Футбол олами эрта йўқотган футболчилар

Футбол миллионлаб инсонларни бирлаштирадиган, мухлисларига унутилмас лаҳзалар ва ҳаяжонли учрашувларни тақдим этадиган спорт тури. Бироқ унинг тарихида фақат голлар, совринлар ва ғалабалар билан эмас, балки аянчли фожиалар билан ҳам ёдда қолган воқеалар бор.

Спорт

06.11.2026, 15:06

Улашиш:

Diogo Jota xotirasiga bag‘ishlangan gullar va muxlislar qoldirgan yodgorliklar

Daily Sabah

2026 йил 3 ноябрь куни Испаниянинг «Tenerife» клуби ҳужумчиси Хесус де Мигелнинг 30 ёшида вафот этгани ҳақидаги хабар футбол оламини яна бир бор қайғуга солди. У бир кун аввал «Andorra»га қарши учрашув вақтида рақиб дарвозабони билан тўқнашиб кетган ва шифохонага олиб кетилганига қарамай, ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Бу футбол тарихидаги ягона фожиа эмас. Баъзи футболчилар фаолиятининг энг гуллаган даврида, айримлари эса ҳали катта марраларни забт этишга улгурмаган пайтида ҳаётдан кўз юмди. Уларнинг айримлари миллионлаб мухлисларнинг хотирасида қолган бўлса, бошқалари эндигина катта футбол сари қадам ташлаётган эди.

1. Марк-Вивьен Фоэ — Конфедерациялар кубогидаги фожиа

2003 йил 26 июнь куни Камерун терма жамоаси ярим ҳимоячиси Марк-Вивьен Фоэ Францияда ўтказилган Конфедерациялар кубоги ярим финалида Колумбияга қарши майдонга тушди. Учрашувнинг 71-дақиқасида Фоэ ҳеч ким билан тўқнашмаган ҳолда кутилмаганда майдонга йиқилди.

Тиббиёт ходимлари зудлик билан футболчининг ёнига етиб келишди. Улар қарийб 45 дақиқа давомида унинг ҳаётини сақлаб қолишга уринишди. Бироқ барча уринишларга қарамай, 28 ёшли футболчини қутқариб қолишнинг имкони бўлмади.

Кейинчалик ўтказилган аутопсия Фоэ юрагида гипертрофик кардиомиопатия — юрак мушагининг патологик қалинлашиши билан кечадиган касаллик бўлганини кўрсатди. Мутахассислар унинг ўлими юрак билан боғлиқ табиий сабаблар оқибатида юз берганини маълум қилишди.

Фоэ ўша пайтда Европа футболида ном қозонган ярим ҳимоячилардан бири эди. У Франциянинг «Lans» ва «Lion», Англиянинг «Vest Hem» ҳамда «Manchester Siti» клубларида ўйнаган. Камерун терма жамоаси сафида 60 дан ортиқ учрашувда қатнашиб, 2000 ва 2002 йилларда Африка Миллатлар кубогида ғолиб чиққан.

2. Миклош Феҳер — табассум билан тугаган сўнгги лаҳзалар

Венгриялик ҳужумчи Миклош Феҳер 2004 йил 25 январь куни Португалия чемпионати доирасида «Benfika» сафида «Vitoriya Gimaraes»га қарши учрашувда майдонга тушди.

Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида ҳакам Феҳерга сариқ карточка кўрсатди. Футболчи бунга табассум билан муносабат билдирди. Бироқ орадан бир неча сония ўтиб, у майдонга йиқилди.

Шифокорлар зудлик билан ёрдам кўрсатишга киришди. Феҳер шифохонага олиб кетилди, аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. У 24 ёшда эди. Футболчининг ўлимига юрак фаолиятининг тўсатдан тўхташи сабаб бўлган.

Феҳер Венгрия терма жамоасида ҳам тўп сурган. Португалияда эса «Portu», «Salgueyrush», «Braga» ва «Benfika» клублари шарафини ҳимоя қилган.

Унинг вафотидан кейин «Benfika» 29-рақамли футболкасини муомаладан чиқарди. Клуб стадионида футболчи хотирасига бағишланган бюст ҳам ўрнатилди.

3. Антонио Пуерта — «Sevilya»нинг йўқотилган фарзанди

2007 йил август ойида Испания футболи оғир жудоликка учради. «Sevilya» тарбияланувчиси Антонио Пуерта 22 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

2007 йил 25 август куни «Sevilya» ва «Xetafe» ўртасидаги Ла Лига учрашувида Пуерта майдонда ҳушини йўқотиб, йиқилди. Тиббиёт ходимлари ёрдамидан сўнг у ўзига келиб, майдонни мустақил равишда тарк этди. Аммо кийиниш хонасида яна ҳушидан кетди. Футболчининг аҳволи оғирлашиб, у шифохонага ётқизилди. Шифокорлар бир неча кун давомида унинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилишди. Бироқ 28 август куни Пуерта вафот этди.

Шифокорлар берган маълумотларга кўра, унда юрак ритмининг бузилишига олиб келувчи ирсий касаллик — аритмоген ўнг қоринча дисплазияси мавжуд бўлган. Юрак фаолиятидаги ушбу муаммо унинг майдонда ҳушидан кетишига сабаб бўлган.

Пуерта бутун профессионал фаолиятини «Sevilya»да ўтказган. У клуб академиясидан етишиб чиқиб, асосий жамоанинг муҳим футболчиларидан бирига айланганди. 2006 йилда УЕФА кубогини қўлга киритган жамоа таркибида ҳам бор эди. Шу сабабли у «Sevilya» мухлислари учун оддий футболчи эмас, клуб тарихининг бир қисми эди.

4. Дани Харке — «Espanyol» сардорининг сўнгги сафари

Испаниянинг яна бир клуби — «Espanyol» 2009 йилда ўз сардори Дани Харке­ни йўқотди.

26 ёшли ҳимоячи 2009 йил 8 август куни жамоанинг Италиянинг Флоренция шаҳри яқинидаги Коверчано ҳудудида ўтказаётган мавсумолди йиғини вақтида вафот этди.

Харке жамоа жойлашган меҳмонхонадаги хонасида ўзини ёмон ҳис қилди. У бу ҳақда телефон орқали яқинларига хабар берган. Шундан сўнг клуб ходимлари ва тиббиёт вакиллари унинг хонасига етиб боришди. Бироқ футболчининг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Унинг ўлимига юрак фаолиятининг тўсатдан тўхташи сабаб бўлган.

Харке бутун фаолиятини «Espanyol»да ўтказган, клуб академиясидан асосий жамоага қадар етиб келган футболчилардан бири эди. У 2009 йилнинг ёзида жамоа сардори этиб тайинланган ва янги мавсумда жамоани бошқаришга тайёрланаётган эди.

Унинг вафоти Испания футболида катта қайғу билан қарши олинди. 2010 йилги жаҳон чемпионати финалида Испания терма жамоаси сафида Андрес Иньеста ғалаба голини урганидан сўнг футболкасини ечиб, ичидаги «Dani Jarque, siempre con nosotros» — «Дани Харке, доимо биз билан» деган ёзувни намойиш қилди.

5. Пьермарио Морозини — ҳаёт синовларига қарши курашган футболчи

Италиялик ярим ҳимоячи Пьермарио Морозини 2012 йил 14 апрель куни «Livorno» сафида «Peskara»га қарши Италия Б серияси учрашувида майдонга тушди.

Учрашувнинг 31-дақиқасида Морозини тўсатдан йиқилди. Футболчи ўрнидан туришга уринди, бироқ яна майдонга қулади. Шифокорлар унга ёрдам кўрсатиш учун майдонга югуриб чиқишди ва зудлик билан шифохонага олиб кетишди.

Аммо 25 ёшли футболчининг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Кейинчалик унинг ўлимига кам учрайдиган юрак касаллиги — аритмоген кардиомиопатия сабаб бўлгани маълум қилинди.

Морозини ҳаётида ҳам кўплаб қийинчиликларни бошдан кечирган эди. У ёшлигида ота-онасидан айрилган. Кейинчалик ногирон бўлиб қолган акаси ва синглисидан ҳам жудо бўлган. Шунга қарамай, футбол унинг ҳаётидаги энг катта таянчларидан бири бўлиб қолган.
 

У «Udineze», «Bolonya», «Reggina», «Vichensa» каби клубларда тўп сурган ва Италия ёшлар терма жамоаларида ҳам ўйнаган.

6. Наоки Мацуда — машғулот вақтида юз берган фожиа

Япония футболи тарихида ҳам мухлислар хотирасидан ўчмайдиган йўқотишлар бор. Шулардан бири терма жамоанинг собиқ ҳимоячиси Наоки Мацуда билан боғлиқ.

Мацуда 2002 йилги жаҳон чемпионатида Япония терма жамоаси сафида иштирок этган. У мамлакат футболининг таниқли ҳимоячиларидан бири бўлиб, узоқ йиллар «Yokohama F. Marinos» сафида тўп сурган.

2011 йилда у «Matsumoto Yamaga» клубига ўтди. 2 август куни эрталабки машғулот вақтида, югуриш машқларидан сўнг футболчи тўсатдан йиқилди. У шифохонага олиб кетилди ва сунъий нафас олдириш ускунасига уланди.

Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашганига қарамай, 2011 йил 4 август куни 34 ёшли Мацуда вафот этди. Унинг ўлимига юрак фаолиятининг тўсатдан тўхташи сабаб бўлгани хабар қилинди.

Мацуда Япония терма жамоаси сафида 40 та учрашувда майдонга тушган ва 2002 йилги мундиалда жамоанинг барча тўртта ўйинида иштирок этган.





7. Шейк Тиоте — «Nyukasl» мухлислари хотирасида қолган жангчи

Кот-д’Ивуарлик ярим ҳимоячи Шейк Тиоте Англия Премьер-лигасидаги фаолияти билан кўплаб мухлисларнинг ёдида қолган.

У 2010 йилда «Nyukasl Yunayted» сафига қўшилди ва тез орада жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланди. Тиоте майдондаги курашувчанлиги, рақиб ҳужумларини тўхтатиш қобилияти ва фидойилиги билан ажралиб турарди.

Унинг «Nyukasl» мухлислари хотирасида алоҳида ўрин эгаллашига 2011 йилда «Arsenal»га қарши учрашувдаги воқеа ҳам сабаб бўлган. «Nyukasl» ушбу учрашувда 0:4 ҳисобида мағлуб бўлаётган эди. Бироқ жамоа кетма-кет тўртта гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Шейк Тиоте киритган гол ҳисобни 4:4 га етказганди.

У 2017 йил февраль ойида «Nyukasl Yunayted»дан Хитойнинг «Pekin Enterprises» клубига ўтди. Ўша йилнинг 5 июнь куни машғулот вақтида 30 ёшли футболчи тўсатдан йиқилди. У шифохонага олиб кетилди, аммо ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади.

Тиоте Кот-д’Ивуар терма жамоаси сафида 50 дан ортиқ учрашувда қатнашган ва 2015 йилда Африка Миллатлар кубогида ғолиб чиққан таркиб аъзоси эди.

8. Эмилиано Сала — орзулар сари парвознинг фожиали якуни

Аргентиналик ҳужумчи Эмилиано Сала футболчилик фаолиятидаги энг муҳим трансферлардан бирини амалга оширганидан бир неча кун ўтиб ҳаётдан кўз юмди.

Сала Франциянинг «Nant» клубида муваффақиятли мавсумлар ўтказиб, 2019 йил январь ойида Англиянинг «Kardiff Siti» клубига ўтди. Трансфер қиймати тахминан 15 миллион фунтни ташкил этган эди. Бу «Кардифф» тарихидаги энг қиммат трансферлардан бири бўлди.

21 январь куни Сала Франциянинг Nant шаҳридан Уэльснинг Кардифф шаҳрига кичик самолётда йўлга чиқди. Бироқ самолёт Ла-Манш бўғози устида радарлардан йўқолди.

Бир неча кун давом этган қидирув ишлари натижасида самолёт қолдиқлари денгиз тубидан топилди. 6 февраль куни футболчининг жасади ҳам аниқланиб, унинг ҳалок бўлгани тасдиқланди. Самолёт учувчиси Дэвид Ибботсоннинг жасади эса топилмади.

Кейинчалик ўтказилган тергов парвоз зарур рухсат ва сертификатларсиз, тижорий парвоз учун талаб этиладиган қоидаларга риоя қилинмаган ҳолда ташкил этилганини аниқлади. Суд-тиббий текширув эса Сала организмида юқори миқдорда углерод оксиди бўлганини кўрсатди. Тергов хулосасига кўра, футболчи ҳалокат вақтида ушбу газдан заҳарланиш оқибатида ҳушсиз ҳолатда бўлган бўлиши мумкин.

9. Давиде Астори — меҳмонхона хонасида узилган ҳаёт

Италиялик ҳимоячи Давиде Астори 31 ёшида, «Fiorentina» сардори ва Италия терма жамоаси футболчиси бўлган пайтида ҳаётдан кўз юмди.

Астори 1987 йил 7 январда Италиянинг Сан-Жованни-Бианко шаҳрида туғилган. Футболчилик фаолиятини «Milan» академиясида бошлаган бўлса-да, асосий жамоада майдонга тушиш имкониятига эга бўлмади. Кейинчалик «Pizzigettone» ва «Kremoneze» клубларида ижара асосида тўп сурди. 2008 йилда «Kalyari» сафига қўшилиши унинг фаолиятидаги муҳим бурилиш бўлди.

Сардиния клуби сафида Астори олти мавсум давомида ўйнаб, А Сериянинг ишончли марказий ҳимоячиларидан бирига айланди. Унинг ўйини Италия терма жамоаси мураббийлари эътиборини тортди. Астори 2011 йилда терма жамоадаги дебютини ўтказди ва жами 14 та халқаро учрашувда қатнашди. 2014 йилда «Roma»га ижарага берилди, бир мавсумдан сўнг эса «Fiorentina» билан шартнома имзолади.

Флоренцияда у тез орада жамоанинг асосий таркибидан жой олди. 2017 йилда эса «Fiorentina» сардори этиб тайинланди. Астори ҳимоядаги ишончли ҳаракатлари ва жамоа етакчиларидан бири сифатидаги ўрни билан ажралиб турарди.

2018 йил 4 март куни «Fiorentina» Италия чемпионатининг навбатдаги турида «Udineze»га қарши майдонга тушиши керак эди. Учрашув олдидан жамоа Удине шаҳридаги меҳмонхонага жойлашган эди. Футболчилар ўйинга тайёргарлик кўраётган бир пайтда Астори ўз хонасида қолган.

Эрталаб жамоадошлари ва клуб ходимлари уни уйғотишга уринишган, бироқ футболчи жавоб бермаган. Кўп ўтмай, Асторининг вафот этгани маълум бўлди. У атиги 31 ёшда эди.

Футболчининг ўлими бўйича ўтказилган суд-тиббий текширувларда юрак ритмининг хавфли бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилди. Дастлабки хулосаларда брадиаритмия эҳтимоли кўрсатилган. Шу сабабли унинг ўлим сабабини битта аниқ ташхис билан изоҳлашдан кўра, юрак фаолиятининг тўсатдан бузилиши билан боғлиқ фожиа сифатида баён этиш тўғрироқ.

Фожиа сабаб «Fiorentina»нинг «Udineze»га қарши учрашуви қолдирилди. Италия футбол федерацияси ўша куни А Серия ва қуйи дивизионлардаги бошқа ўйинларни ҳам бекор қилди. Кейинчалик Асторининг дафн маросими Флоренциядаги Санта-Кроче базиликасида ўтказилди. Маросимга унинг собиқ жамоадошлари, мураббийлар, футбол раҳбарлари ва минглаб мухлислар ташриф буюрди.

Асторининг вафотидан кейин «Fiorentina» унинг хотирасига 13-рақамли футболкасини муомаладан чиқарди. «Kalyari» ҳам собиқ футболчисининг рақамини бошқа футболчиларга бермасликка қарор қилди.

10. Диого Жота — бахтли кунлардан фожиагача

2025 йил Диого Жота учун фаолиятидаги энг муваффақиятли йиллардан бири бўлди. «Liverpul» 2024/25 йилги мавсумда Англия Премьер-лигаси чемпионлигини қўлга киритди. Жамоа 27 апрель куни «Tottenhem»ни 5:1 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионликни муддатидан олдин расмийлаштирди. Жота мавсум давомида жароҳатлар сабаб айрим учрашувларни ўтказиб юборган бўлса-да, жамоанинг чемпионлик йўлидаги муҳим футболчиларидан бири бўлди.

Орадан бир неча ҳафта ўтиб, 8 июнь куни Жота Португалия терма жамоаси билан УЕФА Миллатлар лигаси финалида Испанияга қарши майдонга тушди. Мюнхенда бўлиб ўтган учрашувнинг асосий ва қўшимча вақти 2:2 ҳисобида якунланди. Пеналтилар сериясида Португалия 5:3 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир чемпионига айланди. Жота ўйиннинг қўшимча вақтида захирадан майдонга тушди. Бу унинг терма жамоадаги сўнгги учрашуви бўлиб қолди.

22 июнь куни эса футболчи ҳаётидаги яна бир муҳим воқеа юз берди. Жота Португалиянинг Порту шаҳрида узоқ йиллик севгилиси Руте Кардосо билан турмуш қурди. Уларнинг муносабатлари кўп йилларга бориб тақаларди. Эр-хотиннинг уч нафар фарзанди бор эди.

Аммо 2025 йил 3 июль куни бу қувончли ҳаётга нуқта қўйилди. 28 ёшли Диого Жота ва унинг укаси, 25 ёшли профессионал футболчи Андре Силва Испаниянинг Самора провинциясида юз берган автоҳалокат оқибатида ҳалок бўлди.

Ҳодиса А-52 автомобиль йўлида, Сернадилла яқинида содир бўлган. Ака-укалар Lamborghini русумли автомобилда ҳаракатланаётганида машина йўлдан чиқиб кетган ва ёниб кетган. Испания фуқаролик гвардиясининг дастлабки маълумотларига кўра, автомобил шина ёрилиши оқибатида бошқарувни йўқотган. Ҳар икки футболчи ҳодиса жойида вафот этган.

Жота профессионал фаолиятини Португалиянинг «Pako de Ferreyra» клубида бошлаган. 2016 йилда Мадриднинг «Atletiko» клуби билан шартнома имзолаган, бироқ асосий жамоада майдонга тушмаган. Кейинчалик «Portu»да ижара асосида ўйнади. Унинг Англиядаги фаолияти 2017 йилда «Vulverhempton»га ўтиши билан бошланди. Бу клуб сафида ўзини кўрсатган ҳужумчи 2020 йилда «Liverpul»га кўчиб ўтди.

Мерсисайдликлар сафида Жота жами 182 та учрашувда қатнашиб, 65 та гол урди. У клуб билан Англия Премьер-лигаси, Англия кубоги ва икки марта Лига кубогини қўлга киритди. Португалия терма жамоаси сафида эса 49 та ўйин ўтказиб, 14 та гол муаллифи бўлди.

Жотанинг ўлимидан кейин «Liverpul» унинг 20-рақамли футболкасини эркаклар, аёллар ва академия жамоаларида муомаладан чиқаришга қарор қилди. Клуб шу тариқа футболчи хотирасини абадийлаштирди.  

2026 йил 2 ноябрь куни Испания иккинчи дивизионида «Tenerife» ва «Andorra» жамоалари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларда тўп учун кураш вақтида «Andorra» дарвозабони Хесус Овоно Хесус де Мигел билан тўқнашиб кетди. Тўқнашув вақтида дарвозабоннинг тиззаси ҳужумчининг кўкрак қисмига тегди.

Де Мигел майдонда ҳушини йўқотди. Тиббиёт ходимлари унга зудлик билан ёрдам кўрсатиб, юрак фаолиятини тиклашга уринди. Футболчи тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетилди. Дастлаб унинг аҳволи оғир бўлса-да, барқарор экани билдирилган. Бироқ кейинчалик ҳолати ёмонлашди.

3 ноябрь куни «Tenerife» клуби 30 ёшли ҳужумчининг вафот этганини расман эълон қилди.

Хесус де Мигел 2025 йилда «Kastelyon» клубидан «Tenerife»га ўтганди. У аввалги мавсумда жамоа сафида 11 та гол уриб, клубнинг юқори дивизионга чиқишига ҳисса қўшган.

АРХИВ

САНАГА ЎТИШ

Барча архивни кўрсатиш →

сўнгги янгиликлар

Самарқандда ШҲТ Плюс форматидаги илк экспертлар мулоқоти бошланди

Унда рақамли трансформация даврида хавфсизликни таъминлаш, янги технологиялар ривожини ҳисобга олган ҳолда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистон

06.11.2026, 15:56

Қозоғистонда ёқилғини экспорт қилиш тақиқи узайтирилди

Қозоғистонда бензин, дизел ёқилғиси ва нефт маҳсулотларининг айрим турларини автомобил транспортида олиб чиқишга қўйилган тақиқ яна олти ойга узайтирилди. 

Иқтисодиёт

06.11.2026, 14:48

Нилуфар Ҳамидова 7 суткага қамалди

Нима сабабдан қамалди?

Маданий

06.11.2026, 10:36

Серджио Гор портрети

Тошкентда туғилган Серджио Гор Трампнинг давлат котиби бўлиши мумкинми?

АҚШда оралиқ сайловлардан кейин маъмуриятда кадрлар ўзгариши кутилмоқда.

Сиёсат

06.11.2026, 10:32

Yandex Go 10 ноябрдан Market витринасини ёпади

Хўш, энди нима бўлади?

Ўзбекистон

06.11.2026, 09:45

АҚШ Сенатига сайланган илк мусулмон сенатор Абдул Ал-Сайед ким?

2026 йилнинг 3 ноябрида демократ Гари Питерс қайта сайланиш учун ўз номзодини қўймаганидан сўнг бўшаб қолган ўрин учун кураш кескин тус олди. Cайлов пойгасида Демократик партия номзоди Абдул Ал-Сайед ғалаба қозонди.

Сиёсат

05.11.2026, 19:44

«Футбол – бу одамлар»: Роналду хайрлашув мактубини ёзди

Криштиану Роналду Португалия терма жамоасидаги 23 йиллик фаолиятига якун ясамоқда. Беш карра «Олтин тўп» соҳиби хайрлашув хатида рекордлар ва совринлардан кўра, халқ қалбидан жой олиш муҳимроқ эканини таъкидлади.

Спорт

05.11.2026, 17:43

Трамп маслаҳатчилари Исроилдан бошпана сўрамоқчи

Дональд Трамп жамоасининг бош социологи Тони Фабрицио республикачилар учун оралиқ сайловлар натижаси салбий бўлган тақдирда Исроилдан сиёсий бошпана сўрашини айтди.

Сиёсат

05.11.2026, 17:02

Дакар-2026: ўзбекистонлик дзюдочи Жўрабек Эшпўлатов кумуш медални қўлга киритди

Ўзбекистон делегацияси Сенегалда ўтаётган IV ёшлар ёзги Олимпия ўйинларида иккинчи медалини қўлга киритди.

Спорт

05.11.2026, 15:48

Энергетик ичимликлар таъқиқланиши мумкин

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳукуматга масалани бир ойда ўрганиш, олти ой ичида эса тегишли тартибга солиш чораларини қабул қилиш тўғрисида топшириқ берди.

Жаҳон

05.11.2026, 11:29

Марказий банк асосий ставкани 14 фоизда қолдирди

Инфляция 7 фоизгача кўтарилиши мумкин.

Иқтисодиёт

05.11.2026, 10:23

АҚШ Сенатига илк мусулмон сайланди

Мичиган штатидаги кескин сайловда демократ Абдул Эл-Сайед республикачи Майк Рожерс устидан ғалаба қозонди.

Сиёсат

04.11.2026, 17:55

Жаҳон тиллари университетидаги «Хавфсиз талаба» можароси: декан ишдан олинди

Воқеа нимадан бошланган эди?

Таълим

04.11.2026, 17:07

Экстремистик ташкилотларда иштирок этганлик учун 10 йилгача қамоқ жазоси белгиланди

Янги қонунда нималар назарда тутилган?

Ўзбекистон

04.11.2026, 15:27

Guangzhou Evergrande  футболчисининг мухлислар билан хайрлашуви

Хитой футболининг қулаши

Mиллиардлар нега самара бермади? 

Спорт

04.11.2026, 14:44

Бундан буён “камбағал оила қолмади” деган ҳисобот ўтмайди – Президент

Бухоро вилоятида 40 мингга яқин киши ишсиз, яна 270 минг нафар аҳолининг даромади ўртача кўрсаткичдан паст. 

Ўзбекистон

04.11.2026, 14:16

Дунё бўйлаб 28 йил

Британиялик Карл Бушби дунё бўйлаб саёҳатини қандай якунлади?

Маданий

04.11.2026, 11:59

Ўзбекистонда онлайн харидорларнинг 70 фоизи ишлатилган товар сотиб олган

Онлайн савдода нималарга эътибор қилиш лозим?

Ўзбекистон

04.11.2026, 11:45

24 давлат вакиллари Самарқандда нимани муҳокама қилади?

Самарқандда ШҲТ плюс хавфсизлик бўйича экспертлар мулоқоти ўтказилади

Ўзбекистон

04.11.2026, 11:07

АРХИВ

САНАГА ЎТИШ

Барча архивни кўрсатиш →