Семипалатинск: СССР 40 йил давомида ўтказган ядро синовлари
АҚШ билан ядровий куч борасида беллашган СССР Қозоғистон даштларида юзлаб портлашлар амалга оширди. Семипалатинск полигонида ўтказилган 456 та синов миллиондан ортиқ инсонни радиация таъсирига дучор қилган.
Фан-технология
25.11.2026, 17:17
Улашиш:

Foto: Rasm SI yordamida yaratilgan
1949 йил 29 август куни эрталаб Қозоғистон ССРнинг шарқий қисмида, Семипалатинск шаҳридан тахминан 150–170 километр узоқликдаги махсус ҳарбий полигонда кучли портлаш содир бўлди. Бир неча сония ичида дашт узра улкан олов шари пайдо бўлди, унинг ортидан осмонга қўзиқорин шаклидаги булут кўтарилди. Портлаш тўлқини атрофдаги биноларнинг деразаларини синдирди, айрим уйларнинг деворларини шикастлади.
Бу Совет Иттифоқининг биринчи атом бомбаси синови эди.
Москва учун бу воқеа АҚШнинг ядро қуроли бўйича устунлигига барҳам бериш йўлидаги катта ютуқ ҳисобланган. Аммо портлаш амалга оширилган ҳудудда яшаган аҳоли учун у кейинги ўн йилликларда давом этадиган фожианинг бошланиши бўлди. Совет ҳукумати бу ерда қарийб 40 йил давомида ядро қуролларини синади. Дастлабки тажрибаларданоқ юзлаб ҳайвонлар ҳалок бўлди, радиоактив моддалар эса полигон чегарасидан ташқарига тарқалди.
Шундан сўнг Семипалатинскда 1949–1989 йиллар оралиғида жами 456 та ядро синови ўтказилди. Уларнинг оқибатлари бугун ҳам Қозоғистоннинг собиқ Семипалатинск вилояти аҳолиси ва атроф-муҳитини ўрганаётган олимлар диққат марказида.
Совет Иттифоқининг биринчи атом бомбаси
Семипалатинск полигони тарихини тушуниш учун Иккинчи жаҳон уруши якунларига қайтиш керак. 1945 йил июлида АҚШ президенти Гарри Трумен Потсдам конференцияси вақтида Иосиф Сталинга америкаликлар ниҳоятда кучли янги қурол яратганини маълум қилди. Бу Манхэттен лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган атом бомбаси эди. Август ойида АҚШ Хиросима ва Нагасакига атом бомбаларини ташлади. Япониянинг икки шаҳри вайрон бўлди, юз минглаб одамлар ҳалок бўлди, тирик қолганлар эса кейинчалик радиация оқибатларидан азият чекди.
Сталин учун АҚШнинг бундай қуролга эга бўлиши жиддий стратегик муаммо эди. Урушдан кейин икки давлат ўртасида шаклланаётган қарама-қаршилик шароитида атом бомбаси нафақат ҳарбий восита, балки сиёсий босим ва халқаро таъсир қуролига ҳам айланган эди. Шу сабабли Совет раҳбарияти ўз атом бомбасини яратишни тезлаштирди.
Лойиҳанинг илмий раҳбарлигига физик Игор Курчатов тайинланди. Махсус давлат комиссиясига Лаврентий Берия бошчилик қилди. У қурилиш, илмий тадқиқотлар, саноат корхоналари ва махфийлик билан боғлиқ ишларни назорат қилди.
Совет атом лойиҳаси мутлақо нолдан бошланмади. Германиядан олиб келинган илмий мутахассислар ва техник материаллар, шунингдек, АҚШнинг Манхэттен лойиҳаси ҳақидаги разведка маълумотлари асосида яратилди. Бироқ бомбанинг асосий конструкциясини яратиш, зарур ядро материалларини ишлаб чиқариш ва синовга тайёрлаш улкан саноат ҳамда илмий сафарбарликни талаб қилди.
1949 йилга келиб биринчи совет атом бомбаси тайёр бўлди. Энди уни ҳақиқий шароитда портлатиш ва ҳисоб-китобларнинг тўғрилигини текшириш керак эди. Бунинг учун махсус полигон зарур эди. Совет раҳбарияти биринчи ядро синови учун ҳудуд танлашда бир нечта талабни ҳисобга олди.
Полигон катта майдонга эга бўлиши, ҳарбий объектларни қуриш ва синовларни ташкил этиш учун қулай бўлиши, ташқи кузатувдан имкон қадар ҳимояланган бўлиши керак эди. Қозоғистоннинг шарқий қисмидаги кенг даштлар айнан шундай жой бўлгани учун ҳарбий режалаштирувчиларга маъқул келди.
Семипалатинск шаҳри яқинида темирйўл ва бошқа транспорт инфратузилмаси бор эди. Бу узоқ ҳудудга қурилиш материаллари, техника, озиқ-овқат ва мутахассисларни етказишни осонлаштирарди.
1946 йил 21 августда Семипалатинск ҳудудида ядро синов полигонини ташкил этиш тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди. Кейинчалик бу ерда ҳарбий шаҳарча, лабораториялар, кузатув пунктлари, алоқа тизимлари ва бошқа инфратузилма қурилди.
Совет ҳарбий раҳбарияти ҳудудни нисбатан кам аҳоли яшайдиган жой сифатида кўрган. Аммо бу тасаввур ҳақиқатга тўлиқ мос келмасди. Марказий Осиё университети тадқиқотчилари Чарльз Беккер, Жеффри Хилл ва Султон Муратовнинг 2022 йилда эълон қилинган тадқиқотида 1939 йилги аҳоли рўйхатига кўра, Семипалатинск шаҳрининг ўзида қарийб 150 минг киши яшагани қайд этилган.
Шунингдек, атрофдаги қишлоқлар ва мавсумий чорвачилик манзиллари ҳам мавжуд эди. Демак, полигон қурилган ҳудудни одамлардан холи деб бўлмасди. “Карнеги Эндоумент” тадқиқотчиси Тогжан Кассенованинг ёзишича, Семипалатинск шаҳри синов майдонидан тахминан 120 километр узоқликда жойлашган бўлиб, у ерда турли миллат вакиллари истиқомат қилган.
Ҳарбий режалаштирувчилар эса маҳаллий аҳолининг ҳаёти ва ҳудуднинг тарихий аҳамиятини етарлича ҳисобга олмаган.
Полигонда биринчи синовга тайёргарлик бир неча ой давом этди. Тажриба учун махсус майдон ташкил этилди. Портлаш марказида баланд минора қурилиб, атом бомбаси шу минорага ўрнатилди. Унинг атрофида турли масофаларда ҳарбий техника, бинолар, иншоотлар ва ҳайвонлар жойлаштирилди.
Синовнинг мақсади фақат бомбанинг портлаш қувватини аниқлаш эмасди. Совет олимлари ядровий портлашнинг бинолар, транспорт воситалари, ҳарбий техника ва тирик организмларга қандай таъсир кўрсатишини ҳам ўрганмоқчи эди.
1949 йил 29 август куни маҳаллий вақт билан соат 07:00 да РДС-1 номли атом бомбаси портлатилди. Унинг қуввати тахминан 22 килотонна тротил эквивалентига тенг эди. Таққослаш учун, 1945-йилда Хиросимага ташланган атом бомбасининг қуввати тахминан 15 килотонна бўлган. Портлашдан тахминан 20 дақиқа ўтгач, радиацион ҳолатни текшириш учун махсус ҳимоя воситалари билан жиҳозланган иккита танк портлаш марказига юборилди. Синов муваффақиятли деб топилди. Совет ҳукумати бу синовни мутлақ махфийликда сақлашга ҳаракат қилган. Бироқ портлашнинг яширишнинг имкони бўлмади.
АҚШ разведкаси атмосферадаги радиоактив изларни аниқлаб, Совет Иттифоқи атом бомбасини синовдан ўтказганини 1949 йил сентябрида тасдиқлади.
Ҳайвонлар устидаги махфий тажрибалар
Биринчи атом бомбаси синовининг энг даҳшатли тафсилотларидан бири портлашдан бир кун кейин тузилган махфий ҳисоботда қайд этилган. 1949 йил 30 августда СССР соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Аветик Бурназян синов ҳудудидаги ҳайвонлар ҳолати ҳақида Лаврентий Берияга махфий ҳисобот юборди.
Унда тажриба майдонига жами 1 538 та ҳайвон олиб келингани кўрсатилган. Ҳайвонлар портлаш марказидан турли масофаларда, очиқ майдонда, окопларда ва бинолар ичида жойлаштирилган. Олимлар бу орқали портлашнинг масофа ва ҳимоя иншоотларига қараб қандай ўзгаришини ўрганишган.
Ҳисоботда 1949 йил 29 август куни синов ҳудудидан 122 та ўлик ҳайвон олиб чиқилгани, яна 85 таси оғир аҳволда экани қайд этилган. Портлаш содир бўлган нуқтадан 500 метр наридаги ҳудудда эса яна 138 та ҳайвон қолиб кетган. Уларни олиб чиқиш қийин бўлган. Ҳужжатда бу ҳайвонларнинг аксарияти ҳам нобуд бўлгани тахмин қилинган. Шу тариқа, жами 345 та ҳайвон йўқотилгани кўрсатилган.
Бу тажрибага жалб қилинган барча ҳайвонларнинг 22 фоизига тенг эди. Бироқ 138 та ҳайвоннинг нобуд бўлгани бевосита тасдиқланмаган. Портлаш марказидан 750–800 метр узоқликдаги очиқ майдонда турган ҳайвонларнинг барчасида ҳалокатли таъсир қайд этилган.
1 200 метр масофагача бўлган ҳудудда эса айрим қора итлар ва қўйларда енгил ҳамда ўртача даражадаги куйиш жароҳатлари аниқланган. Бироқ ҳайвонларнинг жойлаштирилиши уларнинг омон қолиш имкониятига ҳам таъсир кўрсатган. Масалан, портлаш марказидан 750–800 метр масофада, икки метргача чуқурликдаги окопларда бўлган ҳайвонлар тирик қолган ва уларда куйиш белгилари аниқланмаган.
Портлашдан 800 метр узоқликдаги тош бинонинг ертўласида турган ҳайвонлар ҳам омон қолган. Бинонинг юқори қаватларида бўлганларнинг кўпчилиги эса бино вайрон бўлиши оқибатида ҳалок бўлган деб тахмин қилинган.
Ҳисоботда радиация билан боғлиқ яна бир муҳим кузатув бор. Портлаш ҳудудидан қайтарилган айрим ҳайвонларнинг қони, ўт суюқлиги, ички аъзолари ва жунида радиоактив моддалар топилган. Бир грамм жунда радиоактивлик кўрсаткичи 300 дан 15 минггача импульсни ташкил этган. Ҳайвонларни ювгандан кейин эса жундаги радиоактивликнинг бир қисми камайган.
Тажриба бу билан тугамаган. Портлашдан омон қолган 230 та ҳайвонда турли даволаш усуллари синаб кўрилган. Уларга антибиотиклар, уйқу дорилари ва бошқа препаратлар берилган, қон зардоби ҳамда физиологик эритма юборилган, қон қуйиш муолажалари ҳам қўлланган. Бу ишлар атом портлашидан кейин ҳайвонлар организмида юз берган ўзгаришларни ўрганиш ва уларнинг аҳволини яхшилаш имкониятларини текшириш билан боғлиқ эди.
Ҳужжатда портлашдан кейинги дастлабки радиация кўрсаткичлари ҳам қайд этилган. 29 август куни соат 10:00 да портлаш марказидаги кўрсаткич сониясига 500 минг микрорентгенни ташкил қилган. Марказдан 250 метр узоқликда бу рақам 100–150 минг, 500 метрда 8 600, 750 метрда 1 000, 1 000 метрда эса 100 микрорентген бўлган.
1949 йилдаги синовдан кейин Семипалатинск полигони Совет Иттифоқининг асосий ядро тажрибалари марказига айланди. Кейинги йилларда бу ерда атом бомбалари билан бирга термоядро қуроллари ҳам синалди. 1953 йилга келиб Совет Иттифоқи водород бомбасини ҳам синовдан ўтказишга тайёрланди.
Бу синов аввалги атом бомбаларига қараганда анча кучли қуролнинг имкониятларини текширишга қаратилган эди. Қозоғистонлик ядро сиёсати бўйича эксперт Тоғжан Кассенова Qalam нашрига берган интервюсида айнан шу синов олдидан юз берган бир воқеани эслайди. Унинг айтишича, портлаш қуввати аввалги синовлардан анча юқори бўлиши маълум бўлган пайтда вазирлик вакилларидан бири кутилмаганда шундай савол берган:
«Одамлар билан нима бўлади? Ҳеч бўлмаганда улар ҳақида ўйлашимиз керак эмасми?»
Кассенованинг сўзларига кўра, ҳарбийлар бу саволни ноўрин деб қабул қилган. Синовдан олдин яқин атрофдаги аҳоли кўчирилган, бироқ бу жараён ҳам муаммосиз кечмаган. Одамларга қаерга ва қанча муддатга кетишлари ҳақида етарли тушунтириш берилмаган. Бир неча ҳафтадан кейин уйларига қайтган айрим аҳоли вакиллари ифлосланган қудуқлар ва нобуд бўлган чорвага дуч келган.
Дастлабки синовлар асосан атмосфера ва ер юзасида ўтказилди. Айрим бомбалар махсус минораларда портлатилган, бошқалари самолётлардан ташланган. Бундай тажрибаларда радиоактив моддалар атмосферага кўтарилиб, шамол ёрдамида узоқ масофаларга тарқалган. Бу жараённинг хавфли томони шундаки, радиоактив булутлар фақат полигон ҳудудида қолмаган. Улар атрофдаги қишлоқлар, яйловлар ва бошқа аҳоли яшайдиган жойлар устидан ўтган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига қарашли Халқаро саратон тадқиқотлари агентлиги (IARC) маълумотларига кўра, 1949–1962 йилларда Семипалатинск полигонида атмосфера ва ер устида 118 та синов ўтказилган.
Ушбу портлашларнинг айримлари натижасида ҳосил бўлган радиоактив булутлар собиқ Семипалатинск вилоятидаги аҳоли пунктларига етиб борган. Одамлар радиоактив моддалар таъсирига бир неча йўл билан учраган: ифлосланган ҳаводан нафас олиш, радиоактив заррачалар тушган озиқ-овқатни истеъмол қилиш ва тупроқдан тарқалган нурланиш таъсирида қолиш.
1963 йилда АҚШ, Совет Иттифоқи ва Буюк Британия атмосфера, космос ва сув остида ядро синовларини тақиқлаш тўғрисидаги шартномани имзолади. Бироқ бу полигон фаолиятини тўхтатмади. Шундан кейин Семипалатинскдаги синовлар асосан ер остига кўчирилди.
1964 йилдан бошлаб ер остидаги махсус қудуқлар ва туннелларда ядро портлашлари амалга оширилди. Бундай усул радиоактив моддаларни ташқи муҳитга чиқармаслик учун қўлланган. Аммо барча синовларда бу мақсадга тўлиқ эришилмаган. Айрим портлашларда радиоактив газлар ва моддалар ер юзасига чиқиб кетган.
Семипалатинск полигонидаги энг ноодатий тажрибалардан бири 1965 йил 15 январда ўтказилди. Бу сафар совет олимлари атом портлашидан ҳарбий мақсадда эмас, балки ер қазиш ва сув ҳавзаси яратишда фойдаланишга уринишди. Лойиҳа «Чаган» деб номланган. Унинг доирасида Шаган дарёси ўзани яқинида, ер остида ядро қурилмаси портлатилди. Қурилма 178 метр чуқурликка жойлаштирилган, портлаш қуввати эса тахминан 140 килотонна бўлган.
Портлаш натижасида ер юзасида улкан кратер ҳосил бўлди. АҚШ Геология хизмати тадқиқотида унинг диаметри 415 метр, чуқурлиги эса 100 метр деб кўрсатилган. Кратер ҳажми тахминан 6,4 миллион куб метрни ташкил қилган. Олимлар ҳосил бўлган чуқурликни сув билан тўлдириб, дашт ҳудудида сув омбори яратишни режалаштиришган.
Портлаш натижасида кўтарилган тупроқ ва жинслар кратер атрофида табиий тўғон вазифасини бажарган. Кейинчалик чуқурлик сув билан тўлган ва Чаган кўли пайдо бўлган. Ушбу лойиҳа Совет Иттифоқининг «Тинч мақсадларда ядровий портлашлардан фойдаланиш» дастурига кирган.
Дастур доирасида каналлар қазиш, ер ости бўшлиқларини яратиш ва бошқа муҳандислик ишларида ядро энергиясидан фойдаланиш имкониятлари ўрганилган. Аммо бундай портлашларнинг экологик оқибатлари жиддий эди. Чаган тажрибасида ҳам радиоактив моддалар атроф-муҳитга тарқалди. Кўлни оддий сув ҳавзаси сифатида хавфсиз деб ҳисоблаш мумкин эмасди.
Радиациянинг узоқ йиллик оқибатлари
Семипалатинскдаги ядро синовлари оқибатлари фақат портлаш вақтида ҳалок бўлган ҳайвонлар ёки вайрон бўлган иншоотлар билан чекланмаган. Энг катта зарар кўп йиллар давомида радиация таъсирида яшаган одамларга етган.
Полигон атрофидаги айрим қишлоқларда аҳоли синовлар ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаган. Баъзи ҳолларда одамлар портлашларни уйларидан туриб кузатган. Радиоактив булутлар ҳудуд устидан ўтганда эса улар хавф даражасини билмаган.
Тоғжан Кассенова АҚШдаги халқаро сиёсат ва хавфсизлик масалаларини ўрганувчи Carnegie Endowment тадқиқот маркази учун ёзган мақоласида Семипалатинск полигони яқинида яшаган аҳолининг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар ҳақида маълумот беради. Унинг ёзишича, айрим аёлларнинг ҳомиласи тушган, ҳомиладорлик оғир кечган ва чақалоқлар ўлик туғилган. Айрим болалар туғма нуқсонлар билан дунёга келган.
Шунингдек, аҳоли орасида саратон ва бошқа касалликлар билан боғлиқ муаммолар кузатилган. Маҳаллий шифокорлар ва раҳбарлар бу ҳолатлар ҳақида марказий ҳукуматга хабар беришга уринган. Бироқ уларнинг мурожаатлари кўпинча натижа бермаган. Ҳарбий идоралар эса ядро синовлари аҳолининг соғлиғига зарар етказганини тан олишга шошилмаган.
Ядро синовларининг инсон саломатлигига узоқ муддатли таъсирини ўрганиш ишлари бугун ҳам давом этмоқда. Халқаро саратон тадқиқотлари агентлиги (IARC) ва Қозоғистон олимлари Семипалатинск полигони атрофида яшаган аҳолининг радиация таъсирига учраганлик даражаси ва саломатлигига етган оқибатларни ўрганиш бўйича янги тадқиқотлар олиб бормоқда.
SEMI-NUC тадқиқоти доирасида аввалги йилларда тўпланган маълумотлар асосида икки гуруҳ шакллантирилган. Биринчи гуруҳга полигон таъсирига учраган 10 та аҳоли пункти ва нисбатан хавфсиз деб ҳисобланган 6 та назорат ҳудудида яшаган жами 19 454 киши киритилган. Иккинчи гуруҳ эса 14 та таъсирланган ва 6 та назорат қишлоғидаги 18 204 кишини қамраб олган.
Ушбу маълумотлар орқали аҳолининг олган радиация миқдори ва соғлиғи ўртасидаги боғлиқликни ўрганиш, хусусан, саратон ва юрак-қон томир касалликлари хавфини баҳолаш кўзда тутилган. Бунда ҳар бир ҳудуддаги радиация даражаси ва бошқа омиллар ҳам ҳисобга олинади. Қозоғистоннинг расмий маълумотларига кўра, Семипалатинск полигонидаги синовлар оқибатида 1,3 миллиондан ортиқ киши радиоактив нурланиш таъсирига учраган.
Полигоннинг ёпилиши ва қолган мерос
1980 йилларнинг охирига келиб Совет Иттифоқида сиёсий вазият ўзгара бошлади. Михаил Горбачёв бошлаган қайта қуриш ва ошкоралик сиёсати натижасида илгари очиқ муҳокама қилиш тақиқланган масалалар ҳам жамоатчиликка чиқа бошлади.
Семипалатинскдаги ядро синовларига қарши норозилик ҳам айнан шу даврда кучайди. 1989 йил 28 февралда қозоқ шоири ва жамоат арбоби Ўлжас Сулаймонов ташаббуси билан «Невада–Семипалатинск» халқаро аксилядро ҳаракати ташкил этилди.
Ҳаракат номидаги «Невада» АҚШдаги ядро синовлари ўтказилган полигонни англатарди. Унинг мақсади фақат Қозоғистондаги синовларни тўхтатиш эмас, балки дунё бўйлаб ядро қуроллари синовларига барҳам бериш эди. Ҳаракатнинг босими тобора кучайиб борди.
Қозоғистоннинг турли шаҳарларида намойишлар ва митинглар ўтказилди. Аҳоли ядро синовларини тўхтатиш ва полигонни ёпишни талаб қилди. Норозиликлар фақат Қозоғистон билан чекланиб қолмади, ҳаракат халқаро миқёсда ҳам қўллаб-қувватланди.
Шунга қарамай, синовлар дарҳол тўхтатилмади. 1989 йил 19 октябр куни Семипалатинск полигонининг Балапан ҳудудида яна бир ер ости ядро портлаши амалга оширилди. Бу полигондаги сўнгги ядро синови бўлди.
Портлаш учун учта ядро қурилмасидан фойдаланилган, уларнинг умумий қуввати тахминан 85 килотоннани ташкил этган. Шундан кейин Семипалатинскда бошқа ядро синовлари ўтказилмади. Бироқ полигонни расман ёпиш учун яна қарийб икки йил керак бўлди.
1991 йил 29 августда Қозоғистон ССР президенти Нурсултон Назарбоев Семипалатинск ядро полигонини ёпиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу қарор Совет Иттифоқи ҳали расман парчаланмаган даврда қабул қилинди. Полигоннинг ёпилиши «Невада–Семипалатинск» ҳаракати ва Қозоғистон жамоатчилигининг узоқ давом этган талаблари натижаси эди. Кейинчалик 29 август Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Халқаро ядро синовларига қарши кураш куни сифатида белгиланди.
Полигон ёпилган бўлса-да, унинг ҳудудида қолган ҳарбий инфратузилма, ер ости туннеллари ва ядровий материаллар хавфсизлигини таъминлаш зарур эди. Қозоғистон мустақилликка эришганидан кейин бу ишларни халқаро ҳамкорлар, жумладан, АҚШ билан биргаликда амалга оширди.
1990 йилларда полигоннинг бир қатор хавфли объектлари зарарсизлантирилди. АҚШ ва Қозоғистон ҳамкорлигида ер ости синовларига хизмат қилган инфратузилмаларни ёпиш ишлари олиб борилди. Шу билан бирга, Қозоғистон собиқ Совет Иттифоқидан қолган йирик ядро арсеналидан ҳам воз кечди. Мамлакат ҳудудида 1 000 дан ортиқ ядровий каллакка эга қитъалараро ракеталар мавжуд эди. Улар кейинчалик Россияга олиб чиқилди ва йўқ қилинди.
Халқаро саратон тадқиқотлари агентлиги ва ядро қуроллари хавфини камайтириш билан шуғулланувчи Nuclear Threat Initiative (NTI) халқаро ташкилоти маълумотларига кўра, Семипалатинск полигонида 1949–1989 йиллар оралиғида 456 та ядро синови ўтказилган. Шундан 116 таси атмосфера ва ер юзасида, 340 таси ер остида амалга оширилган.
Бугунги кунда собиқ полигоннинг майдони тахминан 18 500 квадрат километрни ташкил этади. Унинг айрим ҳудудларида радиоактив ифлосланиш сақланиб қолган ва шу боис полигоннинг айрим қисмларидан ҳозир ҳам фойдаланиб бўлмайди.
Семипалатинск полигони тарихи Совуқ уруш давридаги ядро қуролланиш пойгасининг инсоният учун қандай бедаво оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатадиган энг аччиқ мисоллардан биридир.
Бир томонда АҚШ билан ҳарбий куч борасида тенглашишга интилган Совет Иттифоқи, иккинчи томонда эса бу сиёсий ва ҳарбий рақобатнинг асл нархини ўз саломатлиги, ҳаёти ва келажак авлодлари тақдири билан тўлаган оддий одамлар туради.
Совет Иттифоқи парчаланди, ядро синовлари тўхтатилди, Семипалатинск полигони ёпилди. Аммо ўнлаб йиллар давомида амалга оширилган тажрибаларнинг оқибатлари бир фармон билан йўқолмади. Радиация билан ифлосланган ҳудудлар, саломатлигига зарар етган инсонлар ва авлодлар давомида ўрганилиши керак бўлган тиббий муаммолар бу тарихнинг бир қисми бўлиб қолди.
Семипалатинск бугун шунчаки собиқ ҳарбий полигон эмас. У давлатларнинг қудрат ва устунлик учун олиб борган кураши ортида инсон ҳаёти, табиат ва келажак авлодлар тақдири турганини эслатиб турадиган тарихий сабоқдир. Зеро, ядро қуролига эга бўлиш давлатнинг ҳарбий салоҳиятини ошириши мумкин, аммо унинг синовлари оқибатида етказилган зарарни ҳеч қандай сиёсий ғалаба оқлай олмайди.
мавзуга оид янгиликлар

Космосга юборилган илк ҳайвонлар
Маданий
09.11.2026, 11:50

Иккинчи жаҳон урушида Германия нега енгилди?
Маданий
16.10.2026, 15:13

Иккинчи жаҳон урушидаги йўқотишлар
Жаҳон
22.06.2026, 15:18
машҳур янгиликлар

Хитой футболининг қулаши
Спорт
04.11.2026, 14:44

Ўзбекистонда онлайн харидорларнинг 70 фоизи ишлатилган товар сотиб олган
Ўзбекистон
04.11.2026, 11:45

Таиланд ўзбекистонликлар учун визасиз режимни қайтарадими?
Ўзбекистон
28.10.2026, 12:16

Ҳиндистонда йигит AI ёрдамида ўзини ўғирлатди
Жаҳон
02.11.2026, 11:04

Хитойда етим йигитнинг тўйига минглаб нотаниш одамлар келди
Жаҳон
31.10.2026, 12:13

Yandex Go 10 ноябрдан Market витринасини ёпади
Ўзбекистон
06.11.2026, 09:45
сўнгги янгиликлар

Адолатли судлов ҳуқуқи амалда қандай таъминланмоқда?
Ўзбекистон
25.11.2026, 16:56

Ўзбекистонда Коксаки вируси билан боғлиқ вазият қандай?
Ўзбекистон
25.11.2026, 16:32

Тайсонда шизофрения аниқланди
Спорт
25.11.2026, 11:52

Ўзбекистонда гўшт импорти: энг кўп гўшт қайси давлатдан келади?
Ўзбекистон
25.11.2026, 10:41

Имтиҳонда фириб қилганлар 10 йилгача тест топшириш ҳуқуқидан маҳрум этилади
Таълим
25.11.2026, 10:19

Синдаров биринчи мусобақада қанча ютди?
Спорт
25.11.2026, 09:40

Ўзбекистон Президенти Иорданияда
Сиёсат
24.11.2026, 16:32

Малайзия рохинжа қочқинларини Мьянмага қайтарадими?
Жаҳон
24.11.2026, 15:58

Тожикистон Халқаро жиноят судидан чиқмоқда
Сиёсат
24.11.2026, 15:41

Женсен Хуанг Nvidia раҳбари лавозимига қайтди: акциялар 31 фоиздан ошди
Жаҳон
24.11.2026, 12:53

Ипотека субсидиясига ариза қабул қилиш 25 ноябрда бошланади
Ўзбекистон
24.11.2026, 10:42

Лой тахтачалардан замонавий BNPL тизимигача: насиянинг 4 минг йиллик тарихи
Фан-технология
24.11.2026, 09:35

Янги алифбо: амалдаги банкнот ва тангалар алмашадими?
Иқтисодиёт
23.11.2026, 16:08

«Ғишткўприк» чегара-божхона пости 25 ноябрь куни очилади
Ўзбекистон
23.11.2026, 15:04

Ўзбекистонлик боксчи Қозоғистон фуқаролигини олди
Спорт
23.11.2026, 10:38

Жавоҳир Синдаров жаҳон чемпионатини оқ донада бошлайди
Спорт
23.11.2026, 09:35

Сан Сиро: бир асрлик тарих ва Милан футболининг янги уйи
Спорт
20.11.2026, 16:11

Тошкент метросида тирбандликни камайтириш учун нима ўзгаради?
Ўзбекистон
20.11.2026, 14:41

Трамп билан можарога қарамай, Anthropic акциялари 34 фоизга ошди
Иқтисодиёт
20.11.2026, 10:51
машҳур янгиликлар

Хитой футболининг қулаши
Спорт
04.11.2026, 14:44

Ўзбекистонда онлайн харидорларнинг 70 фоизи ишлатилган товар сотиб олган
Ўзбекистон
04.11.2026, 11:45

Таиланд ўзбекистонликлар учун визасиз режимни қайтарадими?
Ўзбекистон
28.10.2026, 12:16

Ҳиндистонда йигит AI ёрдамида ўзини ўғирлатди
Жаҳон
02.11.2026, 11:04

Хитойда етим йигитнинг тўйига минглаб нотаниш одамлар келди
Жаҳон
31.10.2026, 12:13

Yandex Go 10 ноябрдан Market витринасини ёпади
Ўзбекистон
06.11.2026, 09:45
