Космосга юборилган илк ҳайвонлар

Инсоннинг космосга илк парвозларидан олдин ҳайвонлар вазнсизлик ва радиация шароитида синовдан ўтказилди. Уларнинг айримлари тирик қайтди, бошқалари эса тажрибалар қурбони бўлди.

Маданий

09.11.2026, 11:50

Улашиш:

Лайка Спутник-2 аппаратидаги парвозга тайёрланмоқда. 1957 йил. Фото: Космонавтика музейи

Москва бош архиви

Инсоният минг йиллар давомида осмон ва юлдузларга қизиқиб келган. Бироқ XX асрнинг иккинчи ярмига келиб, бу қизиқиш илмий изланишлар ва амалий тажрибаларга айланди. 1957 йил 4 октябрда Совет Иттифоқи тарихдаги биринчи сунъий Ер йўлдоши — Спутник-1 ни орбитага чиқарди. Орадан бир ой ўтиб эса Ер орбитасига биринчи тирик мавжудот — Лайка исмли ит юборилди. Инсониятнинг коинотни ўрганиш йўлидаги дастлабки қадамларида фақат олимлар ва муҳандислар эмас, балки ўз тақдирини танлай олмаган ҳайвонлар ҳам иштирок этди. Уларнинг айримлари Ерга тирик қайтди, бошқалари эса космик тадқиқотлар тарихидаги дастлабки қурбонларга айланди.

Космосга ҳайвонларни юбориш ғояси Лайка парвозидан анча олдин пайдо бўлган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ ва Совет Иттифоқи Германиянинг V-2 ракеталари ва бошқа ракета технологияларини қўлга киритиб, улардан янги тадқиқотларда фойдалана бошлади. Дастлаб бу технологиялар асосан ҳарбий мақсадларда яратилган бўлса-да, олимлар ракеталар ёрдамида атмосферанинг юқори қатламлари ва космик муҳитни ҳам ўрганиш мумкинлигини англаб етди. Бунинг учун эса тирик организмларнинг кучли тезланиш, вазнсизлик ва радиация таъсирига қандай муносабат билдиришини текшириш зарур эди.

1947 йил 20 февраль куни АҚШ Нью-Мексико штатидаги White Sands полигонидан V-2 ракетаси асосида тайёрланган ракетани учирди. Унинг бортида бир нечта мева пашшалари бор эди. Капсула тахминан 109 километр баландликка кўтарилди ва парашют ёрдамида Ерга қайтди. Пашшалар тажрибадан тирик чиқди. Бу парвоз космосга юборилган ҳайвонларнинг тирик ҳолда Ерга қайтарилган илк муваффақиятли тажрибаси сифатида тарихга кирди. Мева пашшалари бежиз танланмаган: уларнинг биологик хусусиятлари ва тез кўпайиши олимларга радиациянинг тирик организмларга таъсирини ўрганишда қулай имконият яратган эди. Тажрибанинг асосий мақсади юқори баландликдаги космик нурланишнинг биологик таъсирини аниқлаш бўлган.

White Sands полигонида V-2 ракетасининг синов парвозларидан бири. 1940-йиллар. Фото: DN.

Орадан бир йил ўтиб, 1948 йил 11 июнда АҚШ V-2 ракетасида Альберт I исмли резус макака маймунини учирди. Бироқ парвоз якунида ҳайвон ҳалок бўлди. 1949 йил 14 июнда учирилган Альберт II тахминан 134 километр баландликка кўтарилди. У парвознинг ўзидан омон чиқди, аммо капсуланинг парашют тизими ишламай қолгани сабаб Ерга урилиб ҳалок бўлди. Дастлабки тажрибалар олимларга муҳим маълумотлар берган бўлса-да, тирик организмларни космосга чиқаришнинг ўзи етарли эмаслиги, уларни хавфсиз қайтариш ҳам ҳал қилиниши керак бўлган мураккаб вазифа экани аён бўлди.

1950-йилларнинг бошларида Совет Иттифоқи ҳам бу йўналишда фаол тадқиқотларни бошлади. Бош конструктор Сергей Королёв бошчилигидаги мутахассислар келажакда инсонни космосга олиб чиқиш учун зарур технологияларни ишлаб чиқаётган эди. Бунинг учун аввало тирик организмнинг кучли тезланиш, вазнсизлик, босим ўзгариши ва бошқа номаълум омилларга қандай муносабат билдиришини аниқлаш лозим эди. Совет олимлари дастлаб сичқонлар, каламушлар ва қуёнлардан фойдаланди. Кейинчалик итлар асосий тажриба ҳайвонларига айланди. Итлар маймунларга нисбатан тинчроқ бўлиши, парвоз давомида камроқ ҳаракатланиши ва махсус капсулаларда сақлаш учун қулайлиги сабабли танланган. Олимлар кўча шароитида яшаган дайди итлар турли қийинчиликларга чидамлироқ бўлиши мумкин, деб ҳам ҳисоблаган. Шу сабабли Москва кўчаларидан кичик вазнли итлар танлаб олинди.

1951 йил 22 июль куни Дезик ва Цыган исмли икки ит Р-1В ракетасида учирилди. Улар тахминан 100 километрдан ортиқ баландликка кўтарилиб, парашют ёрдамида Ерга тирик қайтди. Бу космос чегараси деб кенг қабул қилинган 100 километр баландликдан юқорига кўтарилиб, муваффақиятли қайтарилган дастлабки итлар парвозларидан бири эди. Кейинги синовларда ҳам айрим ҳайвонлар муваффақиятли қайтди, бошқаларининг парвозлари эса техник носозликлар сабаб фожиали якунланди. Олимлар ҳар бир тажрибадан олинган маълумотлар асосида келажакдаги космик кемалар ва ҳаётни таъминлаш тизимларини такомиллаштиришга уринди.

Лайка: қайтиш имконияти бўлмаган парвоз

1957 йилга келиб космик пойга янги босқичга чиқди. 4 октябрь куни Совет Иттифоқи Спутник-1 ни орбитага чиқарди. Бу муваффақият АҚШда катта сиёсий ва илмий шов-шувга сабаб бўлди. Совет раҳбарияти космосдаги устунлигини яна бир бор намойиш этишни истарди. Шу мақсадда навбатдаги миссия тайёрлана бошлади. Бу сафар сунъий Ер йўлдоши бортида тирик мавжудот бўлиши керак эди.

Танлов натижасида Лайка исмли ит ажратиб олинди. Унинг дастлабки номи Кудрявка бўлган, кейинчалик Лайка номи кенг тарқалди. У ҳам Москва кўчаларидан топилган дайди итлардан бири эди. Кичик вазни ва сокин феъл-атвори уни парвоз учун мос номзодга айлантирган. Тайёргарлик давомида Лайка махсус капсулаларда сақланди, кучли шовқин ва тебранишларга мослаштирилди. Уни ракета ичидаги тор жойда узоқ вақт ҳаракатсиз туришга ўргатишди. Организмида юз берадиган ўзгаришларни кузатиш учун танасига махсус датчиклар ўрнатилди.

1957 йил 3 ноябрь куни Спутник-2 космик аппарати Байқўнғир космодромидан учирилди. Унинг бортида Лайка бор эди. Шу тариқа у Ер орбитасига чиқарилган биринчи ҳайвон бўлди. Бироқ миссиянинг энг ачинарли жиҳати шундаки, Лайкани Ерга қайтариш учун техник имконият кўзда тутилмаган эди. Спутник-2 жуда қисқа муддат ичида тайёрланган ва унинг лойиҳасида қайтиш капсуласи бўлмаган. Демак, Лайка парвозга жўнатилган пайтдаёқ тирик қайтиши режалаштирилмаган эди.

Дастлаб совет расмийлари Лайка парвоздан кейин бир неча кун яшагани, кейин эса махсус озуқа ёрдамида оғриқсиз ҳаётдан маҳрум этилганини маълум қилди. Бироқ кейинчалик бу маълумот нотўғри экани аниқланди. Космик кема ичидаги ҳароратни назорат қилиш тизимида муаммолар юзага келган, капсула ҳаддан ташқари қизиб кетган ва Лайка парвоз бошланганидан бир неча соат ўтиб ҳалок бўлган. Спутник-2 эса 1958 йил 14 апрель куни Ер атмосферасига қайта кириб, ёниб кетди.

Лайканинг парвози космик тадқиқотлар учун маълумот берган бўлса-да, унинг ўлими халқаро миқёсда ахлоқий баҳсларга сабаб бўлди. Тажриба раҳбарларидан бири, совет олими Олег Газенко ҳам йиллар ўтиб бу миссияга муносабати ўзгарганини тан олди. 1998 йилда у Лайкани учириш қароридан афсусланишини, олинган илмий натижалар итнинг ўлимини оқлаш учун етарли бўлмаганини айтган. Бу эътироф космик тадқиқотлар тарихидаги энг машҳур илмий пушаймонликлардан бири бўлиб қолди.

Белка ва Стрелка: космосдан тирик қайтган итлар

Лайкадан кейин олимлар олдида яна бир муҳим вазифа турарди: тирик организмни Ер орбитасига чиқариш билан бирга, уни хавфсиз қайтариш. Инсонни космосга юборишдан олдин айнан шу масалани ҳал қилиш зарур эди. 1960 йил 19 август куни Совет Иттифоқи Спутник-5 космик кемасини учирди. Унинг бортида Белка ва Стрелка исмли иккита ит бор эди. Улар билан бирга 40 та сичқон, иккита каламуш, кулранг қуён, мева пашшалари, ўсимликлар ва бошқа биологик намуналар ҳам космосга юборилди.

Belka ва Strelka орбитал парвоздан кейин. 1960 йил 22 август. Фото: Космонавтика музейи / Москва бош архиви.

Космик кема Ер орбитасида қарийб 24 соат бўлди ва сайёрамизни 17 марта айланиб чиқди. Парвоз давомида Белка ва Стрелканинг юрак уриши, нафас олиши ҳамда бошқа физиологик кўрсаткичлари кузатилди. 20 август куни капсула Ерга қайтди ва парашют ёрдамида муваффақиятли қўнди. Белка ва Стрелка тирик эди. Улар билан бирга олиб кетилган бошқа биологик намуналар ҳам тажриба натижаларини ўрганиш учун қайтариб олинди. Бу инсоният тарихида тирик мавжудотларнинг Ер орбитасига чиқарилиб, хавфсиз қайтарилган илк муваффақиятли парвоз эди.

Белка ва Стрелканинг муваффақияти инсоннинг космосга парвоз қилиши мумкинлигини тасдиқловчи муҳим босқичлардан бири бўлди. Уларнинг суратлари Совет Иттифоқи бўйлаб тарқалди, итлар матбуот ва жамоатчилик эътиборига тушди. Стрелка кейинчалик олтита кучук туғди. Улардан бири — Пушинка — АҚШ президенти Жон Кеннедининг қизи Каролинага совға қилинди. Совуқ уруш даврида икки давлат ўртасидаги кескин рақобат давом этаётган бир пайтда бу совға ўзига хос рамзий маънога эга эди.

1960 йилнинг ўзида бошқа космик тажрибалар ҳам ўтказилди. 28 июль куни Барс ва Лисичка исмли итлар учирилган ракета старт вақтида портлаб кетди ва иккала ҳайвон ҳам ҳалок бўлди. 1 декабрь куни эса Пчёлка ва Мушка исмли итлар Спутник-6 бортида космосга юборилди. Улар Ер орбитасини айланиб чиққанидан сўнг қайтиш вақтида капсула белгиланган траекторияга кира олмади ва Ер атмосферасига қайта кириш чоғида ёниб кетди. Шу сабабли иккала ит ҳам ҳалок бўлди.

1961 йил 12 апрель куни Юрий Гагарин «Восток-1» кемасида Ер орбитасига чиқиб, космосга учган биринчи инсон бўлди. Унинг тарихий парвози олдидан ҳайвонлар иштирокида ўтказилган тажрибалар олимларга муҳим илмий ва техник маълумотлар берган эди. Бироқ инсоннинг космосга чиқиши билан тадқиқотлар якунланмади. Энди олимларни узоқ муддатли парвозлар, вазнсизликнинг организмга таъсири ва космик радиация масалалари қизиқтира бошлади.

Фелисетт: космосга учган илк мушук

1963 йилда космик тадқиқотларда яна бир ноодатий воқеа юз берди. Бу сафар тажриба иштирокчиси ит ҳам, маймун ҳам эмас, мушук эди. Франция ўзининг ракета ва космик тадқиқотлар дастурини ривожлантираётган бир пайтда тирик организмнинг космосдаги ҳолатини ўрганиш бўйича алоҳида лойиҳа тайёрлади. Олимлар тажриба учун 14 та дайди мушукни танлаб, уларни махсус тайёргарликдан ўтказди.

Фелисетт — 1963 йилда Франциянинг космик дастури доирасида ракета ёрдамида учирилган мушук. Фото: архив.

Уларнинг орасидан C341 рақами билан танилган мушук танлаб олинди. Кейинчалик у Фелисетт номи билан машҳур бўлди. 1963 йил 18 октябрь куни у Франциянинг ўша пайтдаги Жазоир ҳудудидаги Hammaguir полигонидан Véronique AGI 47 ракетаси ёрдамида учирилди. Ракета мушукни тахминан 157 километр баландликка олиб чиқди. Парвоз давомида Фелисетт бир неча дақиқа вазнсизлик ҳолатида бўлди. Унинг мия фаолияти, юрак уриши ва бошқа физиологик кўрсаткичлари махсус қурилмалар орқали қайд этилди.

Парвоз якунида капсула парашют ёрдамида Ерга қайтди ва Фелисетт тирик ҳолда топилди. Шу тариқа у космосга учирилган ва Ерга тирик қайтган биринчи мушук сифатида тарихга кирди. Бироқ унинг тақдири ҳам аянчли якунланди. Олимлар парвознинг организмга таъсирини чуқурроқ ўрганиш мақсадида, тахминан икки ой ўтиб, мушукни эвтаназия қилди. 2019 йил декабрида Франциянинг Страсбург шаҳридаги Халқаро космик университет ҳудудида Фелисетт хотирасига бронза ҳайкал очилди. Бу ҳайкал узоқ вақт давомида кенг жамоатчиликка деярли номаълум бўлиб келган космик мушук хотирасини қайта ёдга солди.

Космосда рекорд ўрнатган итлар

Ҳайвонлар иштирокидаги тажрибалар давом этар экан, олимлар космосда бир неча ҳафта яшаш имкониятини ҳам ўрганишга киришди. 1966 йил 22 февраль куни Совет Иттифоқи Ветерок ва Уголёк исмли иккита итни «Космос-110» космик кемасида орбитага чиқарди.

Ветерок ва Уголёк космик парвозга тайёргарлик даврида. 1966 йил. Фото: Юрий Гагарин музейи.

 Миссиянинг муҳим вазифаларидан бири узоқ муддатли парвоз ва Ван Аллен радиация минтақаларининг тирик организмга таъсирини ўрганиш эди.

Ветерок ва Уголёк космосда 22 кун қолиб, 16 март куни Ерга қайтди. Бу ўша давр учун жуда катта натижа эди. Улар ҳайвонлар орасида энг узоқ давом этган орбитал парвоз рекордини ўрнатди. Бу кўрсаткични инсонлар фақат 1974 йилда, Skylab-4 миссияси экипажи 84 кунлик парвозни амалга оширганида ортда қолдирди. Узоқ муддатли парвоз итлар организмига жиддий таъсир кўрсатган эди: улар озиб кетган, жунлари тўкилган ва мушаклари заифлашган. Шунга қарамай, иккала ит ҳам тирик қолди ва кейинчалик соғайиб, яшашда давом этди.

Ойни айланиб қайтган тошбақалар

Космик тадқиқотлар фақат Ер орбитаси билан чекланиб қолмади. 1960-йилларнинг иккинчи ярмида АҚШ ва Совет Иттифоқи Ойга инсон юборишга тайёргарлик кўраётган эди. Бунинг учун космик кемаларнинг Ой атрофидан учиб ўтиши, қайтиш йўналишини аниқлаши ва Ер атмосферасига хавфсиз кириши каби мураккаб жараёнларни синовдан ўтказиш зарур эди. Совет Иттифоқи бу мақсадда «Зонд» дастурини ишлаб чиқди.

Совет олимлари Ой атрофини айланиб қайтган «Зонд-5» аппарати бортидаги тошбақаларни текширмоқда. 1968 йил. Фото: RKK Energiya.

1968 йил 15 сентябрь куни «Зонд-5» космик кемаси Байқўнғир космодромидан учирилди. Унинг бортида иккита чўл тошбақаси, мева пашшалари, қуртлар, ўсимликлар, уруғлар ва бошқа биологик намуналар бор эди. 

Бу миссия оддий орбитал парвоз эмасди. Космик кема Ер орбитасидан чиқиб, Ой томон йўл олди. Уч кунлик парвоздан сўнг, 18 сентябрь куни Ойнинг нариги томонидан тахминан 1 950 километр баландликда айланиб ўтди. Шундан сўнг Ерга қайтиш йўналишини олди. «Зонд-5» Ой орбитасига кириб, унинг атрофида узоқ вақт айланмаган; у Ойни айланиб ўтиб, Ерга қайтган эди.

21 сентябрь куни капсула Ҳинд океанига қўнди. Қутқарув гуруҳлари космик кемани топиб, бортдаги биологик намуналарни текширди. Иккала тошбақа ҳам тирик эди. Шу тариқа улар Ой яқинидан учиб ўтиб, Ерга қайтган илк тирик мавжудотлар сифатида тарихга кирди. «Зонд-5» миссияси инсонни Ойга юборишдан олдин узоқ масофали парвоз ва Ерга қайтиш тизимларини синашда муҳим босқич бўлди.

Хэм ва Бонни: АҚШнинг космик тажрибалари

Бу даврда ҳайвонлар иштирокидаги тажрибалар фақат Совет Иттифоқи билан чекланмаган эди. АҚШ ҳам космик дастурларида маймунлар ва шимпанзелардан фойдаланди. 1961 йил 31 январь куни Хэм исмли шимпанзе Mercury-Redstone-2 миссиясида космосга учирилди. Унинг вазифаси космик кемадаги бошқарув механизмлари ва инсон бажариши керак бўлган айрим ҳаракатларни синашдан иборат эди. Хэм парвоз давомида берилган топшириқларни бажарди ва Ерга тирик қайтди. Унинг муваффақиятли парвози америкаликлар учун ҳам инсонни космосга юбориш йўлидаги муҳим синовлардан бири бўлди.

Бироқ барча тажрибалар ҳам муваффақиятли якунланмади. 1969 йил 28 июнда АҚШ Biosatellite III миссиясида Бонни исмли макакани космосга юборди. Дастлаб парвоз 30 кун давом этиши режалаштирилган эди. Аммо маймуннинг аҳволи ёмонлашгани сабаб миссия тахминан саккиз ярим кундан сўнг муддатидан олдин тугатилди. Бонни Ерга тирик қайтарилган бўлса-да, парвоздан кейинги текширувлар давомида вафот этди. Бу воқеа узоқ муддатли космик парвозлар тирик организм учун нақадар мураккаб эканини яна бир бор кўрсатди.

Инсон Ойга қадам қўйганидан кейин

Астронавт Базз Олдрин Apollo-11 миссияси давомида Ой юзасида. 1969 йил 20 июль. Фото: Нил Армстронг / NASA.

1969 йил 20 июль куни Apollo-11 миссиясининг Ой модули Ой юзасига муваффақиятли қўнди. Бир неча соатдан кейин, универсал вақт бўйича 21 июлга ўтар кечаси, Нил Армстронг Ой юзасига қадам қўйган биринчи инсонга айланди. Унинг ортидан Базз Олдрин ҳам Ой юзасига тушди.

 Инсоният асрлар давомида орзу қилган мақсадига эришган эди. Шундан кейин космик тадқиқотларнинг йўналиши ҳам ўзгара бошлади. Ҳайвонлар билан тажрибалар давом этди, бироқ уларнинг вазифаси узоқ муддатли вазнсизликнинг биологик жараёнларга, тирик организмларнинг ривожланиши ва космик муҳитга мослашишига таъсирини ўрганиш билан ҳам боғлиқ бўлди.

Вазнсизлик шароитидаги ғайриоддий тажрибалар

Арабелла исмли ўргимчак Skylab-3 космик станциясида вазнсизлик шароитида тўқиган тўр. 1973 йил. Фото: NASA.

1970-йилларда космик кемалар ва станцияларда турли ҳашаротлар, балиқлар, қурбақалар, ўргимчаклар, тошбақалар ва бошқа тирик организмлар билан тажрибалар ўтказилди. Масалан, 1973 йилда NASAнинг Skylab-3 миссияси давомида Анита ва Арабелла исмли иккита ўргимчак билан тажриба ўтказилди. 

Олимлар вазнсизлик шароитида ўргимчаклар тўр тўқий оладими, деган саволга жавоб излаган. Дастлаб уларнинг тўрлари одатдагидан фарқ қилган бўлса-да, кейинчалик ўргимчаклар янги шароитга мослашиб, тўр тўқишга муваффақ бўлди.

Кейинги ўн йилликларда ҳам ҳайвонлар иштирокидаги биологик тажрибалар давом этди. Бироқ космик технологиялар ривожланиши билан тажрибаларнинг мақсади ва усуллари ўзгариб борди. Ҳайвонлардан фойдаланиш масаласи эса тобора кўпроқ илмий ва ахлоқий мунозараларга сабаб бўла бошлади. Космосга юборилган ҳар бир ҳайвоннинг тақдири илмий натижалар билан бирга, тадқиқотларда тирик мавжудотларга муносабат қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги саволни ҳам кун тартибига олиб чиқди.

Бугун космик тадқиқотлар тарихига назар ташлар эканмиз, кўпинча Юрий Гагарин, Нил Армстронг ёки бошқа машҳур космонавтларнинг номларини эслаймиз. Бироқ инсониятнинг коинот сари йўлида улардан олдин учган ва бу йўлнинг хавф-хатарларини биринчи бўлиб бошдан кечирган ҳайвонларни ҳам унутмаслик керак.

Лайка Ер орбитасига чиқди, аммо қайтиш имкониятига эга бўлмади. Белка ва Стрелка космосга бориб, тирик қайтган илк ҳайвонлардан бўлди. Фелисетт инсоният тарихидаги биринчи космик мушук сифатида ном қозонди. Ветерок ва Уголёк ўша давр учун рекорд даражадаги узоқ парвозни амалга оширди. Ой яқинидан учиб қайтган тошбақалар эса инсониятнинг Ердан ташқарига чиқиш йўлидаги яна бир муҳим синовнинг иштирокчиларига айланди.

Уларнинг ҳеч бири нима учун танланганини, қаерга олиб кетилаётганини ёки парвоздан кейин нималар юз беришини тушунмаган. Улар инсониятнинг илмий мақсадлари йўлида тажриба иштирокчиларига айланди. Айримлари омон қолди, бошқалари эса ортга қайтмади. Бугун космик тадқиқотлар инсон имкониятларининг чегараларини тобора кенгайтираётган бир пайтда, бу тарихнинг унутилмас бир ҳақиқати бор: инсон коинот сари йўлни ёлғиз босиб ўтмади. Унинг илк йўлдошлари орасида инсон тилини тушунмаган, аммо инсоният тарихида ўз номини қолдирган ҳайвонлар ҳам бор эди.

Муаллиф: Рамазон Усанов

мавзуга оид янгиликлар

Маргарет Ҳемилтон 90 ёшида вафот этди

Унинг ишланмалари 1969 йилда инсоннинг Ойга илк бор қўнишини таъминлаган муҳим технологиялардан бири бўлган.

Жаҳон

09.10.2026, 15:43

Иккинчи жаҳон урушида Германия нега енгилди?

1941-йилда Гитлер СССРни бир неча ой ичида таслим қилишни режалаштирди. Европанинг катта қисмини аллақачон бўйсундирган Германия қўшинлари Москва остонасигача етиб борди. Аммо орадан тўрт йил ўтиб, Берлиннинг ўзи вайроналар ичида қолди.

Маданий

16.10.2026, 15:13

Samarkand-2028 гиперспектрал сунъий йўлдоши 5 август куни орбитага учирилади

Маълум қилинишича, сунъий йўлдош Хитойнинг Шандун провинцияси қирғоқлари яқинида жойлашган денгиз старт платформасидан STAR.VISION компанияси томонидан Lampung-1 йўлдоши билан бирга фазога учирилади.

Фан-технология

04.08.2026, 11:48

АҚШ ва Россия Қозоғистондаги космодромдан космик кема учирди

Украинадаги уруш сабаб юзага келган тарангликка қарамай, АҚШ ва Россия космосдаги ҳамкорлигини давом эттирмоқда.

Фан-технология

15.07.2026, 11:38

Мушуклар қандай қилиб минглаб аскарлар ҳаётини сақлаб қолган?

Биринчи жаҳон уруши даврида окопларда нафақат аскарлар, балки минглаб ҳайвонлар ҳам хизмат қилган. Улар орасида мушуклар алоҳида ўрин тутган.

Маданий

16.06.2026, 13:04

АРХИВ

САНАГА ЎТИШ

Барча архивни кўрсатиш →

сўнгги янгиликлар

Келгуси 10 йилда 450 млрд долларлик энергетика лойиҳалари амалга оширилади

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг электротехника саноати вакиллари, тадбиркорлар ҳамда инвесторлар билан мулоқотида маълум қилинди. 

Ўзбекистон

09.11.2026, 15:16

Ўзбекистонда 13 ноябргача об-ҳаво қандай бўлади?

Мамлакат ҳудудига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши натижасида ҳарорат пасаяди, айрим жойларда ёмғир ёғади, шимолда эса қор кузатилиши мумкин.

Ўзбекистон

09.11.2026, 12:35

Тошкент аэропортида 432 миллион сўмлик 28 та ноқонуний мобил қурилма тўхтатиб қолинди

Йўловчиларнинг айримлари бошқа шахсларга тегишли телефонларни ҳам божхона назоратидан олиб ўтишга уринган. 

Ўзбекистон

09.11.2026, 11:43

Президент «NURA Electric» заводи фаолияти билан танишади

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида электротехника соҳасида фаолият юритаётган тадбиркор ва инвесторлар билан ҳам мулоқот ўтказади. 

Ўзбекистон

09.11.2026, 10:30

Францияда қимматчиликка қарши намойишларга 146 минг киши чиқди

Мамлакат бўйлаб жамоат тартибини сақлашга 70 минг нафар хавфсизлик ходими жалб этилди.

Жаҳон

08.11.2026, 10:23

Ғазода кучли ёмғир 70 мингта чодирни сув остида қолдирди

Биринчи қишки бўрондан кейин минглаб кўчирилган фаластинлик оилалар бошпанасиз қолди. Дастлабки зарар 3 миллион долларга баҳоланмоқда.

Жаҳон

08.11.2026, 09:46

Акбар Жўраев жаҳон чемпионатида учта олтин медаль олди

Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Хитойдаги мусобақада -110 килограмм вазн тоифасида мутлақ чемпион бўлди.

Спорт

08.11.2026, 09:14

СИ киберҳужумчилар имкониятини оширяптими?

Сунъий интеллект киберхавфсизлик соҳасидаги кучлар мувозанатини ҳужумчилар фойдасига ўзгартирмоқда. 

Фан-технология

07.11.2026, 12:27

«Ақлга озуқа бўладиган китоблар»: ALP нашриётида рейд ўтказилди

Чилонзор тумани ИИБ ходимлари ALP нашриётидан 3 номдаги жами 5 274 дона китобни олиб кетган. Китоблар аввалроқ тегишли ташкилотда муҳокама қилинган, аммо бу ҳақда ноширга хабар берилмаган.

Маданий

07.11.2026, 12:05

Қирғизистон Россия ТИВга нота юборди

Қирғизистон Россияга иш ваъдаси билан бориб, алданган ва урушга юборилиш хавфи остида қолган қирғизистонлик йигитни ватанига қайтаришни сўрамоқда.

Сиёсат

06.11.2026, 17:40

Самарқандда ШҲТ Плюс форматидаги илк экспертлар мулоқоти бошланди

Унда рақамли трансформация даврида хавфсизликни таъминлаш, янги технологиялар ривожини ҳисобга олган ҳолда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистон

06.11.2026, 15:56

Diogo Jota xotirasiga bag‘ishlangan gullar va muxlislar qoldirgan yodgorliklar

Футбол олами эрта йўқотган футболчилар

Футбол миллионлаб инсонларни бирлаштирадиган, мухлисларига унутилмас лаҳзалар ва ҳаяжонли учрашувларни тақдим этадиган спорт тури. Бироқ унинг тарихида фақат голлар, совринлар ва ғалабалар билан эмас, балки аянчли фожиалар билан ҳам ёдда қолган воқеалар бор.

Спорт

06.11.2026, 15:06

Қозоғистонда ёқилғини экспорт қилиш тақиқи узайтирилди

Қозоғистонда бензин, дизел ёқилғиси ва нефт маҳсулотларининг айрим турларини автомобил транспортида олиб чиқишга қўйилган тақиқ яна олти ойга узайтирилди. 

Иқтисодиёт

06.11.2026, 14:48

Нилуфар Ҳамидова 7 суткага қамалди

Нима сабабдан қамалди?

Маданий

06.11.2026, 10:36

Серджио Гор портрети

Тошкентда туғилган Серджио Гор Трампнинг давлат котиби бўлиши мумкинми?

АҚШда оралиқ сайловлардан кейин маъмуриятда кадрлар ўзгариши кутилмоқда.

Сиёсат

06.11.2026, 10:32

Yandex Go 10 ноябрдан Market витринасини ёпади

Хўш, энди нима бўлади?

Ўзбекистон

06.11.2026, 09:45

АҚШ Сенатига сайланган илк мусулмон сенатор Абдул Ал-Сайед ким?

2026 йилнинг 3 ноябрида демократ Гари Питерс қайта сайланиш учун ўз номзодини қўймаганидан сўнг бўшаб қолган ўрин учун кураш кескин тус олди. Cайлов пойгасида Демократик партия номзоди Абдул Ал-Сайед ғалаба қозонди.

Сиёсат

05.11.2026, 19:44

«Футбол – бу одамлар»: Роналду хайрлашув мактубини ёзди

Криштиану Роналду Португалия терма жамоасидаги 23 йиллик фаолиятига якун ясамоқда. Беш карра «Олтин тўп» соҳиби хайрлашув хатида рекордлар ва совринлардан кўра, халқ қалбидан жой олиш муҳимроқ эканини таъкидлади.

Спорт

05.11.2026, 17:43

Трамп маслаҳатчилари Исроилдан бошпана сўрамоқчи

Дональд Трамп жамоасининг бош социологи Тони Фабрицио республикачилар учун оралиқ сайловлар натижаси салбий бўлган тақдирда Исроилдан сиёсий бошпана сўрашини айтди.

Сиёсат

05.11.2026, 17:02

АРХИВ

САНАГА ЎТИШ

Барча архивни кўрсатиш →