 34 фоизга ошди

IPO орқали 81,3 миллиард доллар жалб қилган Claude ишлаб чиқарувчиси Anthropic  SpaceX ўрнатган биржа рекордини янгилади. 

Иқтисодиёт

20.11.2026, 10:51

Сергелида 1,7 гектарлик сунъий кўл пайдо бўлади

Сергелида 1,7 гектарлик сунъий кўл пайдо бўлади

Яна қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Ўзбекистон

20.11.2026, 10:18

O‘zbekiston va Ummon davlat bayroqlari.

Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида 30 кунлик визасиз режим жорий этилади

Келишувнинг кучга кириш шартлари қандай? 

Ўзбекистон

19.11.2026, 16:55

АРХИВ

САНАГА ЎТИШ

Барча архивни кўрсатиш →