Магнус Карлсен: Синдарoвнинг натижасини ҳеч ким кутмаганди
Жавоҳир Синдаров рекорд натижа билан етакчилик қилмоқда ва шахмат оламида тарихий старт кўрсатди. Гарри Каспаров ва Магнус Карлсен ҳам унинг ўйинини алоҳида эътироф этишди.
Кипрнинг Пафос шаҳрида шахмат бўйича нуфузли Номзодлар мусобақасининг биринчи давра баҳслари ўз якунига етди. Жавоҳир Синдаров ушбу мусобақада нафақат пешқадамлик қилмоқда, балки дунё шахмати тарихида янги саҳифа очди.
Мусобақанинг 7-турида Жавоҳир Синдаровнинг оқ доналарда Нидерландия вакили Аниш Гирига қарши ўйини дуранг билан якунлади.
Ушбу натижадан сўнг у биринчи давра якунига кўра 6 балл жамғариб, етакчиликни мустаҳкамлади.
Иккинчи ўринда америкалик Фабиано Каруана бўлиб, у 4,5 балл тўплаган. Учинчи ва тўртинчи ўринларни 3,5 баллдан жамғарган Аниш Гири ҳамда Прагнанандҳа Рамешбабу эгаллаб турибди.
Маълумотларга кўра, шу вақтга қадар Номзодлар мусобақаси тарихида ҳеч бир шахматчи биринчи давранинг ўзида 6 балл жамғаришга муваффақ бўлмаган эди. Бу кўрсаткич мусобақа рекорди сифатида қайд этилди.
7 имкониятдан 6 балл олиш Номзодлар мусобақаларининг ҳозирги формати, 2013 йилдан кейинги тарихида қайд этилган энг яхши старт ҳисобланади.
Каспаров ва Карлсен фикрлари
“Ҳозирча ақл бовар қилмас натижа! Муваффақиятли стартдан сўнг ўзига бўлган ишончнинг ошишини эътибордан четда қолдирманг. Сиз инстинктларингизга кўпроқ ишонасиз, бу эса сезги ва натижанинг ижобий уйғунлигини яратади. Рақибларингиз эса сиз билан тўқнашганда ўзларига шубҳа қила бошлайди”.
Гарри Каспаров
“Унинг турнирдаги яширин фаворитлардан бири бўлишини тахмин қилса бўларди, лекин бунчалик кучли стартни – 5 имкониятдан 4,5 балл – рости, ҳеч ким кутмаган эди”.