АҚШ-Эрон можароси тарихи: иттифоқчиликдан урушгача
Бир пайтлар Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги Исроилдан кейинги энг яқин иттиқфоқчиси эди. Бугун эса энг катта душмани… Бу уруш қачон илдиз отди?
Сиёсат
28.11.2026, 19:16
Улашиш:
АҚШ ва Эрон кескинлигининг тарихи Иккинчи жаҳон урушидан ҳам олдинга бориб тақалади.
ХХ аср бошларида инглизлар Эрон чўлларида илк бор нефт конларини топишади.
Бундай кашфиётлар тобора кўпайиб бораверди ва охир-оқибат маълум бўлдики, Эрон сайёрамиздаги тасдиқланган нефт захиралари бўйича тўртинчи ўринда турар экан. Шунингдек, мамлакат ҳали кашф этилмаган ва салоҳияти тўлиқ намоён бўлмаган энергетик супердавлат экани аёнлашди.
Бу бойликларга эга чиқиш учун инглизлар олдида ягона муаммо бор эди: Эрон ўша пайтда дунё ҳудудининг чорак қисмини назорат қиладиган Британия империяси таркибига кирмасди.
Бироқ бу осонгина ҳал этилди: Британия барча нефтни қазиб олишдан келадиган даромадларни тақсимлаш таклифи билан музокара олиб борди ва Эронни келишувга кўндирди.
Шу тариқа икки давлат эгалик қиладиган Англо-Эрон нефт компанияси ташкил этилди. Аммо бу компания фаолияти учун тузилган шартлар адолатли эмас эди.
Барча нефт конлари жойлашган Эронга фойданинг атиги 16 фоизини олиш ҳуқуқи берилганди. Қолган 84 фоиз фойда эса тўғридан-тўғри Британияга йўналтириларди. Уинстон Черчилл Эрон нефтининг қиймати ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган:
“Тақдир бизга сеҳрли ўлкадан тасаввуримизга ҳам сиғмайдиган бир туҳфа келтирди. Ушбу ишнинг асл мукофоти эса ҳукмронликнинг ўзи эди.”
Иккинчи жаҳон уруши бошланишига келиб, Англо-Эрон нефт компанияси Эроннинг бутун нефт саноати устидан назорат ўрнатди ва Британия империясидаги энг йирик компанияга айланди.
Аммо компаниядаги нотенг тақсимотдан Эронда норозилик тобора ортарди.
Айни пайтда, 1941 йилда фашистлар Германияси Совет Иттифоқига бостириб кирди ва инсоният тарихида шу пайтгача кузатилган энг йирик ҳарбий фронтни очди.
Эрон географик жиҳатдан Совет Иттифоқининг жанубий қанотида жойлашган эди. Шу сабабли форс давлатидан ҳам британияликлар, ҳам советлар шубҳалана бошлади. Бунга сабаб – бетарафлигини эълон қилганига қарамай, Эроннинг ҳукмрон шоҳи нацистларга хайрихоҳ шахс сифатида баҳоланиши эди
Агар улар кутгандек бўлиб чиқса, Совет Иттифоқи учун жанубда яна бир ҳарбий фронт очилар, бу эса Совет қўшинларини Шарқий фронтдан чалғитар эди.
Бундан ташқари, Эрон билан бевосита чегарадош бўлган Кавказдаги Совет Иттифоқининг нефт конлари ҳам хавф остида қоларди. Энг муҳими эса, Британиянинг гигант нефт компанияси нацистлар қўлига ўтиб кетиши эҳтимоли мавжуд эди.
Шу сабабли буларнинг олдини олиш ва Эрондан СССРга муҳим юкларни етказиб бериш учун транспорт йўлаги сифатида хавфсиз фойдаланиш мақсадида Совет Иттифоқи ва Британия биргаликда 1941 йил 25 августда бетараф Эрон ҳудудига бостириб кирди. Душман қўшинларига қарши технологик жиҳатдан анча ортда қолган Теҳрон атиги бир ҳафта ичида таслим бўлди.
Босқинчилар эски ва ишончсиз шоҳни тахтдан ағдариб, ўрнига анча ёш, 21 ёшли ўғли Муҳаммад Ризо Паҳлавийни ўтқазишди. Шу тариқа Эрон Иккинчи жаҳон урушининг деярли бутун даври давомида иттифоқчилар назоратида бўлди.
Бу даврда мамлакат ҳудудига 30 мингдан ортиқ америкалик ҳарбий жойлаштирилди. Шунингдек, АҚШ “Ленд-лиз” дастури бўйича Совет Иттифоқига юборган барча таъминот юкларининг қарийб учдан бир қисми Эрон орқали ташилди.
Уруш тугаганидан кейинги иттифоқчилар Эронни тарк этишди.
Аммо Британия томонидан Эрон нефтига нисбатан ўрнатилган адолациз шартлар сақланиб қолди. 1950-йилларнинг бошларига келиб ҳам Эрон нефтидан олинадиган даромаднинг асосий қисми Британияники эди.
Айни пайтда Эрон нефт саноатидаги маҳаллий ишчилар ва уларнинг оилалари эса ўта оғир шароитларда яшарди.
Бундан ташқари, британияликлар компаниянинг барча молиявий ҳисоботларини эронликлардан яширар ва уларнинг компания фаолиятини аудитдан ўтказиш ҳақидаги барча талабларини рад этишарди. Натижада Эронда компанияни миллийлаштириш тарафдорлари фаоллаша бошлади.
Ниҳоят бу иш амалга ошди: 1951 йилга келиб, демократик йўл билан сайланган бош вазири Муҳаммад Мусаддиқ Эрон парламентининг бир овоздан берган розилиги билан нефт саноатини миллийлаштирди. Ғалабаси ҳақида гапирар экан, Мусаддиқ машҳур нутқида шундай деган эди:
“Хорижий давлатлар билан узоқ йиллар давомида олиб борган музокараларимиз шу вақтгача ҳеч қандай самара бермади. Нефтдан тушадиган даромадлар эвазига биз бутун бюджетимизни тўлиқ қоплаб, халқимиз орасидаги қашшоқлик, касаллик ва қолоқликка қарши курашишимиз мумкин эди.”
Бунга жавобан Британия дарҳол Эроннинг барча нефт маҳсулотларига чеклов жорий этди. Бироқ инглизлар шу билангина чекланмади.
1953 йилда Британиянинг МИ6 разведка хизмати ва АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси Мусаддиқ ҳукуматини ағдариш учун мамлакат ичида ҳарбий давлат тўнтаришини уюштирди.
Мусаддиқ умрбод уй қамоғига ҳукм этилди. Шоҳ эса мамлакатда авторитар диктатор даражасига кўтарилди. Тўғрироғи, эндиликда шоҳ Ғарбнинг оддий бир қўғирчоғига айланиб қолганди.
Шунингдек, Совуқ уруш бошланганидан сўнг СССР жанубида жойлашган, улкан нефт захираларига эга бу мамлакат АҚШ учун ҳам ниҳоятда аҳамиятли ҳудудга айланди. Шоҳ эса қатъий Америкапараст ва Исроилпараст ташқи сиёсат олиб борди. Натижада Эрон ўнлаб йиллар давомида АҚШнинг Совуқ уруш давридаги энг муҳим иттифоқчиларидан бири бўлиб келди.
Исроил билан яқинлашувнинг ҳам ўзига хос сабаблари бор эди. 1950 йилдан бошлаб улар ўртасида норасмий алоқалар шаклланган. Ҳар икки давлат араб миллатчилиги ва Совет Иттифоқининг минтақадаги таъсиридан хавотирланарди. Шу сабабли Теҳрон ва Тел-Авив бир-бирига разведка маълумотлари улашар, хавфсизлик ва ҳарбий соҳаларда ҳамкорлик қиларди. Эрон Исроилга нефт ҳам етказиб берган.
Аммо йиллар ўтиши билан шоҳнинг сиёсати ва Ғарб билан яқин муносабатлари мамлакат ичидаги тарафдорларини ундан узоқлаштирди.
1957 йилда АҚШ ҳукумати шоҳга САВАК номи билан машҳур бўлган махфий полиция хизматини ташкил этишда ёрдам берди. Бу тузилма ёрдамида минглаб сиёсий мухолифлар ҳибсга олинган, Оятуллоҳ Ҳумайний сингари кўплаб шахслар эса сургун қилинган. Қамоқхоналарда сиёсий мухолифлар кенг кўламда қийноққа солинган.
Шоҳ Эрон Коммунистик партиясини ҳам тақиқлади.
Ислом дунёсининг деярли ҳеч бир давлати Исроилни тан олмаган бир пайтда Шоҳ АҚШ ва Исроил билан дўстона муносабатларни давом эттирди.
Булардан ташқари, Паҳлавий бир қатор ижобий ислоҳотлари билан ҳам эсланади: У мамлакат ичида модернизация, дунёвийлаштириш ва аёлларга сайлов ҳуқуқини бериш сиёсатини амалга оширди. Таълимга қаратилган эътибор туфайли бошланғич мактабдаги қизлар сони 1946 йилдаги 94 мингдан 1976 йилда 1,8 миллионга етди. Оилани ҳимоя қилишга доир қонунлари аёлларнинг никоҳ, ажрим ва фарзандлар устидан ҳуқуқларини кенгайтирди.
1977 йил охирида, дабдабали Янги йил байрамида АҚШ президенти Жимми Картер шоҳга юксак мақтов сўзлари айтади.
“Эрон шоҳнинг буюк раҳбарлиги туфайли дунёнинг энг нотинч минтақасида барқарорлик оролига айланди”
Мамлакатдаги ўзгаришлар эса Эрон сўлчиларида, айниқса, шиа исломининг ашаддий консерватив тарафдорлари ва уламоларида шоҳга нисбатан нафрат уйғотди.
Охир-оқибат, Эронда узоқ вақт давом этган сиёсий нотинчлик кенг кўламли инқилобларни бошлаб берди.
1978 йил 19 августда Ободон шаҳридаги кинотеатрлардан бири ёқиб юборилди. Ёнғин оқибатида камида 420 киши ҳалок бўлган.
Шоҳ режими бу ҳодисада марксистик ва исломий исёнчиларни айблади. Бироқ намойишчиларнинг кўпчилиги бунинг ортида шоҳнинг махфий полицияси турибди, деб ҳисоблашган.
Кейинги ой намойишчилар пойтахт Теҳроннинг бош майдонига тўпланди. Шоҳ армияси эса уларга қарши аёвсиз ўт очди. Шундан сўнг беш миллиондан ортиқ эронлик шоҳнинг тахтдан воз кечишини талаб қилиб, кўчаларга чиқди.
Ҳатто армияда ҳам оммавий равишда аскарларнинг шоҳдан юз ўгириши бошланди. 1979 йилга келиб Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳокимиятда қолишнинг имконсизлигини англаб етди ва мамлакатни тарк этди.
Шоҳ режими ўрнини эгаллаган янги шиа исломий ҳукумати дарҳол монархияни бекор қилиб, 15 йиллик сургундан сўнг Оятуллоҳ Ҳумайнийни мамлакатга қайтарди. У Эроннинг янги олий раҳбари бўлди. Шу тариқа ҳозирги Эрон Ислом Республикаси дунёга келди.
Эроннинг янги режими АҚШ ва Исроилга қатъий қарши бўлган, тоталитар хусусиятга эга шиа давлати эди. Сиёсий мухолифлар ва собиқ режим аъзоларининг оммавий қатл этилиши ҳамда тозалаш кампаниялари дарҳол бошланди.
АҚШ ва бутун дунё учун Эрондаги Ислом инқилоби кутилмаган зарба бўлди. Американинг Яқин Шарқдаги энг муҳим иттифоқчиларидан бири бўлган Эрон деярли бир кечада унинг минтақадаги энг катта душманига айланди.
Шоҳ давридаги Исроил билан яқин ҳамкорликка ҳам чек қўйилди. Эрон эндиликда уни тан олишдан бош тортди ва икки мамлакат ўртасидаги расмий алоқаларни узди. Теҳрондаги Исроил элчихонаси эса Фаластин Озодлик Ташкилотига берилди.
Тахтдан ағдарилган ва саратонга чалинган Шоҳга АҚШ бошпана берди. Эрон эса уни суд қилиш учун мамлакатга қайтариб беришни сўради. Шоҳни Эронга қайтариш – муқаррар ўлимга юбориш эканини билган АҚШ бу талабларни рад этди.
1979 йил ноябр ойида АҚШ ва Марказий разведка бошқармаси янги фитна уюштираётганидан хавфсираган минглаб эронлик инқилобчилар ва талабалар АҚШ элчихонасига бостириб кириб, 52 нафар америкалик дипломат ва оддий фуқарони гаровга олди.
Президент Жимми Картер маъмурияти гаровдагиларни озод қилишга эришиш учун бир неча ой давомида ҳаракат қилди. Аммо дипломатик музокаралар ҳеч қандай натижа бермагач, 1980-йил апрел ойида гаровдагиларни қутқариш операциясини амалга оширишга рухсат берилди.
Бироқ операция ҳалокат билан якунланди. Операция давомида қум бўрони ва кўриш масофасининг ёмонлашуви туфайли вертолётлардан бири транспорт самолётига урилиб кетди. Кучли тўқнашув оқибатида иккала ҳаво кемаси ҳам ёниб кетиб, саккиз нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлди. Шундан сўнг Картер миссияни тўхтатиш ҳақида буйруқ берди. Гаровдагилар эса Эрон назоратида қолаверди.
Айнан шу пайтда АҚШ Эроннинг янги режими билан барча дипломатик муносабатларни узди. Бу муносабатлар қайтиб тикланмади.
Бу воқеалардан бир неча ой ўтиб, яна бир кутилмаган ҳодиса юз берди.
1980 йил сентабр ойида Саддам Ҳусайн бошчилигидаги Ироқ Эронга қарши кенг кўламли босқин бошлади.
Бундан олдинги йиллар давомида Саддам Ироқнинг нефтга бой Форс кўрфазида етакчи куч сифатида Эронни ортда қолдириши ва унинг ўрнини эгаллашини истаб келган эди.
Аммо бу мақсадга эришиш учун ҳеч нарса қилолмаган. Чунки Эроннинг ҳарбий қудрати Ироқникидан ниҳоятда катта, бундан ташқари, АҚШ ва Исроилнинг қўллаб-қувватловига ҳам эга эди.
Бироқ инқилоб ва режим алмашинуви натижасида Эрон тартибсизликлар гирдобида қолди. Давлат амалдорларига қарши кенг кўламли тозалашлар ва қатллар амалга оширилди.
Бунинг устига, АҚШ ва Исроил ортиқ Эронни дастакламас, Теҳроннинг бирорта йирик хорижий иттифоқчиси ҳам йўқ эди. Саддам айни шу вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Бироқ Ироқнинг тезкор ғалабани режалаштириб бошлаган уруши саккиз йил давом этди.
Эрон–Ироқ урушининг дастлабки босқичида Исроил Эронга яширинча қурол-яроғ ва ҳарбий техника учун эҳтиёт қисмлар етказиб берган. Чунки Исроил Ироқнинг минтақада ҳаддан ташқари кучайишидан хавотирда эди. Шу сабабли Теҳрон билан очиқ душманликка қарамай, Тел-Авив кези келган рақибига ёрдам қўлини ҳам чўзган.
Ироқнинг кенг кўламли босқинидан сўнг Эрон гаровдаги америкаликлар масаласини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлди. Натижада 52 нафар гаровдагининг барчасини АҚШга қайтаришга рози бўлди. Бунинг эвазига Эроннинг музлатиб қўйилган айрим активлари “эритилди”.
АҚШ бу урушда Ироқни фаол қўллаб-қувватлаб, уларга катта миқдорда ёрдам етказиб берган. Бундан мақсад Теҳронни беқарорлаштириш эди.
АҚШнинг таъкидлашича, уруш давомида Эронга яқин бўлган, Ливанда фаолият юритувчи шиа исломий қуролли ташкилоти — «Ҳизбуллоҳ» минтақа бўйлаб АҚШга қарши бир нечта террорчилик ҳужумларини амалга оширган.
1983 йилда улар Байрутдаги АҚШ элчихонасини портлатишди. Ушбу ҳужум оқибатида 17 нафар америкалик ҳалок бўлди.
Кейинроқ эса улар Ливандаги ҳарбий мажмуа казармаларига қарши яна бир портлаш ҳужумини уюштиришди. Натижада 241 нафар америкалик ва 58 нафар франсуз ҳарбийси нобуд бўлди.
Бу ва бошқа воқеалар сабабли 1984 йилда АҚШ Эронни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатига киритди.
1988 йил апрелига келиб, Эрон-Ироқ уруши ҳамон давом этаётган эди. Эрон Ироқ ҳарбий-денгиз кучларига қарши туриш мақсадида Форс кўрфазининг катта қисмини миналаштиради.
Кейинроқ шу ҳудуддан ўтиб кетаётган Америка фрегати миналардан бирига келиб урилади. Кема жиддий шикастланди ва чўкиб кетишига сал қолди. Бироқ ҳодисада қурбонлар бўлмаган.
Шунга қарамай, Эронга жавоб зарбаси беришга аҳд қилган АҚШ 1988 йил 18 апрелда янги операция бошлади.
Амалиёт давомида Американинг иккита сув усти ҳарбий кемалар гуруҳи Эроннинг денгиздаги икки нефт платформасини портлатиб, олтита ҳарбий кемасини чўктирди.
Орадан уч ой ўтиб, 1988 йил июл ойида АҚШ крейсери Эроннинг ҳудудий сувларига кириб борди. Шу пайтда Теҳрондан Дубайга одатий парвоз йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган Иран Аир авиакомпаниясининг 655-рейси ҳам Ҳормуз бўғозидан учиб ўтаётган эди.
Америка крейсери ушбу йўловчи учоғини Эрон қирувчи самолёти деб гумон қилиб, унга қарши ракета учирди. Йўловчи самолётида 290 киши бўлган. Уларнинг 66 нафари болалар эди. Ракета зарбасидан бортдаги биронта одам омон қолмади.
Икки томон ўртасида юз берган бу қонли воқеалар АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинликни бадтар кучайтирди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини айбларди.
1995 йилда Клинтон маъмурияти АҚШдаги ҳар қандай компаниянинг Эрон билан барча турдаги савдо-иқтисодий алоқаларига тўлиқ эмбарго жорий этди. Натижада икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқалари бутунлай тўхтади.
1996 йилда Эронга яқин бўлган «Ҳизбуллоҳ» Саудия Арабистонидаги АҚШ нишонига яна бир террорчилик ҳужумини амалга оширди. Натижада 19 нафар америкалик ҳарбий-ҳаво кучлари ходими ҳалок бўлди ва қарийб 500 киши яраланди.
Орадан яна беш йил ўтиб эса, 11 сентабр воқеалари содир бўлди.
Бу терактдан тўрт ой ўтгач, АҚШ президенти Жорж Буш ўзининг машҳур “Ёвузлик ўқи” номли нутқини сўзлади. Унда президент Эрон, Ироқ ҳамда Шимолий Кореяни Америкага қарши тил бириктираётган ягона “ёвузлик ўқи” сифатида бир нуқтага жамлади.
Ушбу нутқдан бир йил ўтгач, АҚШ Саддам оммавий қирғин қуролларига эга эканини баҳона қилиб, Ироққа бостириб кирди ва тахминан бир ой ичида унинг режимини ағдарди. Оммавий қирғин қуролларидан эса бир дона ҳам топилмади.
Аммо Эрон ва Шимолий Корея бундан аниқ бир хулосани чиқарди: ё ядровий қурол ишлаб чиқар ёки кейинги нишон сен бўласан.
Шимолий Корея АҚШ бошчилигидаги Ироқ босқинидан уч йил ўтиб, атом бомбасини муваффақиятли синовдан ўтказди. Эрон ҳам ўз навбатида шошилинч равишда ядровий қуролга оид тадқиқотларни бошлаб юборди.
Бироқ Қўшма Штатлар Эрон ядро қуролига эга бўлишига ҳеч қачон йўл қўймасликка жиддий киришди. Эронни бу фаолиятни тўхтатишга кўндириш учун кўп йиллар давомида санкциялар ва дипломатик музокаралар олиб борилди.
2015 йилга келиб, Барак Обама маъмурияти Эрон билан ядровий келишувга эришди. Шартноманинг қисқача мазмуни шундан иборат эдики, АҚШ илгари Эронга нисбатан жорий қилган санкцияларни бекор қилади. Эрон эса ядровий тадқиқотлар олиб боришдан воз кечишга ва хорижий инспекторларга мунтазам текшириш имконини беришга розилик беради.
Шундан кейин Эрон ва Америка ўртасидаги яқинлашувнинг айрим белгилари кўзга ташлана бошланганди.
Аммо бир одам вазиятни яна боши берк кўчага буриб юборди.
Бу – 2016 йилда АҚШ президенти этиб сайланган Доналд Трамп. У сайловолди дастурида АҚШни Эрон билан тузилган ядровий келишувдан тўлиқ чиқариш ва янада қаттиқ иқтисодий санкцияларни жорий этиш ваъдасини берганди. 2018 йилда Трамп бу ваъдасини бажарди.
2019 йилдан 15 апрелида АҚШ Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини террористик ташкилот деб эълон қилди. Май–июн ойларида Форс кўрфази яқинида бир нечта савдо ва нефт танкерларига ҳужумлар уюштирилди. АҚШ бу ҳужумларда Эронни айблади, Теҳрон эса айбловларни рад этди.
2020 йилда ҳам Эрон ва АҚШ ўртасида юзлаб бегуноҳ инсонлар ўлимига сабаб бўлган турли можаролар юз берди .
Жо Байден президентлиги даврида битимни тиклаш бўйича музокаралар олиб борилди, бироқ натижа бермади. 2022 йилда Эрондаги оммавий норозиликлар ва Россиянинг Украинага қарши урушида Теҳроннинг Москвани қўллаб-қувватлаши муносабатларни янада мураккаблаштирди.
2023 йил сентябрда икки мамлакат маҳбусларни алмашиш бўйича келишувга эришди. Бироқ 7 октябр куни Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми натижасида Ғазода уруш бошланганидан кейин минтақадаги кескинлик кучайди. Эрон қўллаб-қувватлайдиган қуролли гуруҳлар Ироқ ва Суриядаги АҚШ ҳарбий базаларига 170 дан ортиқ ҳужум уюштирди.
2024 йил АҚШ Эронпараст гуруҳларнинг ҳужумларига жавобан Ироқ ва Суриядаги нишонларга ҳаво зарбалари берди. Апрелда Исроилнинг Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳужумидан сўнг Эрон илк бор Исроил ҳудудига бевосита юзлаб дрон ва ракеталар йўллади. Октябрда яна кенг кўламли ракета ҳужуми уюштирилди. Исроил бунга жавобан Эроннинг ҳаво мудофааси ва ракета ишлаб чиқариш объектларига зарба берди.
2025 йил Доналд Трамп президентликка қайтгач, Эронга нисбатан «максимал босим» сиёсатини тиклади. Шу йили 13 июнда Исроил Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлади. Эрон ракета ва дронлар билан жавоб қайтарди. 21 июнда АҚШ ҳам урушга бевосита қўшилиб, Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги Эрон ядровий объектларига зарбалар берди.
2026 йил бошида Эрондаги иқтисодий инқироз оммавий норозилик намойишларига айланиб кетди. Ҳукумат Ғалаёнларни куч билан бостирди, Трамп эса Эронга ҳарбий аралашув билан таҳдид қилди. 28 феврал куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши яна кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлади. Зарбаларда мамлакат олий раҳбари Али Хоманаий, Ларижоний каби бир қатор етакчилар ҳалок бўлди, Эрон эса Исроил ва минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига ракета ҳамда дронлар билан жавоб қайтарди.
7 апрелда икки ҳафталик сулҳга эришилди. Июн ойида эса Покистон воситачилигида янги келишув имзоланди, бироқ у узоқ давом этмади. Августга келиб жанговар ҳаракатлар қайта бошланди. АҚШ Эрон портларига денгиз блокадасини жорий этди, Эрон эса Ҳормуз бўғози орқали кемалар ҳаракатини чеклади.
2026 йил ноябр ҳолатига кўра, икки мамлакат ўртасида барқарор тинчлик келишуви йўқ. АҚШ блокадаси ва санкциялари амалда, Ҳормуз бўғози эса Теҳрон назоратида. Иккала тараф ҳам урушда Ғалаба қозонганини иддао қилмоқда.
мавзуга оид янгиликлар

АҚШ Эроннинг ҳарбий объектларига янги зарбалар берди
Жаҳон
30.07.2026, 15:30

Эрон АҚШ босимига қўшилган давлатларга нефть билан таҳдид қилди
Жаҳон
24.08.2026, 11:30

АҚШ Ҳормуз бўғозида нефть танкерлари учун яширин коридор ташкил қилди
Жаҳон
20.08.2026, 15:33

Эрон АҚШ ультиматумини рад этди
Жаҳон
17.08.2026, 15:12

АҚШ билан вақтинчалик келишувни қайта тиклаш бўйича ҳеч қандай силжиш йўқ — Эрон
Сиёсат
13.08.2026, 13:37

Колумбия Исроилнинг Голан тепаликларига даъвосини тан олди
Жаҳон
11.08.2026, 15:42
машҳур янгиликлар

Хитой футболининг қулаши
Спорт
04.11.2026, 14:44

Ўзбекистонда онлайн харидорларнинг 70 фоизи ишлатилган товар сотиб олган
Ўзбекистон
04.11.2026, 11:45

Ҳиндистонда йигит AI ёрдамида ўзини ўғирлатди
Жаҳон
02.11.2026, 11:04

Хитойда етим йигитнинг тўйига минглаб нотаниш одамлар келди
Жаҳон
31.10.2026, 12:13

Yandex Go 10 ноябрдан Market витринасини ёпади
Ўзбекистон
06.11.2026, 09:45

Қозоғистонда ёқилғини экспорт қилиш тақиқи узайтирилди
Иқтисодиёт
06.11.2026, 14:48
сўнгги янгиликлар

Нега хорижликлар Ўзбекистонда ўқишни танламоқда?
Таълим
28.11.2026, 13:14

1 декабрдан Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар кучга киради?
Ўзбекистон
28.11.2026, 12:45

Ҳурмуз бўғозидаги ҳужумлар ва Саудия нефть заводларига зарбалар нефть нархини оширди
Иқтисодиёт
28.11.2026, 11:46

Жамол Қошиқчи қотиллиги: Саудия консуллигидаги сирли ўлим
Маданий
27.11.2026, 17:03

Amnesty International: Исроил Ғазодаги аёлларнинг фарзанд кўришига ҳам зарар етказди
Жаҳон
27.11.2026, 16:59

АҚШ демократлари Трамп сиёсатига қарши: Эрон билан урушни тўхтатмоқчи
Жаҳон
27.11.2026, 16:06

Ўзбекистонда 12 йиллик таълимга ўтиладими?
Таълим
27.11.2026, 14:03

Москвада хорижлик меҳнат муҳожирлари учун патент нархи оширилади
Жаҳон
27.11.2026, 11:10

Ўзбекистоннинг экологик лойиҳаси 94 мамлакат орасида биринчи бўлди
Ўзбекистон
26.11.2026, 18:09

Энди сунъий интеллект ўзбек тилида равонроқ сўзлаша олади
Фан-технология
26.11.2026, 16:20

Ўзбекистонда 28 ноябрдан 5 декабргача об-ҳаво қандай бўлади?
Ўзбекистон
26.11.2026, 15:37

Қўштепа канали тайёр: Афғонистон сувни қачон олади?
Сиёсат
26.11.2026, 14:58

Гулнора Каримова иши: Ўзбекистонга қайтарилаётган 252,5 млн доллар нималарга сарфланади?
Иқтисодиёт
26.11.2026, 12:10

Мисрда ёнилғи ташувчи машина ёнди: 31 киши ҳалок бўлди
Жаҳон
26.11.2026, 11:19

Ўзбекистон таэквондочилари Олимпиада йўлланмаси учун курашади
Ўзбекистон
26.11.2026, 09:57

Ўзбекистонликлар қайси давлатларга визасиз бора олади?
Сиёсат
26.11.2026, 08:40

Семипалатинск: СССР 40 йил давомида ўтказган ядро синовлари
Фан-технология
25.11.2026, 17:17

Адолатли судлов ҳуқуқи амалда қандай таъминланмоқда?
Ўзбекистон
25.11.2026, 16:56

Ўзбекистонда Коксаки вируси билан боғлиқ вазият қандай?
Ўзбекистон
25.11.2026, 16:32
машҳур янгиликлар

Хитой футболининг қулаши
Спорт
04.11.2026, 14:44

Ўзбекистонда онлайн харидорларнинг 70 фоизи ишлатилган товар сотиб олган
Ўзбекистон
04.11.2026, 11:45

Ҳиндистонда йигит AI ёрдамида ўзини ўғирлатди
Жаҳон
02.11.2026, 11:04

Хитойда етим йигитнинг тўйига минглаб нотаниш одамлар келди
Жаҳон
31.10.2026, 12:13

Yandex Go 10 ноябрдан Market витринасини ёпади
Ўзбекистон
06.11.2026, 09:45

Қозоғистонда ёқилғини экспорт қилиш тақиқи узайтирилди
Иқтисодиёт
06.11.2026, 14:48
