Жамол Қошиқчи қотиллиги: Саудия консуллигидаги сирли ўлим

2018 йил, Истанбул. Саудия Арабистони консуллигига ташриф буюрган журналист бино­га кирди-ю, қайтиб чиқмади.

Бу одам Жамол Қошиқчи: Муҳаммад бин Салмон ҳукуматини очиқ танқид қилган журналист.

Кейинчалик маълум бўлишича, у консулликда ўлдирилган. Бўлаклаб ташланган жасади эса ҳанузгача топилмади.

Маданий

27.11.2026, 17:03

Улашиш:

ҚОШИҚЧИ КИМ?

Жамол Аҳмад Қошиқчи – саудиялик журналист, шарҳловчи ва ёзувчи. У 1958 йил 13 октябрда Мадина шаҳрида туғилиб, 1983 йилда Indiana universitetini бизнес бошқаруви йўналиши бўйича бакалавр даражасини олган.

Жамол журналистик фаолиятини инглиз тилида чоп этиладиган Саудия Арабистонининг Saudi Gazette газетаси мухбири сифатида бошлаган. Кейинчалик “Asharq Al-Awsat”, “Arab News”, “Al-Hayat” каби газеталарда ишлаган. 

Кенг журналистик тажрибаси туфайли у сиёсий ислом ва унга алоқадор ҳаракатлар бўйича мутахассис сифатида машҳурликка эришди. Афғонистон уруши ва Биринчи Кўрфаз уруши ҳақидаги репортажлари, шунингдек, 1990-йилларнинг бошларида 11 сентябрь терактларининг ташкилотчиси Усома бин Лодиндан интервью олгани билан кенг танилган.

Жамол 2003 йилда Саудия Арабистонидаги ислоҳот тарафдори бўлган илк газеталардан бири – Al-Watan'нинг бош муҳаррири лавозимини эгаллаган. Орадан икки ой ҳам ўтмай, таҳририят сиёсати сабаб ишдан бўшатилган.

Шундан сўнг у Саудия Арабистонининг Лондондаги, кейинчалик эса Вашингтондаги элчиси шаҳзода Турки ал-Файсалнинг медиа маслаҳатчиси этиб тайинланган.

2007 йилда Жамол “Al-Watan”га бош муҳаррир сифатида қайтди. 2010 йилда эса таҳририят услуби, Саудия жамиятида муҳокама ва мунозара доирасини кенгайтиришга интилгани сабаб яна ишдан бўшатилди.

2010 йил июнь ойида шаҳзода Ал-Валид бин Талол Қошиқчини янги ташкил этилаётган, 24 соат давомида эфирга узатиладиган араб тилидаги Al-Arab ахборот телеканалига раҳбар этиб тайинлаган. Телеканал 2015 йилда Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида иш бошлади. Бироқ эфирга чиққанидан 11 соат ҳам ўтмай, ҳукуматдан Al-Arab'ни тўхтатиш ҳақида буйруқ келган.

Телеканал ёпилгач, Жамол Қошиқчи журналистик фаолиятини ёзма матбуот ва халқаро оммавий ахборот воситаларида давом эттирди. 2015 йил декабрида “Al-Hayat” газетасида чоп этилган мақолаларидан бирида журналист мустақил фикр билдириш муҳимлигини таъкидлаб, босимлар ўз қарашларидан воз кечтира олмаслигини ёзган.

2016 йил охирида Қошиқчи АҚШга янги сайланган президент Дональд Трампнинг Яқин Шарқ сиёсати ва Саудия раҳбариятининг унга нисбатан муносабатини танқид қилди. Шундан сўнг унинг Al-Hayat газетасидаги мақолалари тўхтатилди. Саудия расмийлари унга газеталарда ёзиш, телевидениеда чиқиш ва конференцияларда қатнашишни ҳам тақиқлаб қўйди.

2017 йил июнь ойида Қошиқчи ўз хавфсизлиги учун Саудия Арабистонини тарк этиб, АҚШга кўчиб ўтишга мажбур бўлди. Бу пайтда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ҳокимиятдаги мавқеини мустаҳкамлаётган, ўзгача фикрловчиларга қарши тазйиқлар кучайган эди. Ўша даврда Қошиқчи Al Jazeera телеканалига берган интервьюларидан бирида шундай деган:

“Айни дамда саудиялик зиёлилар ва журналистлар талайгина. Аммо энди ҳеч ким ислоҳотлар ҳақида гапиришга ва уларни танқид қилишга журъат этолмайди. Масалан, NEOM лойиҳасини олинг. У валиаҳд шаҳзода ярим триллион доллар сармоя киритишни режалаштираётган футуристик шаҳар. Агар ҳаммаси чаппасига кетса-чи? Бу мамлакатни хонавайрон қилиши мумкин”.

2017 йилда The Washington Post газетасида ҳам унинг илк мақоласи эълон қилинди. Мақола “Саудия Арабистони ҳар доим ҳам бунчалик репрессив бўлмаган. Бироқ ҳозирги ҳолат чидаб бўлмас даражада” деб номланган эди. Унда муаллиф мамлакатдаги сиёсий босим, ҳибсга олишлар ва сўз эркинлигининг чекланишини танқид қилади. Шу мақоладан кейин Қошиқчи газетанинг доимий шарҳловчиларидан бирига айланди ва ўлимига қадар бу нашрда йигирмата мақола чоп эттирди.

“Араб дунёсига энг зарур нарса – сўз эркинлиги” деб номланган охирги мақоласида бутун араб давлатларидаги матбуотнинг аянчли аҳволи, араб фуқаролари ўз давлатида бўлаётган жараёнлар, хусусан, ислоҳотларнинг оқибати ҳақида мулоҳаза қила олмаслиги ва ҳукуматларнинг эркин сўзга нисбатан тазйиқлари баён этилган эди.

 

ҚОТИЛЛИК

Қошиқчининг ўлдирилиши ва ундан кейинги муҳим ҳодисаларни саналар кетма-кетлигида кўриб чиқамиз. Сиз эса ёқтирмани босиб, обуна бўлиб қўйинг ва кузатишда давом этинг.

2018 йилда Қошиқчи 36 ёшли туркиялик докторант Хатиже Жингиз билан танишади ва улар турмуш қуришга қарор қилишади. Жингиз Туркия фуқароси бўлгани учун никоҳни Туркияда расмийлаштиришни режалаштиришган. Қошиқчи бундан аввал қаллиғи Ровия ат-Туниси билан ажрашган эди. Уларнинг 4 нафар фарзанди бўлган.

2018 йил 28 сентябрда Қошиқчи собиқ рафиқаси билан ажрашганини тасдиқловчи ҳужжатни олиш учун Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллигига илк бор ташриф буюради. Туркия қонунчилигига кўра, Хатиже Жингиз билан турмуш қуриши учун ундан ушбу ҳужжат талаб қилинган. Унга илиқ муносабатда бўлган консуллик ходимлари 2 октябрда ҳужжатларини олиб кетиши мумкинлигини айтади.

2018 йил 2 октябрь

Қошиқчи Хатиже Жингиз ҳамроҳлигида Саудия Арабистони консуллигига яна келади. Жингиз консуллик биноси ташқарисида қолади. Кузатув камералари Қошиқчининг соат 13:14 да бино­га кирганини қайд этган.

Журналист Хатижега агар бирор кўнгилсиз ҳодиса юз берса, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг яқин маслаҳатчиси Ясин Актай билан боғланишни тайинлаб қўяди.

Орадан уч соат ўтади. Қошиқчидан эса дарак йўқ. Жингиз консуллик ходимларидан Жамол ҳақида сўрайди. Унга Жамол бино­дан аллақачон орқа эшик орқали чиқиб кетганини айтишади.

Бироқ бунга ишонмаган Жингиз консуллик ташқарисида кутишда давом этади. Кечроқ Ясин Актай билан боғланади. Актай эса Туркия расмийларига мурожаат қилади. Қошиқчининг йўқолиши юзасидан хавотир кучайиб, масала дипломатик даражага кўтарилади.

Бир кундан кейин Саудия Арабистони расмийлари Қошиқчи бинони тарк этгач бедарак йўқолгани ҳақида баёнот берди. Бироқ Туркия президенти матбуот котиби Қошиқчи консуллик биносидан ҳеч қаёққа чиқмаганини маълум қилади.

Икки кун ўтиб, 4 октябрда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Қошиқчининг бедарак йўқолиши юзасидан тушунтириш бериш учун Саудия Арабистонининг Анқарадаги элчисини вазирликка чақиртирди.

5 октябрь куни Муҳаммад бин Салмон Қошиқчи консуллик биносида эмаслигини айтиб, Туркия томонидан тергов ўтказилиши ва Саудиянинг дипломатик ваколатхонасида тинтув амалга оширилиши мумкинлигини билдиради.

Валиаҳд шаҳзода Bloomberg нашрига берган интервьюсида шундай деган:

“Билишимча, у ичкарига кирган ва бир неча дақиқа ёки бир соатдан кейин қайтиб чиққан. Аниқини билмайман. Биз ўша пайтда айнан нима бўлганини аниқлаш учун Ташқи ишлар вазирлиги орқали бу ҳолатни ўрганмоқдамиз”.

Кейинчалик Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Қошиқчининг тириклигига умид қилаётганини, консуллик биносига кириш ва ундан чиқиш жойларидаги видеёзувлар ўрганилишини, шунингдек, Туркияга келган ва ундан учиб кетган барча рейслар кузатувдан ўтказилишини маълум қилади.

Эрдоғаннинг маслаҳатчиси Ясин Актай эса Қошиқчи консуллик биноси ичида ўлдирилгани шубҳасиз, деб ҳисоблашини айтади.

10 октябрь куни Туркия Қошиқчининг сирли ғойиб бўлиши ортдан Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллигида кузатилган шубҳали ҳаракатлар акс этган видеёзувларни ҳамда Саудия Арабистонидан махсус юборилган, суиқасд уюштиришда гумон қилинаётган 15 кишилик гуруҳ аъзоларининг суратларини эълон қилади.

Шунингдек, Туркия ва АҚШ расмийлари Қошиқчининг Саудия Арабистони консуллиги ичидаги сўнгги дақиқаларига оид аудиoёзувлар мавжудлигини ҳам билдиради.

 

АУДИОЁЗУВЛАР СИРИ

Аудиоёзувлар стенограммасида журналист ва суиқасдни амалга ошириш учун юборилган гуруҳ аъзолари ўртасида унинг ўлдирилишидан бир неча дақиқа олдин бўлиб ўтган суҳбатлар ёзилган. Овозлар аниқ кетма-кетликда ва тиниқ бўлмаса-да, мутахассислар воқеа тахминан қандай бўлганини аниқлашган.

Ар-Риёддан келган 15 кишилик гуруҳ Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллигига йиғилади.

Қошиқчи эса бино­га соат 13:14 да киради. Унга пешвоз чиққан Саудия Арабистони қўриқчилари консулнинг идораси жойлашган иккинчи қаватга олиб чиқади.

Ичкарида махсус гуруҳ Жамолни кутиб турган эди. Улар орасида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонга яқинлиги айтиладиган Маҳер Абдулазиз Мутриб ҳам бўлган.

У Қошиқчига шундай дейди:

«Биз сизни Ар-Риёдга қайтариб олиб кетишимиз керак. Интерполдан шундай буйруқ бор. Интерпол сизни қайтаришни талаб қилди. Биз сизни олиб кетгани келдик».

Қошиқчи эса ўзига нисбатан ҳеч қандай айблов йўқлигини ва бўлажак турмуш ўртоғи ташқарида кутиб турганини айтади.

Шундан сўнг Мутриб Қошиқчини ўғлига хабар қолдиришга ундайди, бунга жавобан Жамол: «Нима дейман, “тез орада кўришгунча” дейманми?» — деб кесатади.

Тергов гуруҳи журналистга янада кучлироқ босим ўтказишни бошлайди.

«Сизга ёрдам бера олишимиз учун бизга кўмаклашинг. Чунки барибир сизни Саудия Арабистонига олиб кетамиз, агар ёрдам бермасангиз, бунинг оқибати нима билан тугашини ўзингиз яхши биласиз», — дейди Мутриб Қошиқчига.

Кейин хонага аутопсия, яъни мурдани ёриб текшириш учун мўлжалланган асбоблар олиб кирилиб, консулнинг столига териб қўйилади.

Мутриб эса Қошиқчига сўнгги бор «Агар ҳамкорлик қилсангиз, бундай бўлмайди», деган гапни айтади.

Шундан сўнг беш киши Қошиқчининг бошига пластик пакет кийдириб, бўғиб ўлдиради. Бу воқеалар тахминан етти ярим дақиқа ичида бўлиб ўтган.

Қошиқчининг кийимларини Саудия хавфсизлик хизмати ходими Мустафо ал-Маданий кийиб олади. Чунки у ташқи кўринишидан Қошиқчига ўхшар, шу хусусияти учун ҳам бу ишга ёлланган эди. Аудиоёзувларда Ал-Маданий эндигина ўлдирилган одамнинг кийимларини кийиш жирканчлигини ҳам айтган.

Бу вақтда ҳали совумаган жасаддан қон чиқариб ташланади. Сўнгра мурда саудиялик суд-тиббиёт эксперти Салоҳ ат-Тубайжийга топширилади. У жасадни бўлакларга ажратиши керак эди. Тубайжий илгари ҳечам илиқ жасад билан ишламаганини, бироқ бу ишни бемалол эплашини билдирган.

“Одатда жасадларни нимталётганимда қулоқчинларимни тақиб олиб, мусиқа тинглайман. Бу орада қаҳвамдан ҳўплаб, сигарет чекаман. Уни бўлакларга бўлганимдан сўнг, сиз қисмларни селофан пакетларга ўраб, жомадонларга соласиз ва олиб чиқиб кетасиз”.

Тахминан соат 15:00 да консуллик гаражидан микроавтобус ва яна бир автомобиль чиқиб, бош консул қароргоҳига йўл олади. Тахминларга кўра, сумкаларда Қошиқчи танасининг бурдаланган бўлаклари бўлган.

Соат 15:53 да эса Мустафо ал-Маданий марҳумнинг кийимларида консуллик биносидан чиқиб кетади.

Қотиллик содир бўлган 2 октябрь куни иккита хусусий самолётда келган гуруҳ аъзолари ўша куннинг ўзидаёқ мамлакатни тарк этган. Самолётлардан бири Мисрнинг Қоҳира шаҳрига, иккинчиси эса Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига йўл олади. Кейинчалик улар Ар-Риёд шаҳрига қайтган.

Дастлаб Саудия Арабистони ички ишлар вазири Нойиф бин Абдулазиз Қошиқчининг бедарак йўқолиши ва тахминий қотиллигига оид айбловларни рад этиб, бу даъволарни қиролликка қарши қаратилган «ёлғон» деб атайди.

2018 йил 15 октябрь куни Туркия расмийлари Саудия Арабистони консуллиги биносига кириб, тинтув ўтказди ва Қошиқчи консулликда ўлдирилганини тасдиқловчи далиллар топилганини маълум қилди.

Шундан сўнг АҚШ президенти Дональд Трамп Қошиқчининг ўлимига «ўзича иш тутган қотиллар» сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтади. 

Умуман, Трамп ўша пайтлари Муҳаммад бин Салмон билан яқин алоқалар ўрнатаётган эди. У кейинчалик ҳам бу ишда гарчи далиллар бир талай бўлса-да, Салмон бошчилигидаги ҳукуматни тўғридан-тўғри айблашдан имкон қадар қочган. Оқ уй расмий баёнотларидан бирида Саудия Арабистони ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар муҳимлигини таъкидлаган.

17 октябрь куни Туркия терговчилари Қошиқчини қидириш доирасида Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консул қароргоҳига ҳам кириб, тинтув ўтказади. Шундан сўнг Қошиқчи консуллик биносига кирганидан «бир неча дақиқа ўтиб» ўлдирилгани ҳақида хабар берилди.

20 октябрь куни Ар-Риёд ҳам Жамол Қошиқчи 2 октябрь куни мамлакатнинг Истанбулдаги консуллиги ичида бўғиш орқали ўлдирилганини расман тасдиқлашга мажбур бўлди.

Ушбу баёнотдан сўнг қотилликка алоқадорликда гумон қилинган 18 нафар Саудия Арабистони фуқароси ҳибсга олинди, беш нафар расмий эса лавозимидан озод этилди.

Қошиқчининг консулликда ўлдирилишини Муҳаммад бин Салмоннинг яқин ёрдамчиларидан бири Сауд ал-Қаҳтоний ташкиллаштирган, деган хабарлар кенг тарқалган.

Эрдоған Саудия Арабистонини Қошиқчи ўлдирилишидан бир неча кун олдин суиқасдни режалаштирганликда айблаган. У қотилликка ким буйруқ бергани ҳақида жавоб беришни талаб қилади. Бундан ташқари, бу пайтга келиб турк терговчилари Қошиқчининг жасадини қидириш ишларини ҳеч қандай натижасиз якунлайди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Қошиқчи қотиллиги юзасидан «ишончли» тергов ўтказишга чақирган. Ўша пайтдаги Германия канцлери Ангела Меркель эса “Саудия Арабистонидан Қошиқчининг ўлими сабаблари ҳақида шаффофлик кутаётганини” айтган.

 

ТЕАТРЛАШТИРИЛГАН СУД

2019 йил 3 январь куни Саудия Арабистонида Қошиқчи қотиллигида гумон қилинаётган 11 киши устидан суд жараёни бошланди. Йил охирида — 23 декабрь куни биринчи инстанция суди 11 нафар гумонланувчидан саккиз нафарини айбдор деб топиб, улардан бештасини ўлим жазосига ҳукм этди. 

Улар орасида консуллик ичида ишга бош-қош бўлган Маҳер Абдулазиз Мутриб, марҳум жасадини бўлакларга ажратган Салоҳ ат-Тубайжий ҳам бор. Салмоннинг маслаҳатчиси Сауд ал-Қаҳтоний эса айбсиз деб топилди. Суд қарорида қотиллик олдиндан режалаштирилмагани айтилган.

Кейинчалик Қошиқчининг ўғли Салоҳ Twitter'да баёнот эълон қилиб, отасининг қотилларини кечиришини билдирган. Саудия Арабистонида амал қиладиган ислом қонунларига кўра, жабрланувчининг оиласи жиноятчини кечирса, унга тайинланган ўлим жазоси енгиллаштирилиши мумкин. Шу тариқа ишдаги ўлим жазолари қамоқ жазосига ўзгартирилди.

Бироқ БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси Саудия Арабистонидаги суд жараёнини «етарли эмас» деб баҳолади. Бошқарма матбуот котиби Равина Шамдасани халқаро ҳамжамият иштирокида мустақил тергов ўтказишга чақирди.

Мазкур суддан ташқари, БМТ махсус маърузачиси Агнес Калламард бошчилигидаги гуруҳ ҳам Қошиқчи ўлдирилиши юзасидан тергов ўтказган. Агнес Калламард эълон қилган ҳисоботида валиаҳд шаҳзода ва Қиролликнинг баъзи юқори мартабали расмийлари қотилликка алоқадорлик бўйича сўроқ қилиниши кераклиги айтилади.

Шунингдек, у Саудия Арабистонидаги суд жараёнини «театр» деб атаб, уни қоралаган. Ар-Риёд расмийлари эса мазкур хулосаларни «асоссиз» деб баҳолаган.

 

АҚШ ХУЛОСАСИ

2019 йил декабрь ойида АҚШ Конгресси мудофаа тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Унга кўра, миллий разведка директори қонун кучга киргач 30 кун ичида Қошиқчининг ўлдирилиши юзасидан ҳаммага очиқ ҳисоботни тақдим этиши шарт эди.

Аммо Трамп маъмурияти қонун чиқарувчиларга маълумотларнинг ошкор этилиши миллий разведка идорасининг манбалари ва усулларини хавф остига қўйишини айтиб, ҳисоботни эълон қилишдан бош тортди. Баъзи манбаларга қараганда, Трамп Конгрессни Муҳаммад бин Салмонни тинч қўйишга кўндириб, уни АҚШ томонидан кўрилиши мумкин бўлган чоралардан қутқариб қолган.

Жо Байден ҳокимиятга келганидан сўнг, Трамп даврида ошкор этилмай қолган АҚШ Миллий разведкаси ҳисоботи 2021 йил 26 февралда эълон қилинди.

Ҳисоботда айтилишича, 2018 йил 2 октябрда Истанбулга Саудия Арабистонидан бир жамоа етиб келган. Унинг таркибида Қироллик саройи ҳузуридаги Тадқиқотлар ва медиа масалалари марказида ишлаган ёки у билан алоқадор бўлган расмийлар ҳам бўлган. Операция вақтида марказга Муҳаммад бин Салмоннинг яқин маслаҳатчиси Сауд ал-Қаҳтоний раҳбарлик қилган.

Шунингдек, жамоа таркибига Муҳаммад бин Салмоннинг Тезкор аралашув кучлари деб номланувчи элита шахсий қўриқлаш хизмати таркибидан етти нафар аъзо ҳам кирган. Ушбу кучлар фақат шаҳзодага бўйсуниши айтилади.

Ҳисоботнинг энг эътиборли бандида шундай деб ёзилган:

“2017 йилдан буён валиаҳд шаҳзода Қиролликнинг хавфсизлик ва разведка идораларини мутлақ назорат қилиб келмоқда, шунинг учун Саудия расмийлари валиаҳд шаҳзоданинг рухсатисиз бу каби амалиётни амалга оширган бўлиши эҳтимолдан йироқ”.

 

ҚОШИҚЧИ НЕГА ЎЛДИРИЛГАН?

2020 йил 20 октябрда Қошиқчининг унаштирилган аёли Хатиже Жингиз ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Вашингтондаги федерал судга Салмон ҳамда Саудия Арабистонининг йигирмадан ортиқ юқори мартабали расмийсига қарши даъво аризаси киритади. Улар 2018 йилда Истанбулда содир этилган қотиллик учун товон ундиришни талаб қилади.

Даъво аризасида айтилишича, Қошиқчи ўзи асос солган “Араб дунёси учун бугун демократия” ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳидан “демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш платформаси сифатида” фойдаланмоқчи бўлган. Бундан хабар топган Муҳаммад бин Салмон ва Саудия Арабистонининг бошқа расмийлари уни ўлдириш режасини ишлаб чиққан. Саудия расмийлари эса бу айбловларни рад этган.

2022 йил июль ойида АҚШ президенти Жо Байден Саудия Арабистонига ташриф буюриб, Муҳаммад бин Салмон билан учрашганда шунчаки қўл бериб эмас, муштлашиб кўришишади. Бу Қошиқчи сабабли совуқлашган Вашингтон ва Ар-Риёд ўртасидаги муносабат яхшиланаётганидан дарак берарди. Кўп ўтмай АҚШ федерал суди Хатиже Жингиз томонидан Муҳаммад бин Салмонга қарши киритилган фуқаролик даъвосини валиаҳд шаҳзоданинг бош вазир сифатидаги ҳуқуқий иммунитети сабабли рад этди.

2022 йил апрель ойида эса Туркия ҳам Қошиқчи қотиллиги бўйича 26 нафар саудиялик гумонланувчига нисбатан сиртдан олиб борилаётган суд ишини Саудия Арабистонининг ўзига топширди. Чунки бу пайтда Туркия ва Қиролликнинг ораси илиқлашаётган эди.

Шу тариқа қотилликнинг асл айбдорлари ҳалигача тўлиқ жазолангани йўқ. Жамол Аҳмад Қошиқчининг ўз ватанининг консуллигида шафқатсизларча ўлдирилиши Муҳаммад бин Салмон бошчилигидаги авторитар ҳокимият юзида ўчмас доғ бўлиб қолди.

мавзуга оид янгиликлар

Украина ҳарбий тажрибасини Форс кўрфазига олиб чиқмоқда: Саудия билан янги келишув

Украина дронларга қарши курашиш бўйича тўплаган тажрибасини халқаро майдонга олиб чиқмоқда.

Жаҳон

28.03.2026, 14:46

Ҳормуздаги ҳужумлар нефть қазиб олиш ҳажмига таъсир этдими?

OPEC+ мамлакатлари октябрь ойида нефть қазиб олишни кунига 2,04 миллион баррелга оширди. Бу кўрсаткич Эронга қарши АҚШ ва Исроил уруши бошланишидан олдинги даражага яқинлашди.

Иқтисодиёт

13.11.2026, 09:04

Ўзбекистон – Россия учрашувини қайси ҳакамлар бошқаради?

12 ноябр куни Ўзбекистон ва Россия миллий терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган ўртоқлик учрашувига ҳакамлар тайинланди. 

Спорт

10.11.2026, 11:09

Саудия Арабистони нега Ҳусийларни енга олмаяпти?

Саудия Арабистони ўн йилдан ортиқ вақтдан бери Ямандаги ҳусийларга қарши курашиб келади, бироқ американча қуроллар ва катта ҳарбий бюджет ғалабани таъминлай олмади. Яқинда тузилган Макка битими уруш тақдирини ўзгартира оладими?

Сиёсат

24.10.2026, 11:06

Ноқонуний «Умра» зиёратини ташкил этишга уринган шахслар ушланди

Фуқароларни ноқонуний равишда «Умра» зиёратига юбориш эвазига пул талаб қилган шахсларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан чора кўрилди.

Ўзбекистон

20.10.2026, 15:39

Саудия Арабистони Мадина устида ракетани тутиб қолди

Ҳусийлар Мадинага ҳужум қилганини рад этди. Яманнинг Аден шаҳридаги ҳукумат қароргоҳи яқинида содир бўлган ҳужумда эса камида икки киши ҳалок бўлди.

Жаҳон

16.10.2026, 10:13

АРХИВ

САНАГА ЎТИШ

Барча архивни кўрсатиш →

сўнгги янгиликлар

Gʻazo

Amnesty International: Исроил Ғазодаги аёлларнинг фарзанд кўришига ҳам зарар етказди

Ҳисоботда Исроилнинг ҳарбий амалиётлари ва Ғазо блокадаси ҳомиладор аёллар ҳамда янги туғилган чақалоқлар учун тиббий ёрдамни кескин чеклагани айтилган. Ташкилот маълумотларига кўра, ҳудуддаги шифохоналарнинг 90 фоиздан ортиғи вайрон бўлган.

Жаҳон

27.11.2026, 16:59

АҚШ демократлари Трамп сиёсатига қарши: Эрон билан урушни тўхтатмоқчи

Демократик партия вакиллари Дональд Трамп маъмуриятининг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларини тўхтатишга чақирмоқда. Бироқ партиянинг ўзи ҳам аввалги президентлар даврида Теҳронга нисбатан санкциялар ва иқтисодий босим сиёсатини қўллаб-қувватлаган.

Жаҳон

27.11.2026, 16:06

Ўзбекистонда 12 йиллик таълимга ўтиладими?

Қонунчилик палатаси олти ёшли болалар учун бир йиллик мактабга тайёрловни мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида белгилашни назарда тутувчи ҳужжатни уч ўқишда қабул қилди.

Таълим

27.11.2026, 14:03

Россияда хорижлик меҳнат муҳожирлари учун патент.

Москвада хорижлик меҳнат муҳожирлари учун патент нархи оширилади

Москва шаҳар думаси депутатлари шаҳарнинг солиқ қонунчилигига ўзгартиришлар киритишни маъқуллади. 

Жаҳон

27.11.2026, 11:10

Ўзбекистоннинг экологик лойиҳаси 94 мамлакат орасида биринчи бўлди

Мактаб ўқувчилари ташаббуси билан бошланган Sustainable Future Society лойиҳаси Европа таълим жамғармасининг Green Skills Award 2026 халқаро танловида ғолиб деб топилди.

Ўзбекистон

26.11.2026, 18:09

Özbek tili korpusi SI kompaniyalariga taqdim etildi

Энди сунъий интеллект ўзбек тилида равонроқ сўзлаша олади

Ўзбекистон 20 миллиард токенли миллий тил корпусини OpenAI, Anthropic, Meta ва Alibaba компанияларига бепул тақдим этди.

Фан-технология

26.11.2026, 16:20

Ёмғирли об-ҳаво

Ўзбекистонда 28 ноябрдан 5 декабргача об-ҳаво қандай бўлади?

Айрим ҳудудларда ҳарорат 5 даража совуққача пасаяди. 3–5 декабрь кунлари мамлакатнинг бир қатор жойларида ёмғир ёғиши мумкин.

Ўзбекистон

26.11.2026, 15:37

Қўштепа канали тайёр: Афғонистон сувни қачон олади?

Афғонистон томони Амударё сувини каналга яқин вақтда йўналтиришини айтмоқда. Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири эса сув олиш 2030 йилгача бошланмаслигини билдирган.

Сиёсат

26.11.2026, 14:58

Гулнора Каримова иши: Ўзбекистонга қайтарилаётган 252,5 млн доллар нималарга сарфланади?

Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида 252,5 миллион долларлик активларни қайтариш бўйича келишув тасдиқланди. Маблағлар «Ишонч – 2030» траст жамғармаси орқали соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига йўналтирилади.

Иқтисодиёт

26.11.2026, 12:10

Ёнилғи ташувчи мошина ёнди: 31 киши ҳалок бўлди

Мисрда ёнилғи ташувчи машина ёнди: 31 киши ҳалок бўлди

Қоҳира яқинида содир бўлган ёнғин оқибатида яна 21 киши жароҳатланди. Ҳодиса жойида 27 та автомобиль ёнган.

Жаҳон

26.11.2026, 11:19

Таэквандочилар

Ўзбекистон таэквондочилари Олимпиада йўлланмаси учун курашади

Мусобақа 28–29 ноябрь кунлари Остона шаҳрида ўтказилади. Унда олти нафар ўзбекистонлик спортчи медаллар ва 2028 йилги Олимпиада учун рейтинг очколари учун курашади.

Ўзбекистон

26.11.2026, 09:57

Ўзбекистонликлар қайси давлатларга визасиз бора олади?

Ўзбекистон фуқаролари 31 та давлатга визасиз бориши мумкин. Яна бир қатор мамлакатларда чегарада виза олиш ёки электрон виза расмийлаштириш имконияти мавжуд.

Сиёсат

26.11.2026, 08:40

Semipalatinsk poligoni

Семипалатинск: СССР 40 йил давомида ўтказган ядро синовлари

АҚШ билан ядровий куч борасида беллашган СССР Қозоғистон даштларида юзлаб портлашлар амалга оширди. Семипалатинск полигонида ўтказилган 456 та синов миллиондан ортиқ инсонни радиация таъсирига дучор қилган.

Фан-технология

25.11.2026, 17:17

Toşkentda adolatli sudlov masalalari muhokama qilindi

Адолатли судлов ҳуқуқи амалда қандай таъминланмоқда?

Тошкентда одил судловдан фойдаланиш ҳуқуқига бағишланган халқаро конференция ўтказилмоқда.

Ўзбекистон

25.11.2026, 16:56

Ўзбекистонда Коксаки вируси билан боғлиқ вазият қандай?

Санэпидқўмита мамлакатда энтеровирусли инфекциялар, жумладан Коксаки вируси билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор ва назорат остида эканини маълум қилди.

Ўзбекистон

25.11.2026, 16:32

Tyson Fury

Тайсонда шизофрения аниқланди

Боксчи бу ҳақда ҳаёти ва спортдаги фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи Netflix ҳужжатли фильмида сўзлаб берди.

Спорт

25.11.2026, 11:52

Гўшт

Ўзбекистонда гўшт импорти: энг кўп гўшт қайси давлатдан келади?

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида мамлакат 12 та давлатдан 132 минг тонна мол гўшти импорт қилди. Харидлар учун 597,7 миллион доллар сарфланган.

Ўзбекистон

25.11.2026, 10:41

Imtihondagi firibgarlik uçun $371 ming mukofot

Имтиҳонда фириб қилганлар 10 йилгача тест топшириш ҳуқуқидан маҳрум этилади

Жанубий Кореяда университетга кириш имтиҳонларида назорат кучайтирилади. Фирибгарлик ҳолатлари ҳақида хабар берганлик учун қарийб 371 000 АҚШ долларигача мукофот пули таклиф қилмоқда.

Таълим

25.11.2026, 10:19

Синдоров ва Гукеш ўйини

Синдаров биринчи мусобақада қанча ютди?

Жавоҳир Синдоров Жаҳон тожи учун шахмат мусобақасида Ҳиндистон вакили Гукеш Доммаражу билан дуранг ўйнади. Ушбу натижа учун ўз ҳисобига 168 минг доллар мукофот пули қўшди.

Спорт

25.11.2026, 09:40

АРХИВ

САНАГА ЎТИШ

Барча архивни кўрсатиш →